Инновацион технологиялар—ютуқлар омили

  • 15:06
  • 12,06-2019
  • 1490
  • Улашинг

Тошкент ҳарбий округининг «Чирчиқ» полигонида «Ҳеч бир ижобий ғоя эътибордан четда қолмайди» шиори остида «TECHNO DISCOVERY — 2019» фестивали бўлиб ўтди.

Тадбирда ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7801-ҳарбий қисм ҳам «Қўрғон» замонавий техник қўриқлаш воситаси ҳамда «Нишон 5/15» компьютерлаштирилган дала ўқ отиш мажмуаси билан иштирок этди. Мазкур ихтиролар ҳарбий қисмларда хизмат самарадорлигини оширишда ҳарбий хизматчиларга қатор қулайликлар яратади. Масалан, «Қўрғон» техник қўриқлаш воситаси ўта муҳим объектларни техник қўриқлаш воситалари билан жиҳозлашда алоҳида аҳамият касб этади. Бу қурилма    32 тагача алоқа тармоғини ўз ичига олади. Қолаверса, «Қўрғон» орқали ҳудудларга ўрнатилган кузатув камераларини масофадан туриб бошқариш имконини беради.

— Ўқ отиш машғулотларида «Нишон 5/15» мажмуасининг қулайликлари кўп, — дейди ҳарбий қисм катта техниги, катта сержант Исроил Шайназаров. — Масалан, жанговар ўқ отиш машғулотларида қўлбола нишонлардан фойдаланилган. «Нишон 5/15» эса отилган ўқнинг мўлжалга теккан-тегмаганини автоматик тарзда аниқлайди ва ҳарбий хизматчининг маҳоратини баҳолайди. Қолаверса, ҳар қандай иқлим шароитига мўлжалланган бўлиб, автоном электр энергияси орқали қувватланади. Бир марта тўлдирилган қувват билан тўрт-беш соатгача фойдаланиш имконияти мавжуд.

Фестиваль якунида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, генерал-майор Баҳодир Қурбонов ихтиролари билан кўпчиликнинг эътиборини қозонган ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвон ва эсдалик совғаларини топширди. ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7801-ҳарбий қисм катта техниги, катта сержант Исроил Шайназаров ҳам фестивалда истиқболли лойиҳалар билан фаол иштирок этгани учун диплом билан тақдирланди.

                                                                                                                                    Дилшод ОЧИЛОВ,

  майор.