Асосий вазифалар белгилаб олинди

  • 10:08
  • 10,08-2019
  • 1249
  • Улашинг

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг 6 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди. Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов раислигида ўтган йиғилишда Президент Администрацияси ва Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши масъул ходимлари, вазир ўринбосарлари, бош бошқарма, бошқарма, мус­тақил бўлим ва вазирлик таълим муассасалари бошлиқлари иштирок этди.

Шунингдек, видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБ ва туман-шаҳар ички ишлар бўлим, бўлинма бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, соҳавий хизматлар, шу билан бирга, кўрилаётган масалага тааллуқли бошқармалар раҳбарлари ҳам қатнашди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда дастлаб, ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тезкор-хизмат фаолияти натижалари ҳамда келгусидаги долзарб вазифаларга тўхталиб ўтилди. Кейинги икки ярим йил мобайнида мамлакатимиздаги барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, айниқса, бу борада Президентимиз томонидан энг муҳим икки масала: соғлиқни сақлаш ва осойишталикни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

– Юртбошимиз томонидан «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг биринчилар қаторида имзоланиши эса бунинг яққол тасдиғидир. Шундан сўнг ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган 5 та қонун ҳамда давлатимиз раҳбарининг 7 та фармони ва 37 та қарори, шунингдек, 78 та ҳукумат қарори, 160 дан ортиқ идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Жорий йилнинг ўзида эса Президентимизнинг 11 та қарори қабул қилингани эътирофга лойиқдир. Энг асосийси, ҳар бир қарор билан қайсидир соҳа ёки фаолият йўналиши такомиллаштирилиб, тизимнинг ривожи учун барча шарт-шароит ва янги имкониятлар яратилди. Ўтган 6 ой мобайнида Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор ва берилган топшириқлар ижросини таъминлаш натижасида ички ишлар органлари тизимида туб ижобий ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, республикамизда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг янгича тизими жорий этилди.

Эндиликда ҳокимлар томонидан ўзига бириктирилган ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини кунлик таҳлил қилиб, тегишли давлат ташкилотларига кўрсатмалар бериб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Бу борада ҳоким ва сектор раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда ярим йил мобайнида содир этилган 7248 та жиноятни аҳоли ўртасида муҳокама қилди. Ҳар ой якуни бўйича Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан жиноятчилик аҳволи атрофлича кўриб чиқилиб, зарурий чора-тадбирлар белгилаб борилмоқда. Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш учун республика ҳудудлари Ички ишлар вазири, Бош прокурор ва Миллий гвардия қўмондонига бириктирилиб, назорат қилиш учун Олий Мажлис Сенати ва Президент Администрациясининг масъул ходимларидан иборат республика комиссияси шакллантирилди.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан, шу йилнинг январь-март ойларида Олий Мажлис Сенати Раиси ва Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳлар республикамиз ҳудудларини ўрганиб чиқиб, уларга амалий ёрдам кўрсатишди. Шунингдек, ички ишлар органлари тизимида қатор ўзгаришлар рўй бериб, жорий йилнинг 1 январидан бош­лаб жазони ижро этиш тизимида Пробация хизмати ташкил қилинди. Бундан ташқари, «Маҳалла посбони» раҳбари лавозими тугатилиб, унинг ўрнига профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозими жорий этилди ҳамда ҳар бир ҳудудда жамоат тартибини сақлаш бўйича «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳлари ташкил қилинди. Вазияти оғир ҳисобланган ҳудудлардаги ички ишлар органларида ички имкониятлар ҳисобидан психолог лавозимлари қўшимча равишда киритилди.

Мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича профилактика инспектори лавозими ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича офицерлик лавозимлари жорий этилди.

Шунингдек, қўшимча тарзда Тошкент шаҳри, пойтахт вилояти ва Сурхондарёда хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича бошқармалар ташкил қилинди. Шошилинч оператив хизматларнинг фаолияти бошқарувини таъминлаш мақсадида Юнусобод туманидаги 7-сонли ички ишлар бўлимида тажриба тариқасида ягона тезкор бошқарув тизими йўлга қўйилди. Йўл ҳаракати қоидалари бўйича имтиҳон олиш бўлимларида бепул Wi-Fi зоналари, ногиронлар ва аёллар учун алоҳида навбатсиз қабул қилиш дарчалари ташкил қилинди ва кутиш хоналари тегишли жиҳозлар билан таъминланди.

Президентимизнинг ташрифи давомида ҳудудларнинг ўзига хос тажрибалари яратилди. Хусусан, Андижон вилоятида «Намунали ҳудуд» концепцияси, Бухоро вилоятида хотин-қизлар билан ишлаш тажрибаси, Фарғона вилоятини ёшлар билан ишлашда намунали ҳудудга айлантириш концепцияси, Бўка туманида «Президентнинг бешта ташаббуси», Жиззах вилоятида «Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати» тамойили асосида ички ишлар органларининг бошқа давлат идоралари ва жамоатчилик ҳамкорлигидаги ишлаш тизими шулар жумласидандир. Тошкент вилоятида ички ишлар органларининг куч ва воситаларини бошқаришнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилиб, вилоятнинг тўртта ҳудудида мувофиқлаштириш марказлари, 6 та туман-шаҳар ички ишлар бошқармалари ҳамда 32 та ички ишлар бўлинмалари қайта ташкил этилди.

Шу билан бирга, жиноятларни фош этиш бўйича барча бўғиндаги ички ишлар органларининг биринчи ўринбосарлари шахсан жавобгар эканлиги белгиланди. Бунинг натижасида кўплаб жиноятлар фош этилиб, қидирувдаги шахслар ушланди. Умуман олганда амалга оширилган ишлар натижасида ўтган 6 ой давомида республикамиз ҳудудида умумий жиноятлар сони 32,1 фоизга, жиноят қидирув йўналиши бўйича эса 41,7 фоизга камайди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, жойларда юқоридаги каби ютуқлар билан биргаликда, Жиззах, Термиз ва Қўқон шаҳарлари ҳамда Миробод, Мирзо Улуғбек, Зангиота, Булунғур, Денов, Хўжайли, Улуғнор, Гурлан, Учқўрғон, Қўнғирот, Нукус, Чортоқ, Чуст ва Мингбулоқ туманлари ички ишлар органлари бошлиқлари кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида ишларни самарали ташкил этмаган.

Бу эса мазкур ҳудуддаги раҳбарларнинг мамлакатимиз ҳудудида кенг кўламда олиб борилаётган ислоҳотларни тўлиқ англаб етмасдан, жиноятларнинг олдини олишда ҳалигача эскича иш услубида фаолият юритаётганидан дарак беради, – деди Ички ишлар вазири П. Бобожонов. – Бундан эса, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда етарли даражада жонбозлик кўрсатмаган деган хулосага келиш табиийдир.

Бунинг учун ушбу туман-шаҳар ички ишлар органлари бошлиқларининг бир гуруҳи интизомий тартибда жазоланди ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Ижобий натижаларга эришган ҳудуд раҳбарларини ҳамда профилактика инспекторларини эса рағбатлантириш тўғрисида кўрсатма берилди.

Шунинг баробарида ишчи гуруҳ томонидан Сирдарё вилоятида олиб борилган текширувлар жараёнида кўплаб камчиликлар аниқланганлиги қайд этилди. Жумладан, «Жамоатчилик назорат масканлари»нинг қониқарсиз даражада ишлаётгани ҳамда сектор раҳбарларининг жиноятлар муҳокамасида тўлиқ таркибда қатнашмаётгани қаттиқ танқид остига олинди. Янги тизимда ташкил этилган ички ишлар бўлимлари фаолиятига эса салбий баҳо берилди.

Шунингдек, республикамиз бўйи­ча қотиллик ва оғир тан жароҳати етказиш жинояти кўплаб содир этилаётган шаҳар ва туманлардаги тезкор вазият чуқур таҳлил қилиниб, содир этишга сабаб бўлаётган омиллар кўрсатиб ўтилди ҳамда уларни бартараф этиш борасидаги таклиф ва тавсиялар берилди.

Йиғилишда жорий йилнинг биринчи ярми мобайнида ҳудудий ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари бўйича Ички ишлар вазири ўринбосарларининг ҳисоботлари эшитилди. Унда сўзга чиққан вазир ўринбосарлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда барча турдаги жиноятларнинг камайишига эришилаётганини қайд этиб, шунинг баробарида, айрим туманларда амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг вақтида бажарилмаётганлиги оқибатида оғир турдаги жиноятлар содир этиш ҳолатлари учраб турганлигига алоҳида тўхталиб ўтишди. Шу сабабли ўз вазифасини сидқидилдан бажара олмаётган ҳудуд раҳбарларига қатъий интизомий чоралар кўрилганлиги таъкидланди.

Йиғилишда ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиш борасида йўл қўйилаётган тизимли камчиликлар таҳлил қилиниб, бу борада келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди. Мазкур масала юзасидан сўз олган Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Р. Хатамов шахсий таркиб билан уларнинг хизмат жараёнларини ташкил этиш, қонунийлик ва хизмат интизомига риоя этиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилганлигини таъкидлади. Шу билан бирга, уларнинг фуқаролар билан бевосита мулоқотларида муомала маданиятини оширишга ҳам катта эътибор қаратилаётганлигини қайд этиб ўтди.

Шунингдек, йиғилишда муборак Қурбон ҳайитини ва давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чоғида мамлакатимиз ҳудудидаги аҳоли гавжум жойларда ва байрам тадбирлари ўтказиладиган ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. Бу борада вазир ўринбосарларига тегишли топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, вазирлик тизимидаги ижро интизоми ва бошқа масалалар бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилиб, бу борада аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Мажлис якунида эса Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг 2019 йилнинг иккинчи ярми учун иш режаси ва «Йўл харитаси» тасдиқланиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

 

Ўз мухбиримиз.