Дунёни «титратган» вирус

  • 13:03
  • 26,03-2020
  • 604
  • Улашинг

Коронавирус мавзуси ҳамон «мода»да

Кишилик тарихидан жуда кўп юқумли касалликлар, эпидемиялар фанга маълум. Жаҳон халқлари ўлат, вабо каби қирғинбаротларни ҳам сабр билан енгиб ўтган, чора топган. Бир қатор касалликлар вақт силсиласидан ўтган сайин унга даво топилиб, турли вакциналар ишлаб чиқилган. Бироқ бугунги дунё манзараси коронавирус аталмиш пандемия билан чалкашиб кетди. Жаҳон оммавий ахборот воситаларининг бош мавзуси ҳар куни ушбу «қотил» вирус билан бонг урмоқда. Дунёни титратиб, забтига олган коронавирус мавзуси ҳамон «мода»да.

Хитойлик мутахассислар вирус одамдан одамга ҳаво орқали ўтишини тасдиқлашди. Беморларга хизмат кўсатаётган тиббиёт ходимларининг мазкур вирус билан хасталанганлиги ҳам унинг юқумли эканлигини исботлади.

Айни пайтда вирус билан хасталанган беморлар сони кун сайин ошмоқда. Бугунги кунга келиб у 200 та мамлакатда тарқалди. Дунё бўйича касалланганлар сони эса 417 минг нафардан ошди, 18605 ўлим ҳолати қайд этилди. Айниқса, Италия давлатида ўлим ҳолати бўйича юқори кўрсаткич қайд этилмоқда: 6820 нафардан зиёд инсон «қотил вирус» қурбони бўлди. 108 мингдан зиёд бемор тузалди. Эпидемия кенг тарқалганлиги сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уни пандемия (юқумли касалликнинг бир мамлакат, бир неча мамлакат, қитъа ёки континентда тарқалиши) деб эълон қилди. Афсуски, бу юқумли касаллик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади.

 

Вазият тўғри баҳоланди

Вазият олдиндан тўғри баҳоланиб, Президентимиз топшириғига кўра, махсус комиссия тузилди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан ўтказилган матбуот анжуманида вирусга қарши мамлакатимизда амалга оширилган ишлар, жорий ҳолат, вирусга чалинган фуқаро ва карантинга олинган шахслар ҳамда аниқ режалар айтилди. Жумладан, барча таълим муассасаларида таътил эълон қилинди. Талабалар марказлашган ҳолда уйларига жўнатилди. Ҳар бир ҳудудда ҳокимликлар раҳбарлигида махсус штаблар ташкил этилган. Жаҳоннинг барча мамлакатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари, оммавий тадбирлар, шунингдек, пойтахтимизда жамоат транспорти вақтинча тўхтатилди. Кўплаб корхона ва ташкилотларда ходимлар учун махсус автобуслар ташкил этилди. Эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди. Бунинг учун бюджетдан зарур маблағлар ажратилди.

Давлатимиз раҳбарининг ғамхўр­лик­лари туфайли чет элдаги фуқароларимизни чартер рейслар орқали мамлакатимизга олиб келиш юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, коронавирус пандемияси аниқланган ва тарқалган ҳудудлардан бугунги кунга келиб юзлаб юртдошларимиз махсус чартер рейслар орқали мамлакатимизга барча санитария-­эпидемиология талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда олиб келинди. Улар республика ҳудудларида ташкил этилган тўлиқ карантин талаблари асосида жиҳозланган махсус муассасаларга жойлаштирилди.

 

Ишонч ва самарали чоралар

Коронавируснинг олдини олиш борасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кўрилаётган чора-тадбирлар халқимизга куч ва ишонч бермоқда. Давлатимиз раҳбари раислигида коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида алоҳида топшириқлар берилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари бугунги шароитда саноат корхоналари, тадбиркорлар, экспортёрлардан аниқ ва самарали чоралар кутаётганлигини, шу боис иқтисодиётда ҳисоб-китоб қилинаётган йўқотишлар ўрнини қоплаш учун захира яратиш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлиши зарур эканини таъкидлади.

Шунингдек, ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Президентимиз “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Фармонга биноан, Ўзбекистон Рес­публикаси Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилади. Молия вазирлиги учун биринчи топшириқ, мана шу 10 триллион сўм жамғарма ресурс­ларини тезда шакллантириш белгиланди.

 

Ваҳимага ҳожат йўқ

Тиб илмининг султони Ибн Сино «Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғлиқдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир» деган эди.

Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни тўғри тушунмаган айрим ҳамюртларимиз ваҳимага берилиб, истеъмол маҳсулотларини ғамлашга тушишгани, озиқ-овқат етишмовчилиги ҳақидаги қўрқув пайдо қилгани ачинарли ҳолдир.

Аҳоли ўртасида ваҳима ва саросимага йўл қўймаслик энг устувор йўналишлардан биридир. Шу боис, биз қатъий интизомга риоя қилиб, ўзгаларнинг хатоларидан, тарихда ваҳима сабаб келиб чиққан йўқотиш­лардан керакли хулоса чиқаришимиз зарур. Зотан, халқимизда «Душмандан қўрқма, ваҳимадан қўрқ» деган мақол бежиз айтилмаган.

 

«Меҳр-оқибат бор бўлсин!»

Юртимиз аҳли учун синовли давр бошланган мана шу дамларда «Ётиб қолгунча отиб қол» дегувчи «тадбиркорлар» ҳам орамизда йўқ эмас. Энг ачинарлиси, улар юрт бошига иш тушганда эл дардига дармон бўлиш ўрнига, халқни қийин аҳволга солиб, озиқ-овқат маҳсулотлари, турли дори воситалари ҳамда вирусдан ҳимояланувчи ниқобларни сотиш ёки йўлкира нархларини сунъий равишда ошириш пайида бўлаётир. Бу каби «тадбиркорлар»да ҳалоллик очкўзлик ниқобига айланиб бормоқда. Зеро, Саъдий бобомиз шундай дейди:

Покиза бўлмаса кимнинг қилмиши,

Ҳикмат сўзи билан тузалмас иши.

Аммо мард, танти ва меҳнаткаш халқимиз орасида саховатпеша, ҳалол инсонлар борки, улар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Бошкентимиз бозорларида ҳамда вилоятларда савдо-сотиқ ва харид мақсадида тиббий ниқобларсиз келган барча фуқароларга бозор маъмурияти томонидан ниқоб, стерилланган қўлқоп ва бошқа гигиена воситалари бепул тарқатилмоқда.

Худди шунингдек, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида ҳам бепул тиббий ниқоблар акцияси ўтказилгани ёки Жиззах вилоятидаги новвойхонада «Бизда коронавирус нархга таъсир қилмайди!» деган ёзувлар тўғрисидаги ҳолат акс этган суратлар бирин-кетин ижтимоий тармоқларда тарқалаётганлиги қувончлидир.

Қатъий тартиб ва жавобгарлик

Ҳукумат жамоатчиликни коронавирус бўйича асоссиз маълумот тарқатганларга қатъий чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди. Миллий қонунчилигимизда ваҳима тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги ана шундай ҳаракатларни ўйлаб ёки ўйламай содир қилганларни яна бир бор ҳушёрликка чақиришига умид қиламиз.

Хусусан, аҳоли орасида ваҳима чақиришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 млн. 600 минг сўмдан 89 млн. 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумот ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 млн. 900 минг сўмдан 89 млн. 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, 25 мартдан бошлаб жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (223 минг сўм) миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилади.

Ходим ва ишчилар ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлиши талаб этилди, шунингдек, карантин чораларини бузганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чоралар қўлланилади.

 

«Мен сиз учун ишда қолдим, Сиз биз учун уйда қолинг!»

Қийин вазиятда албатта ташаббус, назорат ва барқарорликни қўлга оладиган қатлам бўлиши лозим. Давлат хизматчилари ва тиббиёт ходимлари ана шундай машаққатга доим тайёр туришибди. Зотан, улар ўз хизмат вазифаларига фидойиларча ёндашиш билан бирга, жамиятда бошқаларга намуна кўрсатиб, юксак ахлоқий фазилатларини намойиш этишмоқда.

Юртимиз аҳли учун шундай синовли даврда ўзининг беминнат хизмати билан халқимиз меҳрини қозонаётган касб эгалари зиммасидаги масъулиятни янада ошириб, ҳар куни, керак бўлса, ҳар дақиқада ибрат кўрсатмоқда. Айни вазиятдан келиб чиқиб, коронавирус инфекциясига чалинган ёки гумон қилинганларга биринчи бўлиб, тиббиёт ходимлари рўбарў келишади. Касбига садоқатли саломатлик посбонлари беморларни тиббий кузатувга олиб, зудлик билан даволаш чораларини кўришмоқда. Мана шундай фидойилик ва қаҳрамонликка дунё халқлари қатори, ватандошларимиз ҳам гувоҳ бўлишмоқда ва эътироф этишмоқда. Шифокорларимиз ва ички ишлар органлари томонидан уюштирилаётган «Мен сиз учун ишда қолдим, сиз мен учун уйда қолинг!» челленжи аҳолининг меҳри ва эътирофига сазовор бўлди. Карантинга олинган беморлар хавфсизлигини таъминлаш, тинчлик ҳамда барқарорликни сақлашда улар бор куч ва ғайратини аямаётир. Юртимизнинг мана шундай фидойилари янада кўпаяверсин!

 

Бернора СОДИҚОВА,

полковник.