Довруғи достон генерал

  • 12:02
  • 10,02-2020
  • 727
  • Улашинг

Бу инсоннинг ибратли умр йўли ҳақида бутун бошли китоб ёзса арзийди. Балки, кимдир бундай савобли ишга аллақачон қўл ҳам ургандир. Афсуски, биз газетанинг имкониятидан келиб чиқиб, унинг хизмат фаолиятининг энг масъулиятли даврига бир қур назар ташлаш билан чекланамиз, холос.

Аввало тартиб-интизом

Собиқ иттифоқнинг сўнгги йилларида кучайган жиноятчилик кейинроқ уюшган тус ола бошлади. Мамлакатимиз мус­тақилликка эришгач, уюшган жиноий гуруҳларга қарши муросасиз кураш олиб борилди. Уларнинг аъзолари ҳам, етакчилари ҳам бирин-кетин қўлга олиниб, суд ҳукмига кўра, қилмишига яраша жазосини ола бошлади.

Ана шундай мураккаб бир даврда ИИВ жазони ижро этиш тизимига профессионал кадрлар жуда зарур эди. Йигирма йилдан ошиқ Россия ва Украинада ахлоқ тузатиш ишлари соҳасида хизмат қилиб, бой тажриба тўплаган Ражаб Қодиров буни тушуниб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбариятининг таклифини бажонидил қабул қилди.

У 1991 йил октябрь ойида ИИВ Ахлоқ тузатиш ишлари бошқармаси тергов ҳибсхоналари ва турма бўлими бошлиғи этиб тайинланди. Лавҳамиз қаҳрамонига бунгача Украина Респуб­ликаси ИИВ тизимида айнан шундай лавозимда хизмат қилиб, орттирган тажрибаси жуда қўл келди.

Ишни барча тергов ҳибсхоналарида маҳбуслар учун белгиланган тартиб таъминланишини қатъий назорат қилишдан бошлади. Бунга эришиш учун ходимларга ҳам талабни кучайтирди. Тезкор хизмат кўрсатиш ва тартиботни таъминлаш бўлимига бошчилик қилган йиллари эса очилмай қолган жиноятларни фош этиш йўналишидаги ишларни ҳам кучайтирди.

 

Тўрт оёқли от ҳам қоқилади

Янги лавозимда моҳир ташкилотчилигини, ташаббускорлигини, раҳбарлик салоҳиятини намоён этган полковник Ражаб Қодиров 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У дастлабки кунларданоқ муассасаларда тартиб-интизом ва қонунийликни таъминлаш талабини бўшаштирмаган ҳолда, тарбиявий ишларни тубдан яхшилаш чораларини кўрди.

– Тўрт оёқли от ҳам қоқилади. Фақат жазолаш билан жиноятчиликни камайтириб бўлмайди. Маҳкумлар орасида тушунтириш ишларини шундай ташкил қилингларки, улар хатосини англаб етсин, қайта такрорламасин, – деб уқтирарди у муассаса раҳбарларига. Жазони ижро этиш тизимига Ражаб Қодиров раҳбарлик қилган йиллари муассасаларда кутубхоналар фонди бойитилиб, чинакам зиё масканига айланди. Турли маданий тадбирлар, айниқса «Истеъдод» кўрик-танловларининг таъсирчанлиги ошди. Жойларда кўзга кўринган маданият намояндалари, адиблар билан учрашувлар ташкил этилди. Муассасаларда маҳкумлар ва ходимлар билан ишлайдиган психологлар, руҳий енгилланиш хоналари фаолияти йўлга қўйилди.

Сир эмаски, мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимиздаги аксар жазони ижро этиш муассасаларида белгиланган лимитдан ортиқ маҳкум сақланарди. Бунга чек қўйиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар кўрилди. Жумладан, жиноий жазолар либераллаштирилди. Хусусан, биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг жазо ўташ шароитларини либераллаштириш борасида Президент фармони қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди. Ушбу ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда эса Ражаб Қодировнинг хизмати ниҳоятда катта эди.

Содда тил билан тушунтирадиган бўлсак, биринчи марта қамалганлар мазкур фармонга кўра, муқаддам судланганлардан алоҳида сақланадиган бўлди. Уларнинг мутлоқ кўпчилиги жазони манзил колонияларда ўтай бошлади. Бу эса биринчи марта қамалганларга жазони ўташ даврида оиласи билан яшаш имконини берди.

Энди манзил муассасалар сонини кўпайтириш талаб этиларди. Ана шу даврда қаҳрамонимизнинг ташкилотчилик, бунёдкорлик салоҳияти бор бўйи билан намоён бўлди. Нисбатан қисқа давр ичида ўндан зиёд манзил колония­си янгидан ташкил этилди.

 

Маърифатни қурол қилиб

Машҳур файласуфлардан бири «Табиат бўшлиқдан қўрқади» деган эди. Бу гап табиатдан кўра кўпроқ жамиятга тааллуқли, назаримизда. Чунки жамият ҳаётида маънавий бўшлиқ юзага келса, уни турли бузғунчи ғоялар эгаллашга ҳаракат қилади. Истиқлолнинг дастлабки йилларида шундай вазият юзага келган эди.

Террористик, экстремистик ғояларга муккасидан кетиб, ноқонуний қилмишлар содир этганлиги учун жазо муддатини ўтаётганларни фақат маърифат ёрдамида тўғри йўлга бошлаш мумкинлигини Ражаб Қодиров яхши биларди. Шунинг учун унинг ташаббуси билан Президент девони, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, ушбу тоифадаги ҳар бир маҳкум билан тушунтириш ишлари олиб борилди.

– 2003 йилда Тошкент Ислом университетини битириб, йўлланма билан ИИВ ЖИЭББга келганимда Ражаб Қодиров «Ҳар бир маҳкумнинг тақдири ҳақида ғамхўрлик қилиш, қайғуриш керак. Чунки унинг тақдири ота-онасининг, бола-чақасининг тақдири билан чамбарчас боғлиқ. Этни тирноқдан ажратиб бўлмайди. Шуни унутма», деб тайинлаган эдилар, – дея хотирлайди истеъфодаги генерал-майор Ражаб Қодировнинг шогирдларидан бири ИИВ ЖИЭББ тарбиявий ва ижтимоий-психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Жамшид Султонов.

Хуллас, жаҳолатга қарши маърифатни қурол қилиб, ушбу йўналишда қизғин иш олиб борилди. Бу муҳим жараёнга жойлардаги кўзга кўринган илм-фан, маданият намояндалари, имом-хатиб­лар ҳам жалб қилинди. Аста-секин саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бера бошлади. Ўз хатосини англаб, қатъий тузалиш йўлига ўтган қанчалаб маҳкумлар давлатимиз раҳбарининг амнистия тўғрисидаги фармонларига кўра, муддатидан олдин жазодан озод этилиб, оиласи бағрига қайтди.

Ражаб Қодиров кабинетда ўтирволиб раҳбарлик қилишни ёқтирмасди. У тез-тез жазони ижро этиш колонияларини айланиб, уларнинг фаолиятини ўрганар, аниқлаган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берар, йўл-йўриқлар кўрсатарди. Қаерда ишлаб чиқариш, маданий-маърифий, тарбиявий ишлар ёки маҳкумлар учун шарт-шароитлар намунали тарзда ташкил этилган деб ҳисобласа, уларнинг тажрибасини ўрганиш ва кенг ёйиш учун бошқа колониялар раҳбарларини мазкур муассасада тўпларди.

 

Хориж тажрибасига кенг йўл

Ражаб Қодиров раҳбарлик қилган йиллари бир пайтлар ёпиқ соҳа саналган ИИВ жазони ижро этиш тизими вазирликнинг энг шаффоф тузилмаларидан бирига айланди.
1999 йилдан бошлаб Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили билан яқин ҳамкорлик қилиш йўлга қўйилди. Омбудсман ходимлари деярли барча муассасаларда бўлиб, бир неча бор маҳкумларнинг ҳуқуқлари таъминланишини мониторинг қилишди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Респуб­ликаси Миллий маркази билан ҳам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Халқаро ҳамкорлик борасида ҳам мақтовга арзигулик ишлар амалга оширилди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти экспертлари кўп­лаб жазони ижро этиш муассасаларига ташриф буюрди. Ушбу ташкилотнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори кўмагида тизим ходимлари учун семинарлар ташкил этилди. Ушбу жараёнда ходимларга маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва уларга муомала қилишнинг халқаро меъёрларини ўргатиш учун тизим вакиллари орасидан тренерлар тайёрланди.

Жазони ижро этиш муассасаларига Халқаро Қизил хоч қўмитаси, Европа Иттифоқи делегациялари, турли мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари вакиллари, бир қанча хорижий ахборот агентликларининг мухбирлари ташриф буюрди. «Марказий Осиё турмаларида соғлиқни сақлаш» лойиҳаси доирасида «Халқаро турма ислоҳоти» нодавлат ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик қилинди. Ушбу ташкилот Бош котиби, Буюк Британия парламентининг Лордлар палатаси аъзоси, баронесса Вивьен Стерн Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Бундан ташқари, тизим ходимлари Украина, Россия, Германия, Польша каби давлатларда бўлиб, хориж таж­рибасини ўрганишди. Ана шу саъй-­ҳаракатлар самараси ўлароқ, бугунги кунда маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, улар билан муомала қилиш бўйича халқаро стандартлар ва илғор хориж таж­рибаси жазони ижро этиш амалиётига кенг татбиқ қилинмоқда.

 

Ҳамон сафда

Ражаб Қодиров раҳбарлик фаолияти давомида қўл остидаги бирор ходимнинг ноҳақ бурни қонашига йўл қўймади. Аммо ўзи яхши ишлаганининг бошини силаб, масъулиятсизини, керак бўлганда, жазолади. Ҳозирда унинг ишини шогирдлари муваффақиятли давом эттиряпти. Улардан А. Расулов ва Ш. Усмонов ИИВ ЖИЭББ бошлиғи ўринбосари, Б. Шамсиев ва А. Мажидов жазони ижро этиш муассасаси раҳбари, Б.Мадиёров ИИВ ЖИЭББ Ташкилий бошқармаси бошлиғи. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Кўксини «Дўстлик» ордени безаб турган, Қорақалпоғис­тон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, донғи Россия, Украина каби давлатларга етган генералнинг ўзи ҳам ҳамон сафда. У ИИВ ЖИЭББ етакчи эксперти сифатида ёш ходимларга, керак бўлса, каттароқларига ҳам маслаҳатлар беряпти, йўл-йўриқ кўрсатяпти. Камига уларнинг ҳаққига дуо ҳам қилади.

Ражаб Қодировни байрамларда, таваллуд айёмларида россиялик, украиналик ҳамкасблари, шогирдлари таб­риклаб туришади. Биз ҳам фурсатдан фойдаланиб довруғи достон генералимизни табаррук 75 ёшни қаршилаётгани билан қутлаб, яна узоқ йиллар шогирдлари даврасини тўлдириб, фарзандлари, набираларига бош бўлиб юришини тилаймиз.

 

Бобомурод ТОШЕВ,

«Postda» мухбири.