Янгиланаётган таълим муассасаси

  • 12:08
  • 31,08-2019
  • 1152
  • Улашинг

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «янгича ва мус­тақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди». Бу борада юртимиздаги барча олий таълим муассасаларидаги каби, ИИВ Академиясида ҳам ёшларнинг ҳар томонлама чуқур билим олишлари учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Жумладан, курсант ва тингловчиларимизнинг фуқаролик позицияси ва фаоллигини кучайтириш, уларни мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган баркамол шахслар этиб тарбиялаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ташкил этилганлигининг 25 йиллигини нишонлаётган ушбу масканда ўтган чорак аср мобайнида ички ишлар органлари учун 18 мингга яқин олий юридик маълумотга эга мутахассис, 800 дан ортиқ раҳбар кадрлар тайёрланди. Шунинг­дек, 2005–2017 йилларда 12 мингга яқин мутахассис Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсларини тамомлади. Сўнгги уч йилда Академиянинг олий ўқув юртидан кейинги таълим факультетида мутахассис кадрлардан 36 нафари фан доктори (PhD – 22, DSc – 14 нафар) илмий даражасига эга бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори Академия фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш учун ҳуқуқий асос бўлди.

Ушбу қарор асосида Академиянинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан, замонавий бинолар қуриш, мавжудларини тубдан таъмирлаш, ён-атрофдаги ҳудудни ободонлаштириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда. Хусусан, саф майдони, ўқув бинолари, замонавий аудиториялар, ётоқхоналар, курсантлар ошхонаси тубдан янгиланди. Курсантлар учун қатор ижтимоий-маиший бинолар барпо этилди.

Маълумки, мудофаа ва хавфсизлик тузилмалари таълим муассасаларида саф майдони ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, уларнинг маънавий юксалишида алоҳида аҳамият касб этади. Саф майдонида, энг аввало, тингловчи ва курсантларнинг хотирасидан бир умр ўчмайдиган тантанали маросимлар ўтказилади. Академия курсантлари ва тингловчилари сафига қабул қилиш, қасамёд қилиш, битирув маросимлари, миллий байрамларимизга бағишланган тантанали тадбирлар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, таълим муассасасида тингловчи ва курсантларнинг ҳар бир куни саф майдонида Давлат мадҳия­сини куйлаш билан бошланади. Шунингдек, бу майдонда Ватанни мадҳ этувчи саф қўшиқлари куйланади. Ўқиш ва хизматда ўрнак бўлганлар, турли даражадаги мусобақалар, кўрик-танловлар ва республика фан олимпиадаларининг ғолиблари тантанали равишда тақдирланади.

Саф майдонининг шукуҳи, салобати ва маҳобатини янада ошириш, миллий ғурур ва ифтихор муҳитини яратиш мақсадида минбарнинг икки қанотига буюк саркардаларимиз ва улуғ мутафаккирларимизнинг сиймолари тасвирланган бюстлар ўрнатилган. Бу ерга кириб келган ҳар бир тингловчи, курсант ва офицер бу буюк алломаларнинг нафаси ва руҳини ҳис этади. Она юртимизда туғилиб камолга етган буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар ўзларининг илмий ва маънавий мероси билан ҳозирги кунда ҳам башариятга хизмат қилиб келаётганлиги, шубҳасиз, улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Шунингдек, Маънавият ва маърифат маркази, спорт мажмуаси, ёпиқ сув ҳавзаси, бирданига 2000 нафар курсантга хизмат кўрсатадиган замонавий ошхона, Академиянинг асосий ўқув биноси каби кўплаб иншоотлар қайта қурилди, бирданига 1500 нафар ўқувчига сифатли хизмат кўрсата оладиган ахборот-ресурс маркази янгитдан қурилди, кенг кўламда ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Бундан 22 йил олдин таъмирланган ўқув биноси ва ундаги маъруза заллари ўрнида тубдан янгиланган ва бутунлай замонавий 3 та 100–150 ўринга ва 1 та 280 ўринга, 1 та 250 ўринга мўлжалланган ўқитишнинг техник воситалари, ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган маъруза заллари фойдаланишга топширилиши ўқув-тарбия жараёни сифатини тубдан ошириши шубҳасиз. Креатив ёндашув асосидаги бундай маъруза залларида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга оид касбий сир-асрорларни ўргатишга мўлжалланган фанлар бўйича таъсирчан, назарий ва амалий аҳамиятга эга маърузалар ўқилади, маҳорат дарслари ташкил этилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусларни Академиянинг ижтимоий, маънавий-маърифий кундалик фаолиятига самарали татбиқ этишда, тингловчи ва курсантларимизнинг касбий, маънавий салоҳиятини ва жисмоний тайёргарлигини юксалтиришда мазкур таълим муассасасининг бугунги тубдан янгиланиб, мустаҳкамланиб бораётган моддий салоҳияти муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, 2019 йилнинг сентябрида қуриб битказилиши режалаштирилган замонавий Ахборот-ресурс маркази Академия ёшларининг замонавий илмий тафаккурини юксалтиришга, қолаверса, Ўзбекистон фани имижини янада юксакка кўтаришга хизмат қилади.

Ахборот-ресурс маркази давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси электрон ресурс­лар базасига уланади. Шунингдек, бошқа кутубхоналар ахборот-кутубхона ресурсларидан ўзаро фойдаланишни таъминлайди ва улар билан ҳамкорликни амалга оширади, шунингдек, йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади. Бу эса нафақат Академия ёшларининг касбий ва маънавий савиясини оширишга ҳамда соҳа илм-фани билан шуғулланишга туртки беради.

Мамнуният билан таъкид­лаш жоизки, халқаро ва миллий таж­рибани ҳамда кутубхонадан фойдаланувчиларнинг, энг аввало, курсант ва тингловчиларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, қироатхона залларининг ихтисослашуви ва жойлашиши такомиллаштирилди. Ихтисослаштирилган электрон кутубхонанинг тўлиқ матнли электрон ресурсларни ўз ичига олган электрон каталоги орқали маълумотлардан ички ва узоқ масофадан туриб фойдаланишда тезкор излаш имкониятини таъминловчи кутубхона жараёнларини автоматлаштириш тизими жорий этилади. Бу етакчи хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда кутубхона ходимларининг малакасини оширишни ҳам назарда тутади.

Маълумотларни қидириш ва олиш учун визуал ва виртуал ахборот тақдим этган ҳолда интерфаол ахборот воситалари, актив панеллар ва мониторлар орқали кутубхона фойдаланувчиларини хабардор қилишнинг замонавий тизими ўрнатилади. Махсус ва умумий қироатхона ҳамда бадиий адабиётлардан фойдаланиш зали, мультимедиа технологиялари зали ташкил этилади. Барча залларда интернет тармоғидан фойдаланиш таъминланади. Конференц-заллар фаолият кўрсатади. Бу Академиянинг Ахборот-ресурс маркази биносида ҳуқуқ-тартиботнинг белгиланган талабларига риоя этиб, халқаро ва республика миқёсидаги конференциялар ўтказилишига ҳам қулайлик ва шароит яратади.

Академия Ахборот-ресурс маркази биносининг қуйи қаватида замонавий жиҳозланган, босма маҳсулот тайёрлашга, яъни дарсликлар, ўқув адабиётлари, газета ва журналлар, буклетлар чоп этишга мўлжалланган полиграфик марказ фаолият кўрсатади.

2018 йилнинг декабрида Маънавият ва маърифат марказининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлайдиган маҳобатли бино янги намунада бунёд этилганини алоҳида қайд этиш керак. Академиянинг Маънавият ва маърифат маркази таркибида курсант ва тингловчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшадиган Академия музейи ташкил этилди. Энг асосийси, Академиянинг Маънавият ва маърифат маркази Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олдимизга қўйилган улкан вазифаларни амалга оширишда биз учун куч-қудрат манбаи бўладиган миллий ғояни ривожлантириш вазифасини самарали бажаришга хизмат қилади.

Академия музейида ўқув машғулотлари ўтказиш ҳам назарда тутилганки, бу курсант ва тингловчиларимизнинг қалбига Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат, элу юрт тақдирига дахлдорлик, адолатпарварлик каби эзгу ҳис-туйғуларни сингдиришга ёрдам беради. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаб­бусдан бири — ёшларни маданият, санъатга қизиқтириш, уларнинг ижодий иқтидорини юзага чиқариш мақсадида Академиянинг Маънавият ва маърифат маркази қошида курсантлардан ташкил топган бадиий ҳаваскорлик тўгараги фаолияти йўлга қўйилган.

«Авесто»да «Ўмон овқатланган халқ на яхши, кучли ишловчиларга ва на соғлом, бақувват болаларга эга бўлади. ...Ўмон овқатланишдан одоб-ахлоқ ҳам айниб кетади. Агар нон мўл-кўл бўлса, муқаддас сўзлар ҳам яхши қабул қилинади», деган фикр­га дуч келамиз. Демак, овқатланишни тўғри ташкил этиш билан соғлом авлод тарбия­си, иқтисодий ва маданий, маънавий юксалиш ўртасида ўзаро узвий боғлиқлик мавжуд экан. Академияда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Таълим муассасасида 2000 ўринга мўлжалланган, барча қулайликларга эга замонавий ошхона тубдан янгиланди. Ошхона заллари қишин-ёзин мўътадил ҳароратни таъминловчи воситалар билан жиҳозланган. Дастурхонга ёшларнинг баркамол ўсишига имкон берувчи таомлар тортилади. Илгари битта столда 10–12 киши cиқилиб овқатланган бўлса, эндиликда столлар 4 ўринга мўлжалланган.

Қадрдон Академиямиз жамоаси ҳақли равишда фахрланадиган йўналишлардан бири спорт йўналишидир. Академияда бўлажак кадрларининг жисмоний тайёргарлигига, уларни мард, жасур, довюрак бўлишига жиддий эътибор қаратилади. Бугун Академияда спортни янада оммалаштириш, ушбу соҳадаги иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедрасида самбо, жанговар самбо ва дюздо, қўл жанги ва эркин кураш, хизмат кўпкураши ва енгил атлетика, футбол, волейбол каби секциялар мунтазам ишлаши учун спорт мажмуаси тубдан модернизация қилинди. Ўхшаши бўлмаган ёпиқ сув ҳавзаси қурилди. Бу тингловчи ва курсантларнинг сузиш сир-асрорларини ўрганишига ва уларнинг жисмонан чиниқишларига хизмат қилади.

Ҳозирги кунда Академияда илғор хорижий мамлакатлар турдош таълим муассасалари, айниқса, Хитой, Россия ва Туркия давлатлари амалиётидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида илм-фан ютуқлари, инновацион техник воситалардан кенг фойдаланишни назарда тутувчи ўқув жараёнини ташкил этишга устуворлик берилади. Бу борада мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Ситуацион полигон ҳамда Моделяция ва симуляция марказини ташкил этиш ҳам назарда тутилмоқда.

2017–2019 йиллар мобайнида амалга оширилган ишлар Академияда таълим-тарбия сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди. Лекин билим маскани жамоаси эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмоқчи эмас. Шиддаткор замон, техника асри Академияда таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш, профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қиладиган яна бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни тақозо этади. Жумладан, видеоконференцалоқа тизими орқали таълим жараёнига маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларидаги тажрибали мутахассисларни жалб этиш ҳамда тўлиқ платформадаги масофадан ўқитиш тизимини кенг жорий этиш режалаштириляпти. Келгусида ўқув жараёни сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ўқув аудиторияларидаги машғулотларни онлайн назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув воситалари билан жиҳозланган инновацион ўқув-бошқарув маркази барпо этилади.

Курсантларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда касбга садоқат, хизмат бурчига масъулиятли бўлиш фазилатларини янада кучайтириш мақсадида Академияни тамомлаб, хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлганларга бағишлаб «Хотира майдони» бунёд қилинади. Таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни жорий қилиш, инновацион ўқитиш усулларидан кенг фойдаланиш имкониятларини яратиш мақсадида Академиянинг моддий-техника базасини энг сўнгги ахборот-коммуникация технологиялари билан бойитилади.

Доно халқимизда «Тўйга тўёна билан» деган пурмаъно нақл бор. Ушбу нақлга амал қилган аҳил жамоамизнинг юқоридаги саъй-ҳаракатларининг барчаси ИИВ Академияси ташкил этилганлигининг 25 йиллик юбилейини муносиб кутиб олиш мақсадини ҳам кўзлайди. Бу ишлар тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий қисми сифатида ички ишлар органлари учун малакали, профессионал, Ватанини чин юракдан севадиган, унинг осойишталиги йўлида жонидан ҳам кечадиган, ҳалол ва адолатпарвар кадрларни тайёрлашга қаратилгандир. Академия раҳбарияти ва шахсий таркиби ушбу эзгу мақсад йўлида бор-куч ғайратини, билим ва салоҳиятини аямайди. Зеро, таълим муассасамизнинг чорак асрлик тўйини нишонлаш – бу нафақат ўтмишга назар ташлаб, эришилган ютуқлар ва амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, балки келгусидаги долзарб, масъулиятли вазифаларни белгилаб олиш ҳам демакдир.

Бир сўз билан айтганда, ИИВ Академияси ташкил этилганининг 25 йиллиги арафасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари Академия шахсий таркиби учун қулайликлар яратиши ҳамда машғулотларнинг юқори савияда, илғор педагогик ва интерактив усуллар асосида олиб боришга имкон беради. Шу билан бирга, курсант ва тингловчиларнинг интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириши ҳамда ўз билими, истеъдодию иқтидори билан Ватанимизга содиқ хизмат қиладиган кадрлар бўлиб етишишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Шариф ҚОБИЛОВ,

полковник.