Гулмитдин ота ҳамон ёшлар билан бирга

  • 16:02
  • 12,02-2020
  • 539
  • Улашинг

Фарғона шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши қатнаш­чиси, ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги сержант Гулмитдин Ҳусаинов истиқомат қилади. Отахон бу йил 96 ёшни қаршиламоқда.

Гулмитдин Хусаинов айни кучга тўлган, навқирон йигитлик пайтида Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, суронли жанглардан омон қайтгач, ички ишлар органлари сафига ишга кирган. Унинг фаолияти асосан Фарғона шаҳридаги 10-тергов ҳибсхонаси билан чамбарчас боғлиқ. Ана шу даргоҳда турли вазифаларда меҳнат қилиб, шогирдлар эҳтиромида пенсияга чиққан.

Айни кунларда юз билан юзлашаётган отахон тетик ва бардам. Фахрийнинг хонадони маҳалла ёшлари ва шогирдлари билан доим гавжум. Вилоят ИИБ раҳбарияти, фахрийлар кенгаши ҳам фахрийга мунтазам меҳр ва эътибор кўрсатиб келади.

Қувонарлиси шундаки, Гулмитдин ота ёшлар даврасида бўлишни, уларга ҳаёт сабоқларидан гапириб беришни жуда яхши кўради. Шу сабабли улар билан бўладиган учрашувларга, албатта, боришга ҳаракат қилади. Масалан, отахонинг ўзи ишлаган 10-тергов ҳибс­хонасида ҳам фахрий билан тез-тез учрашувлар ташкил этилади. Истеъфодаги сержант Гулмитдин Ҳусаинов ўзи ишлаган масканга бориб, ҳар сафар тадбирларда иштирок этади.

Таҳликали уруш бўҳронларидан омон қолиб, жанг­гоҳлардан қайтгач, умрини эл-юрт осойишталигини сақлашдек эзгу ва шарафли ишга бағишлаган фахрий билан суҳбатлашсангиз, дилингиз яйрайди. Гулмитдин ота ҳам ўзининг ёшлик дамлари, урушда кўрган-кечирганлари, кейинчалик ички ишлар органларидаги хизмат фаолияти ҳақида гапириб, ёшларни бугунги дориламон кунларга шукрона айтиб, Ватанга ҳалоллик ва садоқат билан хизмат қилишга чақиради.

— Мамлакатимиз Президенти, Ички ишлар вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва ИИБ раҳбарияти бизга катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишяпти, — деди Гулмитдин ота. — Айниқса, вилоят ИИБ раҳбариятидан чексиз мамнунман. Ҳар байрамда ўтказиладиган тадбирларга таклиф қилишади, хонадонимга келиб, ҳолимдан хабар олишади, баҳоли қудрат ёрдам кўрсатишади. Биз кексаларга бундан ортиқ ғамхўрлик ва эътибор бўлмаса керак. Бундан ғурурланиб, тетиклашиб боряпман. Яратилаётган бундай шароитдан кейин жим ўтириб бўладими, маҳаллага чиқиб, ёшларга насиҳат қиламан, ички ишлар органларидаги учрашувларда тажрибаларимдан гапириб бераман.

– Иккинчи жаҳон урушининг тирик афсоналари бўлган фахрийларимиз ғанимат, – дейди вилоят ИИБ фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Араббой Усмонов. – Уларга ҳар қанча ҳурмат-эҳтиром кўрсатсак ҳам кам. Гулмитдин ота ҳам ана шундай қаҳрамонлардан бири. Унинг ўзи бир пайтлар ишлаган даргоҳга келиши, ёшлар билан учрашуви ва айтган панд-насиҳатлари биз учун ҳаётий сабоқ ва муҳим дас­туруламал бўлади.

 

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Postda» мухбири.

Фарғона вилояти.

 

Суратда: Гулмитдин ота Ҳусаинов ёшлар билан учрашувда.