Хизматда яна бир қулайлик

  • 15:06
  • 12,06-2019
  • 2304
  • Улашинг

Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишда ички ишлар органлари профилактика хизмати муҳим ўрин тутади. Шу боис бугунги кунда ушбу соҳавий хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида қатор қулайликлар яратилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида ҳудудий профилактика инспекторларига хизмат давомида фойдаланиш учун компьютер жамланмалари ва уяли телефон сим-карталари топширилди. Тадбирда сўзга чиққанлар сўнгги пайтларда мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимларига қулай иш шароитлари яратиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлашди.

– Жорий йилнинг дастлабки беш ойида Қорақалпоғистон Республикасида жиноятчилик 37 фоизга камайди. Хусусан, «Менинг маҳалламда бирорта жиноят содир бўлмаслиги лозим» шиори остида олиб борилган тадбирлар натижасида 411 маҳалладан 319 тасида жиноят содир этилмади. Албатта, бу кўрсаткичга эришишда профилактика инспекторларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Қуат Утамбетов. – Шундан келиб чиққан ҳолда, уларнинг аҳоли билан алоқаларини янада яхшилаш мақсадида бугун таянч пунктларига хизмат пайтида фойдаланиш учун 63 дона компьютер жамланмаси, профилактика инспекторлари, туман ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарларига имтиёзли тарифдаги сим-карталар берилди. Бу қулайликлар келгусида хизмат самарадорлигини оширишга имкон беради.

 Азамат ПИРНИЯЗОВ,

  «Postda» мухбири.

Қорақалпоғистон Республикаси.