Озодлик қадрини улардан сўранг...

  • 11:09
  • 09,09-2019
  • 1092
  • Улашинг

Аксар инсонлар хаста бўлмай туриб соғлиқнинг, озодликдан маҳрум этилмай туриб эркинликнинг қадрига етмайди. Ҳаёт сўқмоқларида қоқилиб, колонияда жазо муддатини ўтаётганлар, энг аввало, «Озодликка чиқсам» деган орзу билан яшайди. Шу истак билан тонгни бедор қаршилайди. Хуллас, кун санаб, тунлари ўтади. Инсон эрки, озодлик қадрини улардан сўранг...

– Бу ерга келганимга тўққиз ой бўлди, – дейди маҳкум Б. Бахтиёр. – Илгари қанақа бўлган билмадим-у, аммо ҳозир жазо муддатини ўтаётганларга муносабат яхши. Муассасада инсон қадр-қимматини ўрнига қўйишади, зарур пайтда маънавий-руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб туришибди. Фақат оилам бағрида, фарзандларим ёнида эмаслигим юрагимни эзади...

Шу пайт жазони ижро этиш колониясининг тарбиявий ишлар бўлими бошлиғи, ма­йор Асрор Ражабов суҳбатга қўшилди:

– Бу киши моҳир уста, токарликда унга етадигани йўқ. Шу боис ҳозир касб сирларини ёшларга ҳам ўргатяпти.

Дарҳақиқат, колонияда «уста-шогирд» анъанаси яхши йўлга қўйилган. Дурадгорлик, электр пайвандчилик, қурувчилик ёки бошқа бирор касбни чуқур биладиган маҳкумлар ўз ҳунарларини бошқаларга ҳам ўргатади.

– Раҳматли отамнинг қистови билан ёшлигимда устага шогирд тушиб, ҳунар эгаллагандим. Айни дамда ана шу ҳунарим менга асқат­япти. Бу ерда бекор ўтирсанг вақт ўтмайди. Қолаверса, «Ҳунари борнинг – қадри бор» деганлари тўғри экан. Ҳозир металлни қайта ишлаш цехида ишлаяпман. Дастгоҳларнинг ишдан чиққан қисмини тузатиб, таъмирлайман. Шогирдим Шаҳзодга ҳам ишимни ўргатяпман. Ўзи ҳам меҳнаткаш, уқувли йигит. Озодликка чиққандан сўнг ҳалол ишлаб, пул топиб, оиласига таянч бўлишида бу ерда эгаллаган касби-кори қўл келса ажабмас, – дейди Б. Бахтиёр.

Шаҳзод яқинда йигирма ёшга тўлади. Айтишича, отаси билан акаси автоҳалокатда ҳаётдан кўз юмган.

 – У оилавий шароит сабаб ўрта мактабни тугата олмаган. Сентябрдан колониямизда ўқишни давом эттириши мумкин, – деди майор
А. Ражабов. – Муассасамизда кечки мактаб ташкил этилган бўлиб, унда вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан тасдиқланган махсус режа асосида дарс ўтилади. Айни пайтда 14 нафар маҳкумнинг кечки мактабда таълим олиши режалаштирилган.

Маълумки, жорий йилнинг 29 январида Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг «Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш бў­йича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. А. Ражабовнинг айтишича, ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоят «Ҳунарманд» уюшмаси билан ҳамкорликда колонияда «Уста-шогирд» мактаби фаолияти йўлга қўйилган. Жумладан, «NAVOIY EXPORT» давлат унитар корхонасида йиғилиш ўтказилиб, унда вилоят «Ҳунарманд» уюшмаси усталари колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар орасидан касб-ҳунарга эга, иқтидорли, билимли, маҳоратли уста маҳкумларни танлаб, бирор-бир касб-ҳунарга эга бўлмаган, аммо ҳунармандчиликка қизиқадиган ёшларга устоз сифатида масъул этиб бириктирилиши бўйича таклиф киритишди. Айни вақтда 4 нафар уста-ҳунарманд маҳкумга
20 нафар шогирд бириктирилган. Металлга қайта ишлов бериш ҳамда ёғоч ўймакорлиги йўналиш­лари бўйича уларни ўқитиш ишлари йўлга қўйилган.

Маҳкум Э. Аслиддиннинг колонияга келганига бир йил бўлибди. Уни уста ҳайкалтарош деб таништиришди.

– Бу касбга қизиқиш отамдан ўтган, – дейди Аслиддин самимият билан. – Мактабда ўқиб юрган кезларимда шу соҳага қизиқиб қолганман. Ҳатто коллежда ўқиб юрган давримда пулдан қийналганимда у-бу нарса ясаб, сотиб бир-икки сўм топган пайтларим ҳам бўлган.

– Масалан, нима ясагансиз?

– Турли ўйинчоқлар...

Айтишларича, колонияда у буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур бюстини яратишга муваффақ бўлган. Бундан ташқари, қўли гул уста томонидан байрам тадбирлари учун ишланган декорациялар барчага маъқул бўлмоқда. Халқимиз топиб айтганидек, ҳунарли инсон хор бўлмас. Аслиддин ҳамда у каби ҳунарманд, маҳоратли инсонлар қаерда бўлмасин, ҳурмат-эътибор топаверади. Гарчи ўзининг хатоси туфайли озодликдан маҳрум этилган бўлса-да, улар вақтини зое ўтказишмаяпти. Ҳаётининг ҳар лаҳзасини меҳнат билан безаб, мазмунли ўтказишга ўзларида куч ва матонат топа олган, энг муҳими, ҳунарини ёшларга қунт билан ўргатиб келаётган моҳир ҳунарманд­лар, ўз касбининг усталари сифатида назарга тушган.

Мазкур колонияда тарбиявий аҳамиятга эга турли қизиқарли тадбирлар тез-тез ўтказиб турилади.

– Айниқса, вилоят Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда диний идоралар вакиллари иштирокида ўтказилаётган учрашувлар ва давра суҳбатлар маҳкумларда катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди колония бошлиғи, подполковник Суннат Дўсбоев. – Чунончи, юртимизда диний бағрикенглик ғояси асосида амалга оширилаётган ишларнинг самараси, экстремизм ва терроризмнинг ёшлар келажагига таҳдиди ҳамда уларнинг олдини олиш чора-тадбирларига бағиш­ланган давра суҳбатлари шулар жумласидан. Бу каби тарғибот тадбирларига муқаддам озодликдан маҳрум этилиб, жазо муддатини ўтаб чиққандан сўнг жамиятда ўз ўрнини топган, ҳозирда бахт­ли ҳаёт кечираётган фуқаролар таклиф қилинаётгани маҳкумларда ижобий таассурот қолдирмоқда.

Анъанавий «Истеъдод» танлови ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга. Маҳкумлар ўртасида ҳар йили ўтказиб келинаётган бу тадбир катта байрамга айланиб кетади. Юрт меҳри, оила шарафи, ҳаёт завқи, инсоний қадр-қиммат улуғланадиган ушбу танлов жараёнида санъат соҳаси ва адабиёт йўналишида фаол иштирок этганлар аниқланиб, рағбатлантирилади.

– Санъат инсонни тарбиялайди. Жазо муддатини ўтаётганлар орасида санъат, адабиёт ихлосмандлари кўп. Куй-қўшиқ ижро этиб ёки актёрлик маҳорати бўйи­ча танловда иштирок этган маҳкумларнинг маҳоратига қойил қолмай иложингиз йўқ, – дейди подполковник С. Дўсбоев.

Ҳаёт – улуғ неъмат. Умрини қандай ўтказиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Кўпни кўрган донишларимиз айтганидек, баъзан ҳаётда тўрт оёқли от ҳам қоқилади. Муҳими – яна оёққа туриш. Турли инсонлар, турфа тақдирлар билан учраштирган колониядан қайтарканман, йўл-йўлакай ана шулар ҳақида ўйладим...

 

Нигора РАҲИМОВА,

«Postda» мухбири.

Навоий вилояти.