Эл дарди билан яшаётганлар

  • 11:02
  • 11,02-2020
  • 334
  • Улашинг

Сектор раҳбарлари ўз ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларни ҳал этиш билан бирга, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича ҳам зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Бу борада Фарғона вилоятининг Данғара туманида йўлга қўйилган ишлар ҳам алоҳида эътироф этишга арзийди. Хусусан, туман ИИБ бош­лиғи, майор Шерзоджон Аҳмедов бошчилигидаги учинчи сектор ишчи гуруҳи фаолиятидан ҳудуд аҳолиси мамнун бўлмоқда.

Сектор раҳбарининг таъкидлашича, ишчи гуруҳи аъзолари ҳар бир хонадонга кириб, аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш ва имкон даражасида ижобий ҳал этишга ҳаракат қилишмоқда. Масалан, аҳоли мурожаатлари инобатга олиниб, сектор ҳудудидаги газ қувурлари қайтадан таъмирланди, 3 та юқори босимли, 52 та паст босимли газ тарқатиш шохобчалари кўрикдан ўтказилди. Бойбўта, Янгизамон, Катта Минг­лар, Раҳматилло маҳаллалари ҳудудидаги 1641 та хонадон табиий газ тармоғига уланди. Табиий газ билан таъминланмаган ҳудудларга суюлтирилган газ етказиб бериш ишлари қатъий назоратга олиниб, эҳтиёжи бор хонадонларга 129 та янги газ баллони тарқатилди.

Сектор ҳудудида электр таъминотини яхшилаш мақсадида 22 та трансформатор пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди, 2 та янги трансформатор ўрнатилди. Аҳолининг ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларини ижобий ҳал этиш учун эса 4 километрга яқин сув тармоғи тортилди. Катта Аравон қишлоғида битта янги насос ҳамда бошқарув шити ўрнатилди. Худди шунингдек, 2200 метр йўл асфальт қилинди, 4450 метр масофадаги ички йўлларга шағал ётқизилди.

Аҳолини иш билан таъминлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратиляпти. Масалан, 2019 йилда 546 киши ишга жойлаштирилди. 13 нафар фуқаро касбга тайёрлаш ўқув курсларига юборилди, 39 нафарига эса ишсизлик нафақаси тайинланди.

Сектор ҳудудидаги Қизилмушт маҳалласида бир бино кўп йиллардан бери бўш турарди. Айни пайтда сектор ишчи гуруҳи кўмагида ушбу бино ва унинг ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

– Мазкур бино ва у эгаллаган ер майдони кичик саноат зонасига айлантирилса, бу ерда камида 15 та тадбиркорлик субъекти иш бошлаши мумкин, – дейди сектор масъул котиби, туман ИИБ ташкилий бўлинма бошлиғи, майор Адҳамжон Эргашев. – Биз кўзлаган лойиҳалар амалга ошса, 500 га яқин янги иш ўринлари яратилади. Бу шунча қишлоқ одамлари муқим иш ўрнига, даромад манбаига эга бўлади, деганидир.

Данғара туманидаги 3-секторда амалга оширилаётган бу каби хайр­ли ишлар ҳақида кўп ва хўп ёзиш мумкин. Бироқ гапнинг мухтасари шуки, бугун давлат идоралари халқимизга хизмат қилмоқда, раҳбарлар эса эл дарди билан яшамоқда. Бу – энг муҳими!

 

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Postda» мухбири.

Фарғона вилояти.