Тарбияли ходим кўп ишга қодир

  • 09:07
  • 15,07-2019
  • 968
  • Улашинг

Ички ишлар органлари ходимларининг билим ва маҳоратини ошириш, маънавияти ҳамда касбий кўникмасини юксалтириш ва жанговар шайлигини замон талаблари даражасига етказишга алоҳида эътибор берилмоқда. ИИВнинг меъёрий ҳужжатлари асосида ўтказилаётган барча тадбирлар ана шу эзгу мақсадга йўналтирилган. Бу борада устоз-шогирд анъанаси, уларнинг ҳаётий тажрибаларини ёш ходимларга ўргатиш ҳар жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

– Соғлом муҳит, мустаҳкам интизом фаолиятимизнинг устувор мезонидир, – дейди Хоразм вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, майор Лочинбек Ёқубов. – Шахсий таркиб билан ўтказилаётган маънавият ва маърифат дарсларига турли соҳалардан етакчи мутахассислар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари таклиф қилинаётгани машғулотларнинг мазмунли ўтишига ҳисса қўшаётир.

Ходимларнинг турмуш шароитини ўрганиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, хизматини муносиб баҳолаш, рағбатлантириш, оила аъзолари билан турли маданий тадбирлар, спорт мусобақаларини ўтказиб бориш хизмат самарадорлигига эришишнинг муҳим жиҳати саналади. Жорий йилнинг ўтган даврида жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда фаол иштирок этган етти нафар ходим вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғига мувофиқ, пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, 1173 нафар ходимга лавозим маошининг бир баробари миқдорида пул мукофоти берилди.

Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг билимини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Саъй-ҳаракатлар натижасида ходимларнинг интизомий жавобгарликка тортилиш кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга камайди. Шунингдек, вилоят ИИБ ходимлари томонидан биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Ходимларнинг маданий ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида вазирлик билан келишилган ҳолда, ИИВ Маданият саройи ашула ва рақс ансамбли иштирокида Хива, Боғот, Қўшкўпир, Янгибозор, Гурлан, Шовот туманлари ҳамда Урганч шаҳрида хайрия концерт дастури намойиш этилди. Ушбу тадбирдан тушган пул маблағларининг бир қисми хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган 11 нафар ходимнинг оила аъзоларига берилди.

Вилоят ИИБ бошлиғи ташаббуси билан ИИВ Хоразм академик лицейида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлар ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари билан учрашувлар уюштириляпти. Бундай тадбирлар ўқувчиларда турли ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, жиноятчиликка қарши муросасиз курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти бўйича тасаввурларини кенгайтириш, ички ишлар органлари ходимлари учун зарур бўлган касбий-психологик билим ҳамда кўникмаларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ходимлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг маънавий-маърифий, ҳуқуқий билимини янада оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратил­япти. «Энг яхши китобхон», «Мен севган асар», «Бадиий китоблар билимдони», «Мен севган адиб», «Китоб – энг яхши дўст» каби маърифий тадбирлар осойишталик посбонларида катта таассурот қолдирмоқда.

– Ёшларни Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат руҳида тарбия­лашда, уларнинг миллий армиямизга бўлган қизиқишини шакллантиришда ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирларнинг аҳамияти каттадир, – дейди вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси муҳим топшириқлар бўйича инспектори, капитан Шавкат Ибрагимов. – Вилоят ҳудудидаги ҳарбий қисмларда ўтказилаётган тадбирларга умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда Хива меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, шунинг­дек, SOS болалар маҳаллалари уюшмасининг Хоразм вилояти филиали қарамоғидаги ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган ёшлар таклиф қилиняпти. Келажагимиз эгаси бўлган болажонлар ҳарбий қисм аскарларининг жанговар кўргазмали чиқишларини, қўл жанги машғулотларини томоша қилиб, аскарлар ҳаёти билан яқиндан танишишди. Айниқса, ҳарбий техникалар ҳамда замонавий қурол-яроғларнинг намойиш этилиши иштирокчиларда ўзига хос қизиқиш уйғотди. Ҳарбий қисм аскарлари ёшларга бадиий китоб­лар ҳамда ўқув қуроллари совға қилди.

Айтиш жоизки, айни кунда ички ишлар органлари сафида хизмат қилаётган ҳар бир ходим «Хавфсиз шаҳар», «Хавфсиз ҳудуд», «Хавфсиз туризм», «Хавфсиз хонадон» лойиҳаларини амалга оширишда ўз касбий маҳорати, ғайрат-шижоатини намоён этишга астойдил ҳаракат қиляпти.

Вилоят ИИБ тиббиёт бўлими томонидан ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлар, ногиронлар ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига имтиёзли равишда тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Масалан, шу кунгача 28 нафар ходим ҳамда фахрий мамлакатимиз ҳудудидаги сиҳатгоҳларда дам олиб, даволаниш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, болаларнинг ёзги дам олиш мавсумини мазмунли ташкил этиш мақсадида ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига энг сўлим оромгоҳларга йўлланмалар бериляпти.

Шахсий таркиб ўртасида соғлом маънавий-ахлоқий муҳит шаклланаётгани улар эришаётган ютуқларда ўз аксини топмоқда.

 

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Postda» мухбири.