«Ҳаво дарвозаси»нинг ишончли ҳимоячилари

  • 09:07
  • 15,07-2019
  • 1113
  • Улашинг

Сўнгги йилларда юртимиздаги тарихий обидалар, диққатга сазовор жойларни кўриш учун келаётган сайёҳлар сони тобора ортиб бормоқда. Биргина Қорақалпоғистон Республикаси мисолида олиб қарайдиган бўлсак, уларнинг сони уч баробар кўпайганлигини кўриш мумкин. Республика Туризмни ривожлантириш бошқармаси маълумотига кўра, жорий йилнинг олти ойида ҳудудга 8 минг 945 нафар сайёҳ ташриф буюриб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 160 фоизга ошган. Албатта, сайёҳлар оқимининг кўпайиши мамлакатимиздаги транспорт-коммуникация соҳасини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш билан бирга, хавфсизликни таъминлашни ҳам тақозо қилади.

Нукус халқаро аэропорти республикамизнинг шимолий дарвозаларидан бири саналади. Бугунги кунда бу ерда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари қаторида, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари Нукус халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш алоҳида батальони ҳам фаолият олиб бормоқда.

– Батальон фаолиятини ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг юқори ҳарбий-касбий тайёргарлигини янада такомиллаштириш мақсадида ташкилий, жанговар-хизмат, техник-муҳандислик тадбирлари ишлаб чиқилган. Энг муҳими, ҳарбий-касбий тайёргарлик бўйича машғулотлар жанговар ҳолатларга яқинлаштирилган ҳолда олиб борилмоқда, – дейди батальон командири, подполковник Хўжанияз Полвонов. – Бундан ташқари, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатлар ва содир этилиш эҳтимоли бўлган террорчилик, қўпорувчилик ҳаракатларининг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича чоралар ишлаб чиқилган.

– Батальон ҳарбий хизматчилари қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда ўтказилаётган махсус машғулотларда ҳам иштирок этмоқда. Ўқув машғулотлари, машқлар чоғида ҳарбий хизматчиларимиз замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалардан моҳирона фойдаланиш, жанговар вазиятда нафақат ўзини, балки сафдошларини ҳам ҳимоя қилиш, берилган жанговар топшириқни сидқидилдан бажариш, оғир вазиятлардан қисқа фурсатда чиқиб кетиш кўникма ва малакаларини мус­таҳкамламоқда, – дей­ди батальон командирининг ўринбосари – штаб бошлиғи, подполковник Камолиддин Кучаров.

Батальонда ҳафтанинг душанба куни маънавият ва маърифат дарслари, ҳар жума куни «Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни» тадбирлари мунтазам ўтказилади. Ҳафтанинг чоршанба куни эса «Саломатлик куни» доирасида соҳа мутахассислари жалб қилинган ҳолда, ҳарбий хизматчиларга соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик, ортиқча вазндан воз кечиш бўйича тушунча ва маслаҳатлар бериб борилади.

Ҳар чоракда ҳарбий қисмда китоб ярмаркалари ўтказиш йўлга қўйилган. Бунда ҳарбий хизматчилар ўзлари ёқтирган адибларнинг китоб­ларини харид қилиш баробарида, ҳарбий қисм кутубхонаси бойишига ҳам ўз ҳиссаларини қўшишяпти. Бу эса ҳарбий хизматчиларнинг бўш вақтида китоб мутолааси билан шуғулланиб, маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилмоқда.

Ҳарбий хизматчилар ҳаёти билан танишарканмиз, уларнинг яшаш шароити олдинги умумий казарма кўринишидан тубдан фарқ қилишига, барча қулайликларни ўзида мужассам этган замонавий ётоқхоналарга эга эканлигини кўрдик. Бундан ташқари, Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 6 майдаги қарорига кўра, батальонда озиқ-овқат сифатини янада яхшилаш мақсадида
1 июлдан аутсорсинг тизимига тўлиқ ўтказилган. Яъни, бундан буён ҳарбий хизматчиларга малакали ошпазлар томонидан сифатли хизмат кўрсатиляпти.

Яна бир эътиборга молик томони, батальонда Нукус давлат педагогика институти академик лицейи ўқитувчилари муддатли ҳарбий хизматчилар билан математика, физика, тарих, инглиз ва қорақалпоқ тиллари фанларидан қўшимча машғулотлар ўтказиб боради.

– Ўтган йили ИИВ Академия­сига ҳужжат топширган эдим. Афсуски, етарли балл тўплай олмадим. Шу боис ҳарбий хизматга боришни маъқул топ­дим. Ҳозир хизматни ўтаётганимга беш ойдан ошди. Бизга яратилган шароитлар яхши, жанговар тайёргарлик билан бир қаторда, лицей ўқитувчилари 5 кун давомида дарс ўтиб, келгуси йил қабул жараёнигача билимимизни мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда. Ниятим – шу ерда намунали хизмат ўтаб, тавсия­номага эга бўлиш ва ҳарбий олий ўқув юртига кириш, – дейди оддий аскар У. Давлетов.

– Ҳарбий қисмимизнинг жанговар шайлиги ва салоҳиятини янада ошириш мақсадида мавжуд ҳарбий техникалар учун барча қулайликларга эга автомобиль парки, ёқилғи-мой маҳсулотлари омборхонаси ҳамда ёқилғи қуйиш шохобчасининг қурилиши якунланиш арафасида, – дейди батальон командирининг таъминот бўйича ўринбосари, подполковник Жамшид Ибрагимов. – Шу билан бирга, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари мактабларга бориб келишида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун автобус ажратилган.

Ташриф жараёнида батальонда барча зарур қулайлик ва имкониятлар мавжудлиги, жанговар тайёргарлик, ташкилий ишлар ва хавфсизлик масалалари яхши йўлга қўйилганини кўрдик. Бу – ҳарбий хизматчилар ўз зиммасидаги вазифалардан келиб чиққан ҳолда, хавфсизликни ишончли таъминлашидан далолатдир.

 

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

«Postda» мухбири.

Қорақалпоғистон Республикаси.