Онамдай меҳрибон, отамдай азиз

  • 11:09
  • 30,09-2019
  • 9331
  • Улашинг

Кузнинг шамоллари эсяпти яна, юракни ўртайди ажиб туйғулар, ўтган дамларни-ку, кулиб эслармиз, келажакда кутар бизни нималар?.

Билмасдим ҳаётни, ғамни, ташвишни, ҳатто қувонардим биров қайғурса, ўзимча шод бўлиб ўтган кунимдан, ўмбалоқ ошардим тепаликларда, шунда бари бирдан кетди ўзгариб, ҳаётимда пайдо бўлди бир сиймо, у сабаб танидим оқу қорани, ажрата бошладим дўстни душмандан, йиқилсам меҳр-ла турғазиб қўйиб, мудроқ қалбларимга таратди зиё…

Шу кундан яшашни ўргандим секин, ким кулса қувончи меники бўлди, ногаҳон қайғурса овутдим яна, йиғласа қўшилиб йиғлашим мумкин, ёши катталарга берардим салом, кичикни иним деб бағримга босдим, йўлларда қўшиқлар қилиб хиргойи, ҳар тонг мактаб томон югурдим, шошдим.

Мен ҳали билмасдим, бегона инсон, нега ўқи дея жон куйдиришин, ҳатто тушунмасдим, битта сабоқни эринмай юз марта тушунтиришин, аммо ташлагандим, ҳис этдим аниқ, ўзимнинг энг ёмон одатларимни, ўйлаб ўйларимга етолмасдим лек, бундай меҳрибонлик сабабларини… Ёки кўрганмисиз, ўзи койиб сўнг, йиғлаганингиздан ранжиганини, айтинг, билганмисиз сумкачангизга ширинликлар солиб сийлаганини? Қалбимни ёритар сиз ёққан чироқ, онамдай меҳрибон, отамдай азиз, хатоларим кўриб, куюнган лекин, нега ранжитсам-да койимадингиз?

У Сиз эдингиз-ку, камтар, хокисор, наҳотки, айтмади бу ҳақда ҳеч ким? Шафқатсиз йилларга боримни бердим, юзимни тирнади содиқ дўстларим, мени ўзига энг яқини санаб, жар томон судради ишонганларим, шунда қадрингизга етгандай бўлдим, акс садо берди ўгитларингиз, қалбим меҳр истаб оғринган экан, соғинган эканман Сизни, муаллим!

Буни англашимга кўп фурсат кетди, бугун кўзимда ёш билан эслайман, ҳар тонг отар экан, сабоғингизни, болалик пайтимни, Сизни қўмсайман!

Суҳбат қураяпман сиз билан ёлғиз, дилимдан кечгани ўзимга аён, айтган сўзларингиз бари рост чиқди: яхши-ёмон кунлар яшар ёнма-ён. Анча енгил тортдим, кўнглим исиди, ҳорғин вужудимдан ариди ғашлик, ўзимни кимгадир керак деб билдим, танамга қайтгандай бўляпти ёшлик. Аммо қийнар гоҳи ҳадсиз саволлар, ҳаёт меҳрибонлик қилмади Сиздай, берган саволларим бари жавобсиз, биров юз ўгирса чорлади бири, менимча, яшашнинг мантиғи шунда. Бироқ бугун ором олмоғим тайин, чунки ҳис этяпман меҳрибон тафтни, қадоқ қўлларингиз бағримга босиб… гоҳ дарёдай тошдим, учдим қуюндай, баъзан қушлар каби сайрадим, тиндим, кафтимни дуога очиб сўрайман, Сизга узоқ умр ҳамда сўнмас бахт, қулоқ тутсангиз бас, азиз инсоним, дилимда борини Сизга илиндим.

Боғларга хазонлар тўкилган яна,

Умр ўтишини эслатяпти рост.

Ечим тополмасам муаммоларга,

Сизнинг ёнингизга бораман, Устоз.

 

Танам зирқиради, қалбим қонади,

Сочингизга қўнган қировни санаб,

Улар қора эди ўшанда, аммо –

Ҳарфларни ўқирдим ҳали ҳижжалаб…

Шерзод АБДУСАМАДОВ.