Ҳайдовчи нега безовта бўлди?

  • 11:02
  • 28,02-2020
  • 519
  • Улашинг

Мамлакатимизда шу кунларда «Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларининг тарқалишига қарши кураш» тадбири бўлиб ўтмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ва ЖТСБ Кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари ҳам ушбу тадбирда фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 9 февраль куни тахминан соат 16.00 ларда Олмазор тумани «Минерал сувлар» блок пости орқали пойтахтимиз томон ҳаракатланиб келаётган «Дамас» русумли автоулов шубҳали кўрингани боис Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ бригадаси ЙПХ инспектори, катта сержант Б. Ахмедов томонидан тўхтатилади. Автомашина ИИББ ППХ ва ЖТСБ Кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими 2-сонли Кинология хизмати гиёҳвандлик моддаларини қидириб топиш гуруҳи командири, катта сержант З. Ҳасанов томонидан «Пит» лақабли хизмат ити билан холислар иштирокида кўздан кечирилади. Текширув давомида транспорт воситаси магнитоласининг тагидан тўрт дона оқ қоғозга ва бир дона минг сўмлик купюрага ўралган гиёҳвандлик моддасига ўхшаш нарса топилади.

Ушбу ашёвий далил «Дамас» ҳайдовчиси, 1977 йилда туғилган, Учтепа туманида яшовчи П. Э. томонидан олиб келинаётгани маълум бўлди. «Топилма» ИИББ ЭКМ мутахассислари томонидан текширилганида, оғирлиги 3,80 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси эканлиги аниқланган.

Шунингдек, 10 февраль куни тахминан соат 20.50 ларда пойтахтимизнинг «Янги Сирғали» блок пости орқали Тошкент шаҳридан чиқиб кетаётган «Ласетти» русумли автоулов ҳам сергак осо­йишталик посбонларида шубҳа уйғотади. ИИББ ЙҲХБ ЙПХ бригадаси ЙПХ инспектори, сержант Р. Бабишев ушбу автомашина ҳайдовчисига тўхташ ишорасини беради. Катта сержант З. Ҳасанов ўзининг «Пит» лақабли хизмат ити билан автоулов салонини текширишга чоғланганида, ҳайдовчи салонда турган қишки кийимини олиб эгнига киймоқчи бўлади. «Пит» эса у ерда нимадир борлигини сезади.

Шу пайт ҳайдовчининг шериги кўз қараши билан қочиш кераклигига ишора қилади. Буни ўз вақтида пайқаган ЙПХ инспектори ва кинолог ҳайдовчидан ёнида нима борлигини сўраганида, у қоча бош­лайди. Бироқ узоққа кетиб улгурмасидан қўлга олинади. Ушбу фуқаро, яъни 1984 йилда туғилган Самарқанд вилояти Ургут туманида доимий рўйхатда турувчи, вақтинча Чилонзор туманида яшовчи З. Ж. холислар иштирокида текшириб кўрилганда, чўнтагидан сотиш мақсадида олиб кетаётган гиёҳвандлик воситасига ўхшаш ашё топилади. У ИИББ ЭКМ ходимлари томонидан текширилганида, оғирлиги 314,4 грамм бўлган опий гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлади.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ва ЖТСБ Кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари бошқа соҳавий хизматлар вакиллари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ ҳолатларни аниқламоқда. Шу тариқа, заҳри қотилнинг инсонлар ҳаётига рахна солишининг олдини олишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Сарвар СОБИРОВ,

«Postda» мухбири.