Бир йўлда,  бир мақсад сари

  • 13:01
  • 11,01-2020
  • 762
  • Улашинг

Бир соҳада кўп йиллар сидқидилдан хизмат қилиб, вақти келганда, иззат-­икром билан нафақага кузатилганларни кўрганимизда, беихтиёр «Шу кунларга етиш барчамизга насиб этсин», дея ният қиламиз. Негаки, бу даражагача юксак ҳурмат-эътиборга сазовор ҳолда етиб келишнинг ўзи осон эмас.

Оддий инспекторликдан вазирлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимигача бўлган 35 йиллик хизмат йўлида қаҳрамонимизнинг не-не сўқмоқлардан юргани, қанча тўсиқлардан ошиб ўтгани фақат унинг ўзигагина аён. «Бир жойда кўкариб», ўз соҳасининг етук билимдони бўлган, бугун юксак устозлик мақомига эришган истеъфодаги полковник Холматжон Сайдалиевнинг дилдаги гаплари кўпчиликка қизиқ бўлса керак...

 Ота-онамдан миннатдорман

– Пойтахт биқинидаги Тошкент туманида туғилиб ўсганман. Отам жамоа хўжалигида ишлар, онам уй бекаси эди. Қишлоқ мактабида ўқиб, вояга етдим. Мактабни тугатиб, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтига ҳужжат топширдим. Ўшанда яқинда очилган йўл ҳаракатини ташкил қилиш факультетига ўқишга кирдим. 3-курсни битирган кезларимиз Ички ишлар вазирлигидан мутахассислар келиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига номзодларни синовдан ўтказишди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишни битирганимдан кейин йўлланма билан Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ИИБга юборишди. 1985 йили мазкур бўлимда йўл назорати инженери лавозимида дастлабки хизмат фаолиятимни бошладим.

Отам ўзи ўқимаган бўлса-да, ўн нафар фарзанднинг ўқиши, ҳаётда ўз йўлини топишига шароит яратиб берган. Деярли ҳаммамиз олий маълумотли бўлганмиз. Бугун ҳаётда ўз ўрнимни топганим, шу даражага етганим учун, аввало, ота-онамдан миннатдорман.

 Соҳавий хизмат фақат йпх инспекторларидан иборат эмас

– Соҳани фақат кўчаларда турадиган, ҳаракат хавфсизлигини таъминлайдиган ЙПХ инспекторидан иборат, деганлар адашади. Бу тизим кўп тармоқли. Қаерда кўп йўл-транспорт ҳодисаси кузатилади, қаерда транспорт оқими кучли, қаерга йўл белгиларини ўрнатиш керак, буларнинг таҳлилини олиб бориш – ҳамма-ҳаммаси шу соҳа вакиллари хизматининг мундарижасини ташкил этади. Бу гапим билан бошқа соҳавий хизматларни камситмоқчи эмасман. ДЙҲХХ шундай тузилмаки, бунда ходимлар доим халқ билан ишлайди. Инспектор ҳар куни ҳар хил ёшдаги, турли касбдаги ҳайдовчилар билан мулоқот қилишига тўғри келади. Ходим шундай вазиятга ҳар куни дуч келавергач, салкам психолог бўлиб қолади.

 Хизматда туб бурилиш

Қаҳрамонимиз йилдан-йилга тоб­ланиб, мансаб пиллапояларидан кўтарила бошлади. Олмалиқдаги уч йиллик фаолиятидан сўнг Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБда турли лавозимларда хизмат қилди. Сўнгра Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи лавозимида фаолиятини давом эттирди. 2010 йили эса Холматжон Сайдалиев ИИВ ЙҲХББ бошлиғи лавозимига тайинланди.

Мақоламиз қаҳрамони шу лаҳзадан ҳаракат хавфсизлигини таъминлашни кучайтириш ва йўл-транспорт ҳодисалари сонини кескин камайтиришни ўз олдига бош мақсад қилиб олди. Республика миқёсида шу мақсад йўлида кўплаб ишлар амалга оширилди. Соҳага инновацион технологиялар жалб этилди, моддий-техник база яхшиланди. Ходимларнинг билим савиясини ошириш, қонунийликка риоя этилиши бўйича сезиларли ишлар қилинди. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Айтиш лозимки, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида йўл-транспорт ҳодисалари кам содир этилаётган давлатлар қаторида турибди.

– 2016 йилдан кейин бу борадаги саъй-ҳаракатлар янада жадаллашди. Шу йилдан бошлаб ҳозирги пайтгача йўл-транспорт ҳодисалари йилдан-йилга камайиб бораётир. Бунга, албатта, илғор технологиялардан унумли фойдаланилаётгани, моддий-техник таъминотнинг яхши йўлга қўйилгани, энг асосийси, сидқидилдан хизмат қилаётган ходимлар сонининг ортиши эвазига эришилмоқда.

Хизмат давримда олдимга бир мақсад қўйгандим: ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда инсон омилини камайтириш яъни, ҳамма иш, назорат худди ривожланган хорижий давлатлардаги каби замонавий технологиялар орқали бажарилади. Ҳайдовчи ва инспектор ўртасидаги турли муаммоларни йўқотиш, ҳаққонийликни таъминлаш учун 2020 йил 1 январдан бодикамералар жорий этилди. Тез орада маъмурий баённомалар электрон тарзда расмийлаштириладиган бўлади. Шубҳасиз, бу турли сарсонгарчиликлар, коррупция кўринишларининг олдини олишга хизмат қилади.

 ...лекин барибир қоидабузарликлар содир бўляпти

– Шунга қарамай, йўлларда йўл-транспорт ҳодисалари содир бўляпти, одамлар дунёдан бевақт кўз юммоқда, жароҳат олмоқда, дейдиганлар топилади. Тўғри, белгиланмаган жойдан қайрилиб олиш, тезликни меъёридан ошириш, бошқа қоидабузарликларни содир этадиганлар ҳам орамизда учраб туради. Уларнинг ҳаракатини кўриб, булар автомактабларда ўқимаган бўлса керак, деган ўйга борасиз. Аслида, уларнинг кўпчилигини автомактабларда ўқиса-да, йўл ҳаракати қоидаларини уқмаганлар ташкил этади. Яна бир сабаб, баъзи оилаларда яхши тарбиянинг йўқлиги, ота-оналарнинг ўзлари уларга ҳар жиҳатдан «ўрнак» бўлаётганидадир. Машина бошқараётган ота қоидаларни қўпол равишда бузиб, ҳаракатланиш маданиятига риоя қилмаса, буни кўрган фарзанди келгусида унга тақлид қилмайди, дея оламизми? Йўқ. Қуш уясида кўрганини қилади. У ҳам қоидабузар бўлади.

Кўплаб ривожланган хориж давлатларида йўл ҳаракати қоидалари мактабларда фан сифатида ўқитилади. Баъзиларида мактабни битирганда, айримларида битирмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб транспорт воситасини бошқариши мумкин. Бизда ҳам шундай бўлса, йўл ҳаракати қоидалари фан сифатида ўтилса, йўлларда ҳаракатланиш тартибга тушган, турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинган бўларди.

 Раҳбар маданиятли бўлиши керак

– Раҳбар, аввало, маданиятли инсон бўлиши лозим. Қўл остидаги ходимни, унинг айби бўлса-да, кўпчиликнинг ўртасида беобрў қилиш, шаънини оёқости этиш, сўкишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Айби борми, ўзи билан бафуржа гаплаш, муаммоси бўлса, ҳал қилишда ёрдамлашиш лозим. Шунингдек, раҳбар ҳаммани бирдек кўриши, зарур пайти тўғри қарор чиқаришни ҳам билиши керак.

Биласизми, бундан кўп йиллар муқаддам ички ишлар органларида хизмат қиладиган аксарият раҳбарлар ва бошқа ходимларнинг фарзандлари тарбияси ёмон томонга ўзгариб, ҳуқуқбузарликларга аралашиб қолганлари ҳам кузатиларди. Бу нимадан келиб чиққанди? Биринчи навбатда, ходимнинг оила даврасида кам бўлиши, ярим тунда уйига бориб, тонгда яна ишга чиқиб кетиши, фарзанд тарбиясида ўрни йўқолиши оқибати эди бу. Ахир, оилада отанинг ўрни бўлакча. Бундай ҳолатда ҳар қандай раҳбар ходимларига дам бериши, уларнинг оталик бурчини бажаришига шароит яратиб бериши лозим. Фарзандлари ухлаб қолмасдан, уйига бориши зарур. «Дадам қачон келади?», дея кутиб ўтирадиган, бир оғиз ширин сўзимиз, эркалашимизга муҳтож болажонларимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

 Устозга ўлчиган, шогирдлари кўп инсон

– Шогирдларим жуда кўп, баъзиларининг исмини айтиб, шулар менинг шогирдим десам, бошқалари хафа бўлади. Республиканинг ҳамма ҳудудида, турли соҳаларда хизмат қилиб келаётган шогирдларим бисёр. Устозларимга тўхталадиган бўлсам, биринчи устозим соҳанинг сир-асрорларини қаттиққўллик билан ўргатган Ҳусниддин Тошкенбоев бўлади. Ишга энди келган пайтим Ҳусниддин ака Олмалиқ шаҳрида йўл назорати бўлими бошлиғининг ўринбосари эди. У кишидан бир умр миннатдорман. Устозим оламдан ўтиб кетган бўлса-да, ҳозиргача оила аъзолари билан алоқаларимиз узилмаган.

Яна бир устозим Абдуҳаким Қосимовдан ҳам жуда миннатдорман. Ҳозир нафақада, шунга қарамай, маҳалла оқсоқоли сифатида эл хизматида. Ҳар байрамда учрашиб, қўнғироқлашиб турамиз.

 Оила – муқаддас

Турмуш ўртоғим Гулнозахон билан тўрт қиз, бир ўғилни вояга етказдик. Ҳаммаси олий маълумотли, касб-корли бўлишди. Ўн беш неваранинг бобоси ва бувижонимиз. Ўғлим молия тизимида ишлайди. Аллоҳга минг қатла шукур, онасининг саъй-ҳаракати, тарбияси билан фарзандларим эсли-ҳушли бўлиб камолга етди.

 

Фозилжон МАМАШАРИПОВ,
«Postda» мухбири.