Яратилаётган имконият ёшларга қанот

  • 16:09
  • 03,09-2019
  • 1073
  • Улашинг

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 февралдаги «Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ соҳа ходимларининг фарзандлари учун бир қатор имтиёзлар яратиб берилди. Устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органлари ходимлари фарзандларининг давлат олий таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитасининг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсиянома (тақдимнома) бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Эндиликда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандларига давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари олий таълим муассасалари бакалавриатига (иккинчи таълимдан ташқари) кириш учун уч фоиз, ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун эса курсантлар (ўқувчилар)ни қабул қилишнинг умумий сонидан беш фоизли квота ажратилди. Бу ҳам ёшларимизнинг ёруғ келажаги йўлида ташланган муҳим қадам бўлди. Чунончи, жорий ўқув йилида фақат ИИВ Академиясининг ўзига жами 38 нафар ўғил-қиз имтиёз асосида ўқишга қабул қилинди.

– Юртимиз равнақи ва истиқболи бугунги авлоднинг таълим-тарбиясига боғлиқ, – дейди подполковник Зебинисо Абдугаппарова. – Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори тарихий аҳамиятга эга бўлди. Соҳадаги ҳизматларим эътиборга олиниб, ўғлим Улуғбекжон Ички ишлар вазирлигининг тақдимномаси билан Академияга қабул қилинди.

Айтиш керакки, сўнгги йилларда ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини тизимли йўлга қўйиш долзарб аҳамият касб этаётган эди. Мазкур қарор билан ички ишлар органларининг шаҳодатланган ходимлари, терроризм, жиноятчиликка карши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган ходимларнинг фарзандлари Ички ишлар вазирининг тавсияномаси асосида белгиланган кабул квоталаридан ташқари, давлат гранти асосида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига кириш имтиҳонларисиз қабул қилиниши белгиланди.

– Отам Салоҳиддин Бекмуродов 2000 йил Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида содир этилган террорчилик ҳаракатлари вақтида ҳалок бўлган, — дейди курсант Жалолиддин Элмуродов. — Гарчи, отамни кўрмаган бўлсам-да, болалигимдан отамнинг шарафли ҳаёт йўлига ҳавас қилганман. Вафотидан кейин «Жасорат» медали билан тақдирлангани ҳаммамизга ғурур бағишлади. Онам икки қиз ва бир ўғилни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказди. Опаларим ҳам яқинда отамнинг касбини давом эттиришмоқда. Қувонарлиси, мен ҳам ИИВ Академияси курсантлари сафига қабул қилиндим. Президентимизнинг биз, ёшларга кўрсатаётган ғамхўрликлари натижасида имтиёз билан ўқишга кирганимни алоҳида таъкидламоқчиман. Шуни ишонч билан айтаманки, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ва юксак эътиборни муносиб оқлаб, юртимизнинг равнақи йўлида хизмат қиламиз...

Жамшид ХОЛОВ,

катта лейтенант.