Ҳарбий хизматчилар уйли бўлди

  • 10:07
  • 15,07-2019
  • 998
  • Улашинг

Жиззах шаҳридаги Обод маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари учун бунёд этилган турар жойлар ўз эгаларига топширилди. Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз борди.

Замонавий меъморчилик талаб­лари асосида барпо этилган ва барча қулайликларга эга бўлган хонадонлар ҳарбий хизматчиларга узоқ муддатли имтиёзли кредитлар асосида берилди. Беш қаватли уй қурилиши учун 4 миллиард 145 миллион сўм маблағ сарфланди.

– Сафдошлари қаторида ўғлим Сирожиддин Қурбонов ҳам уйли бўлди. Ўғлим, келиним ва уч нафар набирамнинг шодлигига шерик бўлиш учун Қашқадарёдан келдим. Фарзанд­ларимизга бу каби имкониятларни яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз. Ўғлим ва уларнинг хизматдошлари ўз бурчини сидқидилдан уддалаши ва кўрсатилган ғамхўрликка муносиб бўлишига ишонаман, – дейди шаҳрисабз­лик 66 ёшли Саодат Боқиева.

Тадбир сўнгида турар жой биноси қурилишида фаоллик кўрсатган қурувчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Postda» мухбири.

Жиззах вилояти.