Барханлар бағридаги дур

  • 10:07
  • 08,07-2019
  • 990
  • Улашинг

Истиқлол шарофати билан Қорақалпоғистон Республикасини ҳам дунё танимоқда. Юртбошимиз қорақалпоқ халқининг меҳнатсеварлиги, тантилиги ва тарихига таъриф бераркан, бу замин нафақат имкониятларга бой, балки жуда катта тарихни ўзида қамраб олганини ҳам алоҳида таъкидлаганди.

Ҳақиқатан ҳам бу заминдан қанчадан-қанча елкаси ерга тегмаган полвонлар, олим ва ижодкорлар, санъаткор ҳамда алломалар етишиб чиққан. Қорақалпоқ халқининг маънавияти ва маданияти ҳам минг йилликларни ўзига жо этган. Бугунги кунда халқнинг ўтмиши ва маданий меросини ҳақли равишда дунё афкор оммаси ўрганаётгани бежиз эмас. Зеро, ҳар бир миллат ва элатнинг ким ва қандайлигини бугун қилаётган ишлари-ю, ўтмиши ҳамда маданияти орқали кашф этиш энг тўғри йўлдир.

Қорақалпоғистонга ташриф буюраётган ҳар қандай сайёҳ Нукус шаҳрида жойлашган Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Респуб­ликаси давлат санъат музейини кўрмасдан кетмайди. Дунё халқлари эъти­борини тортган бу улкан хазина бир пайтлар асоссиз равишда қатағонга учраб, одамларни бебаҳо бойликдан бебаҳра қилганди. Аммо олтин ҳеч қачон зангламас экан. Мустақиллик туфайли бугун музей эшиклари қайта очилиб, дунё халқлари уни кенг ўрганмоқда.

Ана шундай бебаҳо хазинани бизга ҳадя этган Игорь Савицкий ким эди, деган ҳақли савол туғилиши табиий. У бутун ҳаётини илм-фан ва санъатга, хусусан, қорақалпоқ халқининг тарихи, маданиятини тадқиқ этишга бағишлаган фидойи инсон бўлган. Игорь Савицкий 1915 йилда Киев шаҳрида туғилиб, болалигидан рассомликка қизиққан ва тасвирий санъат йўналишида бир қанча таълим масканларида ўқиган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида у ўқиётган Суриков номидаги рассомлик институти Самарқанд шаҳрига кўчирилган.

Шу тариқа юртимизга келган бўлажак олим унинг бой тарихи ва маданий меросига қизиқиб қолади. Орадан вақт ўтиб, уруш тугагач, ўз юртига қайтиб кетади. Аммо Ўзбекис­тонга бўлган қизиқиш унга тинчлик бермайди. Шу боис бироз муддат ўтиб, ортига қайтади, аниқроғи, Қорақалпоғистонга келади. Дастлаб Хоразм археологик-этнографик экспедициясида, кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистондаги филиалида ишлайди.

Игорь Савицкий қорақалпоқларнинг йўқолиб кетиш арафасидаги халқ амалий санъатини ўрганиб, уни сақлаб қолишга киришади. Шу сабабли, эринмасдан туман ва овулларда юриб, кўплаб тарихий аҳамиятга эга бўлган заргарлик, уй-рўзғор буюмлари, миллий либосларни тўплайди. Шунингдек, бу жараёнда тасвирий санъатни ҳам унутмайди: қорақалпоқ элининг тарихий обидалари, табиат манзаралари, халқнинг турмуш-тарзини рангтасвир асарларида муҳрлайди. Кейинроқ эса, яъни
1966 йилда ўзи тўплаган асарлари – осори атиқалар учун алоҳида музей ташкил қилади ҳамда уни бойитишга киришади.

Адабиёт ва санъат социалистик реализм йўналишига қаратилган ўша даврда тасвирий санъатдаги авангард йўналиши ҳам шўролар таъқибига учраб, Игорь Савицкийни «халқ душмани» дея айблашади. Шунга қарамай, изланувчан олим ўз йўлидан қайтмай, рассомлар ҳамда уларнинг давомчиларини қидириб, яратган асарларини топади, кўргазмаларда намойиш этади. Натижада минг­лаб рус авангард ва поставангард асарлар тўпламини тайёрлашга эришади.

Заҳматли меҳнат ҳеч қачон зое кетмаган. Игорь Савицкий эришган натижалар ва йиққан коллекциялар у вафот этгандан бир йил ке­йин, яъни 1985 йилда тан олинади ҳамда ушбу музейга унинг номи берилади. Таъкидлаш ўринлики, собиқ тузум даврида мазкур музей минглаб тасвирий санъат асарларининг сақлаб қолинишига мустаҳкам бошпана вазифасини ўтаган. Респуб­ликамиз мустақиллиги шарофати ила «ёпиқ» деб ҳисобланган Нукус шаҳрининг эшиклари нафақат юртимиз, балки дунё халқлари учун ҳам очилди. Нисбатан четроқда, барханлар бағридан ўрин олган ушбу музей нодир ва бебаҳо асарларга иккинчи ҳаёт бағишлаш баробарида, барча миллат вакилларини тарих ҳамда маданиятдан баҳраманд этиши жиҳатидан дунёдаги номдор шаҳарлардан ўзиб кетганини бугун ҳеч ким инкор этолмайди.

Истиқлол халқимизга ҳар бир нарсани ўз номи билан аташга имкон берди. Ана шу даврга келиб мазкур санъат маскани ва уни халқимизга туҳфа қилган Игорь Савицкийга бўлган муносабат тубдан ўзгарди; у  тўплаган ҳар бир асар ноёб дурдона сифатида қадрланмоқда, 2002 йилда эса Игорь Савицкий давлатимиз томонидан «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.

Гап барханлар бағридаги дур ҳақида бораркан, яқин-яқинларгача бу ерда сақланаётган осори атиқаларнинг атиги уч фоизинигина намойиш этиш имкони бор эди. Чунки қачонлардир қурилган бино талаб даражасида эмасди. Давлатимиз бу масалага жиддий эътибор қаратиб, махсус лойиҳа бўйича салкам эллик миллиард сўм маблағ сарфлаб, музейнинг уч қаватли иккита янги биносини бунёд этди.

Айни пайтда янги бинода кўргазмалар павильони, экспонатларни сақлаш заллари, реставрация устахоналари жойлашган бўлиб, барчаси ҳаво ҳароратини сақловчи махсус ускуналар билан жиҳозланган.

Барханлар бағрида жойлашган дур ва унда сақланаётган экспонатлар ҳақида эндиликда жуда кўп фикрлар билдирилмоқда. Масалан, «Нью-Йорк таймс», «Крис­чен сайенс монитор», «Гардиан», «Либерасьон», «Фигаро», «Маршрут» каби газеталар шулар жумласидандир.

Ёки Германия, Франция, Италия, АҚШ, Испания сингари ўнлаб давлатларда музей ҳақидаги кўргазмаларнинг ташкил этилгани унинг обрўйини янада ошириш ҳамда бош­қа халқларни баҳраманд қилишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Буюк Британиядаги нашрлардан бири эса сайёҳлар бориб кўриши лозим бўлган дунёдаги шаҳарлар қаторида Нукус шаҳрида жойлашган Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейини алоҳида қайд этиб ўтган.

Ҳа, буларнинг барчасига ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ: замирида меҳнат, халқимизга хос бағрикенглик ва энг муҳими, мустақилликнинг бетакрор неъматлари мужассам. Таъкидлаш керакки, Игорь Савицкий номидаги музей халқимиз учун, айниқса, қорақалпоғистонликлар учун янги очилган қўриқдир. Чунки бу замин қанчадан-қанча авлодларни кўрмаган, улар қолдирган меросларнинг гувоҳи бўлмаган, дейсиз. Демак, юртни қайта кашф этиш, унинг ҳали ўрганилмаган осори атиқаларидан дунё халқларини баҳраманд қилиш ишлари бу жойдаги изланувчилар нигоҳи ва заҳматли хизматларидан четда қолмаслигига барча халқлар умид боғлаши шубҳасиз. Зеро, изланиш ва ташаббус кўрсатиш даврида яшаяпмиз!..

 

PS: Газета саҳифаланаётган пайтда Шарқ халқлари санъати давлат музейи бош директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Тигран Мкртичев Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейи директори лавозими учун ўтказилган халқаро кўрик-танлов ғолиби бўлганлиги ҳақида хабар олдик.

— Аввало, ушбу лавозим улкан масъулият ва катта меҳнат талаб қилишини таъкидлаб ўтмоқчиман, — дейди Тигран Мкртичев. — Тақдимотим давомида баён этилган барча ғояларнинг рўёбга чиқарилишида музей жамоаси ва мамлакат раҳбарияти, шунингдек, бутун дунёдаги ҳамкасбларим мендан ўз кўмакларини аямайди, деган умиддаман. Ахир Савицкий музейи нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун бир инсоният маданий бойлигининг бир қисмидир.

 

Абдусами ҲАҚБЕРДИЕВ,

ўз мухбиримиз.