Нафс қутқуси

  • 09:08
  • 21,08-2019
  • 1162
  • Улашинг

Бугун мамлакатимизнинг узоқ ва яқин хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб, янги босқичга кўтарилмоқда. Табиийки, миграция жараёни ҳам кучайиб, юртдошларимизнинг чет давлатларга чиқиши ортиб бор­япти. Аммо айрим нопок кимсалар бундан ғаразли мақсадда фойдаланиб, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларга қўл урмоқда. Қуйидаги воқеа тафсилотлари одам савдоси жабрдийдалари – кимларгадир алданиб, мўмай даромад топиш илинжида чет элларда сарсон-саргардон бўлган айрим юртдошларимизнинг аянчли қисмати ҳақида.

Икки ойдирки, урганчлик Ўткирнинг (исм-шарифлар ўзгартирилди) на юришида, на туришида ҳаловат бор. Ўғилларини ўша дўзах азобига ташлаб келганидан буён эзилади, ўртанади. Ўзини қўярга жой тополмай, имкон излайди. Нима қилсин, қочишдан бошқа чорасини тополмади. Уйга қайтса, ўғиллари ва улар билан кетган тўққиз нафар йигитни қутқармоқчи эди...

Ўткир қўли гул қурувчи. Ғишт теришда унга тенг келадигани топилмайди. Ўғиллари Дилшод ва Элшод ҳам ота касбини яхшигина ўрганиб олган. Уларга иш кўп, даромадлари ҳам чакки эмас. Аммо Ўткир катта тўй-томоша қилиб, ўғилларини уйлантиришни, маҳалладошлари олдида ғурурланиб юришни истайди. Топаётган даромади орзу-умидларини рўёбга чиқаришга камлик қилади. Мана, ҳамқишлоғи Турғун туппа-тузук ишини ташлаб, ўзга юртга кетди. У ерда уч ой ишладими, ишламадими, яхшигина даромад билан қайтди. Орадан кўп ўтмай қишлоқдошларидан ўн нафарини ўзи билан ишлагани олиб кетди. Айтишларича, улар ойига 1000 АҚШ доллари атрофида маош олармиш. Ана омад, мана даромад. Шундай ширин хаёллар оғушида ғишт териб юрган Ўткирнинг ёнига нотаниш бир йигит келиб қолди.

– Акажон, кўпдан буён ишингизни ҳавас билан кузатаман, – дея гап бошлади ўзини Собир дея таништирган йигит. – Биласиз, ҳозир замон ўзгариб кетди. Одамлар пул топиш ниятида дунёнинг нариги чеккасида ҳам меҳнат қиляпти. Яхшигина даромад топяпти. Россияда танишларим бор. Яқинда улардан бири қўнғироқ қилиб, бизга ишнинг кўзини биладиган уста йигитлар керак, деди. Сиздай усталардан 10–15 нафари бўлса, ўша ёққа юборардим. Ойлик маоши ишингизга қараб 1000 долларгача.

Ўткирнинг юраги ҳапқириб кетди:

– Наҳотки шунча ҳақ тўлашса?

– Сиз бундан ҳам кўпроғига лойиқсиз. Агар таклифим маъқул бўлса, қўнғироқ қилинг, ёрдам бераман.

Собир телефон рақами ёзилган ташриф қоғозини Ўткирга берди-да, хайрлашганича кетди.

Бу суҳбатдан сўнг Ўткирнинг қўли ишга бормай қолди. Хаёлида ҳали йўқ ишдан қанча даромад қилишини чамалай бош­лади: «Ўғилларим билан бирга ишласам, бир йилда данғиллама иморат қурардим, яп-янги машина сотиб олардим, фарзандларимнинг тў­йини қилардим...»

Ширин хаёллар билан уйга қайт­ган Ўткир бу гапни хотинига айтди. Салимага турмуш ўртоғининг таклифи ёқмади.

– Отаси, шукур қилинг. Топишингиз ёмон эмас.

Хотинининг эътирозидан асабийлашган Ўткир ҳовлига чиқиб, тоза ҳавода бироз ўтирмоқчи бўлди. Шу пайт уни йўқлаб, дўсти Назар келиб қолди. Ўткир дилидагини унга айтди. Бекорчиликдан сиқилиб юрган Назарга бу таклиф мойдек ёқиб тушди.

– Тўғри ўйлабсан, дўстим. Агар гапинг рост бўлса, бир йилда яхшигина пул ишлаб топамиз. Хавотир олма, уста йигитлардан қанча керак бўлса, ўзим топаман.

Орадан икки кун ўтгач, Назар тўққиз йигитни Ўткирнинг уйига бош­лаб келди. Улар билан суҳбатлашган Ўткир дарҳол Собирга қўнғироқ қилди.

Хуллас, сафарга тайёргарлик узоққа чўзилмади. Собир бош­чилигида йўлга чиққан йигитлар тўрт кун деганда манзилга етиб борди. Уларни пўрим кийинган, хушмуомала рус йигитлари кутиб олишди ва ўрмондаги дала ҳовлига жойлаштиришди.

– Бугун шу ерда тунайсизлар, – деди Собир хотиржамлик билан. – Эртага иш жойингизга олиб боришади. Паспортларингиз ҳозирча менда туради.

Йигитлар билан хайрлашган Собир ташқарига чиқди ва мезбонлар билан қаёққадир кетди.

Эртасига йигитларни ишга олиб кетишди. Узоқ йўл юришгач, тоққа етиб келишди.

– Биз бу ерда қимматбаҳо тош­ларни қазиб оламиз, – дея гап бошлади ўзини иш бошқарувчи дея таништирган йигит. – Бу ишлар фақат қўл кучи ёрдамида амалга оширилади. Шундай экан, яхшироқ ишлашингиз керак!

– Бизни қурилишда ишлайсизлар, деб олиб келишганди. Нега бошқа иш таклиф қиляпсиз, ойлик маошимиз... – Ўткирнинг гапи оғзида қолди.

– Қанақа иш ҳақи?! – дўқ урди иш бошқарувчи. – Биз аллақачон Собир билан ҳисоб-китоб қилганмиз. Шунинг учун бу масалада менинг бошимни қотирманглар. Иш тартибига келсак, эрталабки саккиздан кечқурунги саккизгача. Яхши ишласангиз, беш-олти ойдан сўнг уйингизга рухсат берамиз. Гапимга кирмаганларни жазолайман!

Бу гапларни эшитган йигитларни қўрқув босди. Ўткирнинг эса қўли мушт бўлиб тугилди.

Шундан сўнг азобли кунлар бошланди. Йигитлар эрталабдан кечгача тош қўпоришар, бир нафас ҳам тиним билишмасди. Кун бўйи тер тўкиб ишлашгач, зўрға овқатланиб, қотиб ухлаб қолишарди.

Кунларнинг бирида Ўткир билан Назар пинҳона режа тузишди ва бу ердан қочиб, йигитларни қутқармоқчи бўлишди. Аммо шаҳарга олиб борувчи йўлни топа олишмади. Иш бошқарувчининг одамлари уларни ушлаб олиб, роса кал­таклашди.

Эрталаб ишга чиққан Ўткир жаҳл билан болғани тошга урди-ю, тўсатдан бақириб юборди. Ҳамма дарҳол ёрдамга югурди. Чап оёғи тош тагида қолиб синганди. Иш бошқарувчи уни қишлоқ касалхонасига олиб борди. Бир неча кун шифокорлар назоратида бўлган Ўткирнинг энди ишлай олмаслигига кўзи етган иш бошқарувчи унга фуқаролик пас­портини бериб кўздан ғойиб бўлди. У касалхонада рус миллатига мансуб бўлган кекса отахон билан танишиб қолди ва унга кўнглини ёзди. Ўткирнинг аҳволига ачинган отахон унга пул бериб, уйига етиб олишига ёрдамлашди.

Минг бир азоб-уқубатни бошидан кечирган Ўткир ниҳоят уйига қайтди. Собирни бир ҳафта излади, аммо тополмади. Сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилди.

Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида Собир қўлга олинди ва қилмишига яраша жиноий жавобгарликка тортилди. Ўзга юртда сарсон-саргардон бўлиб юрган йигитлар соғ-саломат уйларига қайтиб келишди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Postda» мухбири.