Фарғона бозорларида “зиг-заг” тартиби

  • 15:04
  • 22,04-2020
  • 148
  • Улашинг

Фарғона шаҳридаги марказий деҳқон бозори ва бозор ҳудудидан ташқарида жойлашган озиқ-овқат дўконларида “зиг-заг” усулида савдо қилиш тартиби йўлга қўйилди. Сотувчи ва харидорлар учун масофа сақлашга оид эслатмалар жойлаштирилди, ҳар икки метрга чизиқлар чизилди. Шунингдек, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиладиган барча расталарнинг олдига махсус ҳимоя тўсиқлари ўрнатилди.

Бозорга киришда дезинфекция туннели ва санитария пости ўрнатилган. Бу ерда ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчаниб, зарарсизлантириш ишлари ўтказилгач, бозор ҳудудига киритилмоқда.

– Радиотармоқ орқали аҳолига карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, сотувчилар ва харидорлар ўртасида камида 2 метр масофа сақлаш зарурлиги, сунъий равишда нарх-навонинг ошишишига йўл қўйган тадбиркорларга қатъий чоралар кўрилиши, шунингдек, асоссиз миш-мишлар тарқатмаслик ҳақида тушунчалар бериб борилмоқда, – дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати ходими, катта сержант Шокиржон Бекназаров. – Фуқароларимиз соғлиғини муҳофаза қилиш, коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган бу каби тадбирларда ички ишлар органлари ходимлари ҳам фаол қатнашяпти.

Бозорга кириш жойларида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя этиши, масофа сақлашини назорат қилиб боришмоқда.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Postda” мухбири.

Фарғона вилояти.