Чорак аср тенгдоши

  • 11:09
  • 07,09-2019
  • 887
  • Улашинг

Инсоннинг йигитлик палласи айни куч-ғайратга тўлган пайти бўлади. Шу кунларда ташкил топганлигининг 25 йиллиги кенг нишонланган Ички ишлар вазирлиги Академия­сини ҳам, таъбир жоиз бўлса, навқирон йигитга қиёслаш мумкин. Ўтган чорак аср мобайнида мазкур таълим муассасаси юртимиз тинчлик-­осойишталигини кўз қорачиғидек асраб-авайлайдиган 18 минг олий юридик маълумотли, 12 мингга яқин сержант ва 800 нафардан ортиқ раҳбар кадрларни етиштириб берди. Ҳозирда улар мамлакатимизнинг турли жойларида таълим масканида олган билим ва кўникмаларини ҳаётга татбиқ этган ҳолда, жонкуярлик билан хизмат олиб бораётир.

Жорий йилнинг 2 сентябрь куни ИИВ Академиясининг Маънавият ва маърифат марказида таълим муассасаси ташкил топганлигининг 25 йиллиги тантанали равишда нишонланди. Тадбирда вазирлик раҳбарияти, соҳавий хизматларнинг раҳбарлари, фахрийлар ҳамда таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар ва курсантлари иштирок этди. Тадбирни ИИВ Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов очиб, барчани мус­тақиллигимизнинг 28 йиллиги билан самимий қутлади.

Шундан сўнг, Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов юртимизда ёшларнинг замонавий билим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши, иқтидорларини рўёбга чиқариши учун барча имкониятлар яратилганлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, ёшлар билан доимий мулоқот олиб бориш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиб, жамиятнинг муносиб аъзосига айланишига кўмаклашиш барча давлат органлари, шулар қаторида, ички ишлар органлари фаолиятининг ҳам асосий мезонига айланганлигини таъкидлади.

– Замон билан ҳамнафас яшаб, элимизнинг осойишталигини сақлайдиган ва жиноятчиликка қарши кураша оладиган профессионал кадрларни тайёрлаш энг муҳим вазифалардан биридир, – деди генерал-лейтенант П. Бобожонов. – Ички ишлар органлари учун замон талабларига жавоб бера оладиган кадрларни тайёрлашда вазирлик Академиясининг ҳам муносиб ўрни бор.

Шу билан бирга, Ички ишлар вазири тизимда ўтказилаётган туб ислоҳотларга ҳам тўхталиб, бу борада ИИВ Академиясида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганлигини мамнуният билан таъкидлади ва таълим муассасаси жамоасини чорак асрлик тўйи билан қизғин муборакбод этди.

Шундан сўнг вазир ўринбосари, полковник Рустам Хатамов мустақиллигимизнинг 28 йиллиги ҳамда ИИВ Академияси ташкил топганлигининг 25 йиллиги муносабати билан таълим муассасасининг ходимларини мукофотлаш тўғрисидаги Ички ишлар вазирининг буйруғини ўқиб эшиттирди. Унга кўра, бир гуруҳ соҳа фидойилари вазирликнинг кўкрак нишони, Фахрий ёрлиқ, эсдалик қўл соатлари, навбатдаги махсус унвон ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунинг­дек, Академия бошлиғининг буйруғига биноан, «Ички ишлар вазирлиги Академиясига 25 йил» эсдалик нишонлари ҳам ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

 

Михли САФАРОВ,

«Рostda» мухбири.