Кун қаҳрамони

  • 10:04
  • 23,04-2020
  • 233
  • Улашинг

Ражабов Зайниддин Зулфиқорович

 Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси 275-сонли Ички ишлар органлари таянч пункти профилактика инспектори, лейтенант З.Ражабов 1987 йилда Олот туманида туғилган. 2009 йилда Тошкент Давлат педагогика институтининг Миллий истиқлол ғояси ва ҳуқуқшунослик асослари факультетини тамомлаган. Ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини Қоровулбозор тумани ИИБ Жамоат тартибини сақлаш гуруҳи инспектор кинологи лавозимидан  бошлаган қаҳрамонимиз айни хизмат қилаётган лавозимида 2017 йилдан буён ишлаб келаяпти.

Лейтенант З.Ражабов тумандаги «Навбаҳор» маҳалла фуқаролар йиғинининг 2270 нафарга яқин аҳолисига хизмат олиб бормоқда. У ҳар куни  хонадонларда бўлиб, карантин қоидалари, томорқада экин экиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боряпти. Унинг хизмат ҳудудида ўтган ойлар давомида жиноят содир этилмади. Ҳуқуқбузарликлар эса кескин камайди.

— Аҳолимиз кўп миллатли бўлиб, уларнинг ташвишлари ҳам етарли, — дейди “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Худойберди Турдиев. — Зайниддинжон, хушмуомилалиги, фуқаролар кўнглига йўл топа олиши, керак бўлганда қатъиятлилиги боис маҳалладошларининг ишончини қозонди. Шунинг учун ҳамжиҳатлигимиз, ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган. Илгари ҳудудимизда мол ўғрилиги кўп бўларди. Профилактика инспекторининг шижоаткорлиги ва куну тун тиним билмай хизмат олиб бориши туфайли жиноятларнинг илдизига болта урилди. Оила турмуш доирасидаги қўйди-чиқдиларнинг ҳам ўз вақтида олди олинди, ажримлар бўлмади. Ҳозирги синовли кунларни ҳам эсон-омончилик билан ўтказяпмиз. Маҳалламизда икки оила карантинга олинган эди. Худога шукур, улар айни пайтда карантиндан чиқарилди.

Лейтенант З.Ражабов ёш бўлишига қарамай, тажрибали ходим сифатида бошқа хизматдошлари қатори маҳаллаларнинг тинчлик-осойишталигини сақлаш учун самарали фаолият олиб бормоқда.      

Мирзоқул  АҲАДОВ,

“Роstdа” мухбири.

Бухоро вилояти.

Суратда: лейтенант Зайниддин Ражабов хизмат пайтида.