Меҳрли қўллар мудом ёрдамга шай

  • 10:08
  • 31,08-2019
  • 1059
  • Улашинг

Меҳр-мурувват, саховатга йўғрилган хайрли ишлар халқимизга хос юксак инсоний фазилатлардан бири бўлиб, асрлар давомида одамларни ҳамжиҳатлик ва бирдамликка ундаб келмоқда. Ана шу мақсадларга хизмат қилувчи тадбирлар кўламининг тобора кенгайиб бораётгани эса юртимизда инсон ва унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан устун эканлигидан далолатдир.

Муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш имкони бўлган ҳар ким ҳар куни қилиши зарур бўлган эзгу амалдир. Ватанимизнинг энг улуғ, энг азиз айёми – Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами арафасида бу каби тадбирлар янада кўпайган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси томонидан ҳам шундай хайрли тадбир амалга оширилди. Соҳа ходимлари Термиз шаҳрида жойлашган Жўйжангал маҳалласида яшовчи ногирон, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган инсонларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олишди. Шунингдек, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи яна 40 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарога моддий ёрдам кўрсатилиб, байрамона кайфият улашилди.

Шу каби тадбир Фарғона вилоятидаги Миллий гвардия бўлинмаси томонидан ҳам ташкил этилди. Қўқон шаҳрида жойлашган Меҳрибонлик уйига беминнат маънавий ва моддий ёрдам кўрсатилиб, ушбу муассасада яшовчиларнинг ҳолидан хабар олинди.

Дилларга хушнудлик бағишлаган хайр-саховат тадбирлари юртимиз бўйлаб давом этмоқда.