Фуқаролар манфаатини кўзлаб

  • 11:07
  • 08,07-2019
  • 987
  • Улашинг

Наманган шаҳар ИИОФМБ бошлиғи, подполковник Авазбек Хўжахонов раҳбарлик қилаётган 3-секторга ҳудуддаги 27 та маҳалла фуқаролар йиғини биркитилган. Сектор мутасаддиларининг ташаббус ва саъй-ҳаракатлари туфайли ушбу маҳаллалар аҳолисининг турмуш тарзи, фуқароларни қийнаб келаётган масалалар чуқур ўрганилиб, аниқланаётган муаммоларга барҳам берилмоқда. Бу, албатта, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу кунгача Олвализор, Бобуршоҳ, Обиҳаёт, Шодлик, Зарафшон, Байналмилал, Илғор, Диёр, Алпомиш каби маҳаллалар фуқаролари иштирокида ўтказилган сайёр қабулларда аҳоли мурожаатларининг аксарият қисми, аниқроғи,
1753 таси шу жойнинг ўзида, корхона ва ташкилотлар ҳамкорлигида ечим топди. Қолаверса, сектор ишчи гуруҳи фуқаролар билан мулоқот жараёнида аниқланган ижтимоий масалаларни бартараф этиш баробарида, уларнинг вужудга келиш сабабларини ҳам таҳлил этиб, зарур чора-тадбирларни кўраётгани мақсадга эришишда асосий омил бўлмоқда.

– Ичимлик суви таъминоти 4685 нафар фуқаро истиқомат қилаётган маҳалламиз аҳлининг салкам олтмиш йиллик орзуси эди, – дейди «Марғилон» маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоли Аҳмаджон Турсунов. – Ўтган асрнинг 60-йилларида тортилган қувурлар бирор марта таъмирланмагани сабабли ичимлик суви келмай қўйганди. Бу ҳақда кўп йиллар давомида тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик. Аммо натижа чиқмагач, ҳафсаламиз пир бўлди. Жорий йилнинг май ойида сектор ишчи гуруҳи маҳалламизга келиб, уйма-уй юриш жараёнида фуқаролардан тушаётган мурожаатлар қаторида ичимлик суви муаммосига ҳам эътибор қаратди. Сектордагиларнинг қўллаб-қувватлаши туфайли бир ҳафта ичида 2,5 километрлик узунликдаги қувурлар янгисига алмаштирилди. Бундан барча миннатдор.

Аҳмаджон Турсуновнинг таъкид­лашича, сектор ишчи гуруҳининг бевосита амалий ёрдами билан шу маҳаллада яшовчи олти кишига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Вақтинчалик ишсиз тўққиз нафар фуқаро касб-ҳунарга ўргатилиб, доимий иш билан таъминланди.

Шу сингари Бобуршоҳ ва Мажнунтол маҳаллаларидаги бир нечта таъмирталаб кўчаларга асфальт қопламалари ётқизилиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Ишчи гуруҳнинг дои­мий эътибори туфайли тиббиёт соҳаси билан боғлиқ кўплаб муаммолар ўз ўрнида ҳал этилаётгани фуқароларнинг эртанги кунга ишончини оширмоқда. Зарбдор маҳалласида яшовчи Ёқубжон Каримбоевнинг фикрлари бунга яққол мисолдир.

– Бир неча йилдан бери юрак хуружи безовта қилади, – дейди у. – Оиладаги моддий қийинчиликлар туфайли даволанишга имконият топа олмаётган эдим. Маҳалламизда ўтган сайёр қабулда муаммоимни айтгандим, шу куниёқ шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими билан боғланиб, бепул даволанишимга шароит яратиб беришди. Учинчи сектордагиларга минг раҳмат, шифохонада даволаниб чиққанимдан буён аҳволим яхши, яқинда ишга киришни ният қилиб турибман...

Сектор раҳбарияти тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга, уларга етарли шароитлар яратиб беришга эътиборни кучайтиришган. Хусусан, йилнинг ўтган даврида ана шу масалалар бўйича ҳудудда яшовчилар томонидан 2383 кишидан мурожаатлар тушганди: ҳар бирининг бизнес режаси чуқур таҳлил қилингандан сўнг сектор раҳбарининг тавсияномасига кўра, 794 нафар фуқарога 9,49 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Айни пайтда яна
1434 кишига имконият яратиб бериш чоралари кўриляпти.

Дарвоқе, кредит маблағларининг мақсадли ишлатилаётгани ҳам ишчи гуруҳ зиммасидаги муҳим вазифалардан биридир. Тартибли назорат шакллантирилгани натижасида маҳаллаларнинг ҳар бирида кичик ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилган, гузарлар қошида эса ёшлар спорт секциялари фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу спорт маж­муаларига шаҳар
ИИОФМБ ходимлари биркитилган. Улар ҳафтада уч кун ёшларга спортнинг қўл жанги, бокс, кураш ва каратэ турларини ўргатишади.

Маҳалла гузарлари қошида ўндан ортиқ тўгаракларнинг фаолият олиб бораётгани нафақат ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтишини таъминлаяпти, балки касб-ҳунарга йўналтиришда ҳам асосий ўрин тутмоқда. Муҳими, ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар мутлақо барҳам топди.

Сектор ишчи гуруҳининг аниқ мақсадга йўналтирилган фаолияти натижасида жорий йилнинг ўтган даврида умумий жиноятчилик
60 фоизга, жумладан, ўғрилик
85,4, фирибгарлик 75,6, безорилик 75 фоизга камайди.

Ҳудудда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан ибрат олса арзийди. Ишчи гуруҳ ҳудуддаги ҳар бир хонадонга бирма-бир кириш жараёнида, аввало, уй бекалари, қизларнинг бандлигига қизиқди. Таҳлиллар эса 29 фоиз хотин-қизлар бандлиги таъминланмаганини кўрсатди. Шу боис шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази билан келишилган ҳолда, ҳар бир маҳаллада меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, хотин-қизларнинг асосий қисми доимий ишга жалб қилинди. Касби йўқ ёки ҳунари бугунги кун талабига жавоб бермайдиган хотин-қизлар ўқув марказларига жойлаштирилди ва ихтисосликларга йўналтирилди.

Бугун улар янги ихтисосликларни ўзлаштириб, ҳам ўзига, ҳам жамиятга нафи тегаётганидан, ҳунарли бўлганидан хурсанд. Эътиборлиси, ана шу хотин-қизлар орасидан тўрт нафари инновацион ғоялар билан чиқиб, кўпларни ҳайратлантирди. Улар яратаётган истеъмол буюмлари ўз харидорларини топган.

Наманган шаҳар ИИОФМБ ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда қатор ижобий натижаларни қўлга киритмоқда. Буни, аввало, аҳоли орасига чуқур кириб борилаётгани, ички ишлар органлари фуқароларнинг ҳақиқий таянчига, яқин кўмакдошига айланганининг самараси сифатида баҳолаш жоиздир.

Абдусами ҲАҚБЕРДИЕВ,

ўз мухбиримиз.

Наманган вилояти.