Шарқшунос олим иштирокида

  • 10:07
  • 15,07-2019
  • 913
  • Улашинг

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-­амалий тадқиқот маркази томонидан оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга қаратилган изланишлар олиб борилмоқда. Жумладан, қўшма амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик доираси тобора кенгаймоқда. Бу борада, айниқса, дунёнинг ривожланган давлатларида фаолият кўрсатаётган нуфузли институтлар, етакчи илмий-тадқиқот муассасалари ва халқаро ташкилотлар, бой тажриба ва кучли салоҳиятга эга олимлар, экспертлар ҳамда мутахассислар билан узвий ҳамкорлик алоқалари ўз самарасини беряпти.

Яқинда ана шундай ҳамкорлик доирасида АҚШнинг Хофстр университети профессори Элёр Каримов мамлакатимизга таклиф этилди. Олим ўрта аср, ислом, тасаввуф ва дипломатия тарихи соҳасида қатор илмий ишлар муаллифи ҳамда ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё тамаддуни тарихига бағишланган олти жилдли ноёб китоблар ҳаммуаллифи ҳисобланади. У АҚШ тадқиқот марказларининг кўпгина дастурларида ҳам иштирок этган.

Пойтахтимиздаги Ёшлар пресс-клубида Э. Каримов тренерлигида «Гендер тенг­лик: афсона ёки ҳақиқат» мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда оила сиёсати, муаммолари соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, оилани мус­таҳкамлаш концепциясида кўрсатилган вазифалар бўйича амалий иш олиб борувчилар, ҳамкор ташкилотлар, «Оила» маркази Тошкент шаҳар бошқармаси қошидаги махсус ўқув курси мутахассис-ўқитувчилари, тренерлар, марказ мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

– «Гендер тенглик: афсона ёки ҳақиқат» мавзусининг танланиши бежиз эмас. Негаки, у бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказидаги масалага айланган, – дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг оила соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўлими раҳбари Гулнора Эшонхонова. – Таъкидлаш жоиз, ҳозирги давр­да дунё­нинг барча давлатлари ҳам аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенгликни зарур даражада таъминлай олмаяпти ва бунда кўп омиллар, хусусан, менталитет билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Айниқса, анъанавий оилага асосланган турмуш тарзи билан яшайдиган давлатларда гендер тенг­лик остида асрлар давомида сақланиб қолган анъаналарнинг бузилиши ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Амалий машғулот давомида профессор Элёр Каримов ўз изланишлари асосида тўп­лаган маълумотлари ҳамда хулосалари билан ўртоқлашди. Тадбирдан ўзим учун шундай хулосага келдим: олий маълумотли аёл ҳар доим, ҳар ерда ўз ҳақ-ҳуқуқини билади ва ҳар қандай вазиятда ўзини ҳимоя қила олади. Бу каби тадбирлар ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга ундайди, қонунчиликни такомиллаштиришга туртки бўлади, деб ўйлайман.

Таъкидлаш жоизки, ке­йинги вақтларда мамлакатимизда гендер тенглик борасида амалий қадамлар қўйилмоқда, қатор қонун ло­йиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Уларда хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлашдаги мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг самарали ҳуқуқий асоси илгари сурилган. Профессор Элёр Каримов бу борада халқаро амалиёт ҳақида ҳам тадбир иштирокчиларига батафсил маълумотлар берди.

Тадбир баҳс-мунозаралар ва эркин фикрларга бой тарзда ўтди.

 

Адолат ФАЙЗИЕВА,

«Postda» мухбири.