Тинчлик – бебаҳо неъмат

  • 20:02
  • 26,02-2020
  • 581
  • Улашинг

Яқин тарихда халқимиз мураккаб ва қийин давр­ларни бошидан кечирди. Айнан ўша даврларда фидойилик, мардлик ва матонат кўрсатган оталар йўли келгуси авлод учун ибрат мактаби бўлиб, шу машаққатли ва шарафли йўл туфайли биз бугунги дориламон кунларга етишдик.

 Шундай синовли даврлардан бири Иккинчи жаҳон урушидир. Инсониятга қирғин келтирган фашизм балосига қарши курашиш учун халқимиз ҳам минг­лаб фарзандларини урушга жўнатди. Минглаб юртдошларимиз жанггоҳларда қурбон бўлди, бугунги ёруғ кунлар учун ўз жонларини фидо этди. Шунингдек, фронт ортидаги аҳоли ўзининг фидокорона меҳнати, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаши билан душман устидан эришилган ғалабага катта ҳисса қўшди.

Қирғинбарот урушдан тирик қайтганлар ҳозирда барчага, айниқса, ёшларга уруш бўлмасин, дея унинг оқибатини эслатиб туради. Таассуфки, вақт – олий ҳакам, борган сари уларнинг қатори тобора сийраклашиб бормоқда.

Иккинчи жаҳон уруши фахрийларидан бири Қорақалпоғистон Республикасида яшаётган истеъфодаги подполковник Нурилла Абдуллаевдир. У киши ўзининг кўп йиллик меҳнат фаолиятини ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида хизмат қилишга бағиш­лаган.

Н. Абдуллаев уруш бошланганда барча қатори жангга отланди. Жанг­гоҳларда у келтирган офатларни ўз кўзи билан кўрди, синовларни бошидан ўтказди…

Урушдан сўнг халқнинг аҳволини яхшилаш, хўжаликлар шароитини қайта тиклаш осон кечмади. Бу даврда жойларда жиноятчилик ва талон-торожлик авжига чиққанди. Шунинг учун Н. Абдуллаев жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида ички ишлар органига хизматга кирди. Кейинчалик ички ишлар органларининг турли соҳавий хизматлари ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот органларида масъул лавозимларда самарали фаолият олиб борди.

Нурилла Абдуллаев тўрт нафар фарзандни тарбиялаб камолга етказган, ўндан ортиқ набиранинг ҳурматли бобосидир.

– Мана шундай тинч-осуда, ҳур замонларни кўриш насиб этганига минг шукур, – дейди Н. Абдуллаев. – Биз босиб ўтган оғир йўллар, уруш ва қийинчиликларни ҳеч қачон фарзандларимиз кўрмасин, чунки уруш сўзи қанчалик совуқ бўлса, унинг ўзи ундан юз маротаба қўрқинчли, оқибатлари аянчлидир. Ўша вақтлари бунга кўп бор гувоҳ бўлдик ва тинчликнинг қадри нақадар беқиёс эканлигини яхши англаймиз. Шу билан бирга, Юртбошимизга, қолаверса, мен ишлаб кетган идораларга бизга кўрсатаётган эътибор ва иззат-ҳурмат учун мингдан-минг раҳматлар айтаман.

Дарҳақиқат, ҳозирда дунёда содир бўлаётган воқеаларни кузатиб борар эканман, юртимизда барқарор таъминланган тинчлик-осойишталикни кўриб, бундай фаровонликка ҳеч қачон кўз тегмасин, дейман.

 

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

«Postda» мухбири.

Қорақалпоғистон Республикаси.