Ҳар ўғлонинг бир қўрғон!

  • 12:09
  • 07,09-2019
  • 930
  • Улашинг

Мамлакатимиз мус­тақиллигининг 28 йиллик тантаналари ИИВ Академиясида қўшалоқ байрамга айланди: истиқлолнинг қутлуғ тўйи билан бирга, эл-юрт осойишталигини сақлашга бел боғлаган, кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, курсантлик шарафига муяссар бўлган ўғил-қизлар тантанали қасамёд қилди.

Тантанали маросимга ташриф буюрган курсантларнинг ота-­оналари ва яқинлари қўлларида гулдасталар билан тадбир бошланишини кутишяпти. Саф майдонида қад рослаган навқирон ёшларга ҳамма ҳавас билан қарашарди. Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Р. Хатамов, Академия раҳбарияти ва бошқа меҳмонлар минбарга кўтарилди. Оркестрнинг тантанавор садоси остида Академия жанговар байроғи саф майдонига олиб кирилди. ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Б. Матлюбов тадбирни очар экан, барчани қўшалоқ байрам билан муборакбод этди. Мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқаришдаги саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирди. Курсантларнинг пухта билим олиб, она Ватанга содиқ, ҳар томонлама етук мутахассис бўлишлари учун таълим муассасасида барча шарт-шароитлар муҳайё эканини таъкидлади.

Курсантлар бирин-кетин сафдан чиқиб, она Ватанга содиқ, хизмат бурчига виждонан ёндашадиган осо­йишталик посбони бўлишга қасамёд қилди. Бу жараёндаги кўнгил кечинмаларини, ғурур, қувонч ва ҳаяжон уйғунлигини она Ватан осойишталигини сақлаш учун қасамёд қилган одамгина чин дилдан ҳис эта олади.

Қасамёд қилаётган курсантлар қалбидаги ана шу туйғулар «Ўзбе­кистон Республикасига садоқат билан хизмат қиламан!» деган жарангдор хитоби орқали бошқалар қалбига ҳам кўчгандек бўлди, гўё. Академияда таҳсил олиш давомида намунали хулқи, аъло баҳоларга ўқиши билан ажралиб турган курсантларга Ички ишлар вазирининг буйруғи билан «Вазир стипендиати» фахрий ёрлиғи топширилди.

Шундан сўнг курсантлар ва уларнинг ота-оналарини табриклаш учун Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Р. Хатамов сўзга чиқиб, барчани мустақиллигимизнинг 28 йиллиги билан муборакбод этди ва мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди. Шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда, қонун устуворлиги, юрт осойишталигини таъминлашга масъул бўлган ички ишлар органларини халқ манфаатларига хизмат қиладиган профессионал тузилмага айлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталди.

Тантанали маросимда ота-оналар ва курсантлар ҳам сўзга чиқиб, ёшларнинг эл-юрт осойишталигини асрашдек муқаддас вазифани сидқидилдан адо этишларида муваффақиятлар тилади.

 Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

«Postda» мухбири.

Суҳроб ШОМАНСУРОВ
олган сурат.