Ҳаётдаги бахтли лаҳзалар

  • 00:01
  • 12,01-2020
  • 527
  • Улашинг

Юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият даражасига кўтарилган. Қайсидир сабаб билан йиллар давомида Ўзбекистон фуқаролигини ололмаган минглаб одамлар мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар шарофати туфайли Ўзбекистон фуқароси деган шарафга эришмоқда.

Андижон вилояти ҳудудида доимий яшовчи, фуқаролиги бўлмаган 20 нафар шахсга тантанали равишда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг пас­порти топширилди.

Тадбирни Андижон вилояти ИИБ бош­лиғининг маслаҳатчиси, истеъфодаги подполковник Орифжон Йўлдошев очиб, бундай шарафга эришганларни фуқароликка қабул қилингани билан табриклади ва уларга омад, оилавий фаровонлик тилади.

– Сўнгги уч йилда Андижон вилоятида яшаётган 1916 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олди, – дейди вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, подполковник Муҳаммадолим Раҳимов. – Мазкур йўналишдаги ишлар жадал давом этмоқда.

– Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Рес­публикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида»ги фармонида ўз исм-шарифимни ўқиб, бахтиёрликдан кўзларимга ёш келди, – дейди Булоқбоши тумани «Учтепа» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 49 ёшли Тўхтахон Холматова. – Шундан буён ўзимни энг бахтли инсонлардан бири сифатида ҳис қиляпман. Бугун эса Ўзбекистонни ўз Ватани деб, унинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ инсонлар қаторида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортига эга бўлдим. Озод ва обод юртимизда кўп миллатли халқнинг тинч-осойишта яшаши, фуқаролар ўз эзгу ниятларини амалга ошириши учун барча шароитлар яратилган. Бугун ана шундай бағрикенг давлатнинг тенг ҳуқуқли фуқароси бўлганимдан фахрланаман.

– Ёшим олтмишда, – дейди Нуриддин Ўрин­боев. – Қўрғонтепа туманидаги Дардоқ қишлоғида туғилганман. Тақдир тақозоси билан 1987 йилдан 1994 йилгача Қирғизис­тонда яшаб, кейин ўз она юртимга қайтдим. Рафиқам ва фарзандларим билан эл равнақига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётганимиздан ғурурлансам-да, бу ажойиб юртнинг фуқароси бўлмаганим учун кўнглимда кемтиклик сезардим. Мен ҳам бошқалар каби, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлишни орзу қилардим. Шукрки, орзуйимга эришдим – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган муқаддас Ватанимизнинг бугундан эътиборан ҳақиқий фуқароси бўлдим. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, юртимизнинг тараққиёти, халқимиз фаровонлигига ҳалол меҳнатим билан ҳисса қўшишга ваъда бераман.

Борис КЛЕЙМАН,

 «Postda» мухбири.

Б. МАМАЖОНОВ олган суратлар.