«Шанба»ми, «шестница»ми?

  • 12:01
  • 10,01-2020
  • 1962
  • Улашинг

Ёхуд ўзбек тили ростдан ҳам гўзал ва бой тил

Мелис Абзаловнинг «Армон» фильмида машҳур бир ибора бор: «Рус тили бағоят бой тил, «шестница» деса ҳам бўлади «суббота» деса ҳам бўлади, ёзовур, Соатқулов». Ажойиб фильм. Аммо гап бу фильм ҳақида эмас. Гап ўзбек тилининг ҳам «бағоят бой тил» эканлиги тўғрисида боради. Келинг, биз сўзлашувда жуда кўп ишлатадиган, аммо ҳақиқий маъносига кўпда эътибор беравермайдиган айрим сўзларни эсга олиб ўтсак.

«Қуралай». «Қуралай кўз, қуралай, туйнугингдан мўралай...» Эсладингиз-а? "Тошболта ошиқ" спектаклида янграган бу қўшиқ. «Қуралай» – бу кийик ёки оҳунинг боласи.

«Қуюшқон». Отни эгарлаётганда думининг тагидан ўтказиладиган махсус арқон шундай деб аталади. Агар дум қуюшқондан чиқиб кетса, эгар отнинг бўйнига сурилиб кетади.

«Хала». Эшакнинг елкасидаги қора чизиқ. Ўша халага тегинилса, эшакнинг қитиғи келиб, зипиллаб югуришга тушади. Қитиқни келтириш учун ишлатиладиган чўп эса «халачўп» дейилади.

«Хумпар». Ота-боболаримиз бир оз жаҳллари чиқса, кичикларни шунақа деб «сўкиб» қолишади. Аслида «хумпар» – мушукнинг боласи.

«Туллак». Ўзгарувчан, айёр одамларга нисбатан шундай дейилади. «Тулки» сўзидан олинган деб ўйлашингиз мумкин. Лекин бу нотўғри. Маълум бир ёшга етгандан сўнг айрим паррандаю ҳайвонларнинг жуни (пати) тўкилади (туллайди).  Шунинг учун «туллак» дейилади.

«Мегажин». Бу сўз кимларга нисбатан ишлатилишини биласиз. Ёқимсиз бўлгани учун майдалашиш шартмас. Қисқаси, чўчқанинг урғочиси «мегажин» дейиларкан.

«Бир пас». «Кечагина кичкинагина бола эдинг, бир пасда катта йигит бўлиб кетибсан...» Узоқ кўришмаганлар бу гапни кўп гапиришади. Аслида «бир пас» туннинг саккиздан бир қисми, тахминан, бир соатга тенг экан.

«Пихини ёрган». Товуқ боласи – жўжанинг панжалари тепасида ортиқча панжа – пих бўлади. Агар жўжа қичқирса ва пихи ёриб чиққан бўлса, у хўрозга айланган бўлади.

Ҳиндларнинг «Вақт» фильмида икки дўст – икки қуда фақат тортишадилар. Улардан бири доимо шундай жавоб қиларкан: «Сеники нима бўлибди, мана менда...» Реклама ўрнида шуни айтмоқчиманки, юқоридаги ёзганларимиз «нима бўлибди», сиз, яхшиси, Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» китобини топиб, албатта ўқинг, хазина топгандек бўласиз. Ҳайратланиш баробарида ўзбек тилининг қудрати, салобати ва гўзаллигидан фахрланиб кетасиз!

Эркин САТТОРОВ,

postda.uz