Мафтунингман, Тошкент!

  • 13:08
  • 25,08-2019
  • 1316
  • Улашинг

Ўзбекистон ҳам саёҳат, ҳам зиёрат учун қулай мамлакат. Чунки она заминимизда бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган аждодларимиз мангу қўним топган. Улар қолдирган бой маънавий-маданий меросга халқаро майдонда қизиқиш жуда катта.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Ўзбекистон минг йилликлар билан бўйлашадиган кўп­лаб тарихий шаҳарлар ватанидир. Қадимдан бу муқаддас замин кўҳна ва бетакрор обидалари, илм-фани, маданияти, анъана ва урф-одатлари билан жаҳон аҳлини мафтун этиб келган.

Хорижлик меҳмонлар пойтахтимизни, бу ерда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни кўришни истайди. Табиийки, Тошкент аҳолиси ва туристлар учун яратилган шароитлар, қулайликларни бошқа давлатлар пойтахтлари билан таққослайдилар.

Сайёҳларни жалб этишда тарихий обидалар, маданий мерос объектлари, мамлакатнинг кўркам ва жозибадорлигидан ташқари, улар учун яратилган хавфсизлик ҳам ҳал қилувчи ўрин тутади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қатор ташкилотлар, жумладан, Ички ишлар вазирлиги билан ҳам ҳамкорликни кенг йўлга қўйган.

Бугунги кунда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, хорижлик меҳмонларга юртимизга ташрифи чоғида зарур қулайликларни яратиш ҳукуматимиз олдида турган истиқболли ишлардан биридир. Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони соҳа ривожи учун муҳим дустуруламал бўлмоқда, дейиш мумкин. Шундан келиб чиқиб, пойтахтимизда туризм салоҳиятини ривожлантириш учун Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаментида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Ташриф буюраётган туристлар учун қулай шароит яратиш ва хавфсизлик таъминланишида Тошкент шаҳар ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари уларнинг энг яқин ҳамкори бўлмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг таркибий қисми ҳисобланмиш туристик полиция ўз фаолиятини бошлади.

Ушбу бўлинманинг асосий вазифалари – шаҳарнинг диққатга сазовор жойларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, сайёҳлар кўп борадиган объектларда криминоген ҳолат таҳлилини олиб бориш, сайёҳларга нисбатан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат. Осойишталик посбонлари асосан аэропорт, вокзал ва уларга ёндош ҳудудларда, маданий мерос объектларида, меҳмонхона, музей, театрлар атрофида ва одам кўп тўпланадиган жамоат жойларида хизматни ўташади.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида Тошкент шаҳрига ташриф буюрувчи хорижий ва маҳаллий туристларга қулай шарт-шароитлар яратиш, хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларга кўрсатилаётган сервис хизматлари сифатини янада яхшилаш мақсадида эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Жумладан, 22 та янги туризм йўналишлари ва объект­лари аниқлангани натижасида туристлар оқими янада ошди.

Тошкент шаҳридаги туризм йўналишлари ва объектларини туристик маршрутга киритиш бўйича тармоқ режаси асосида ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
25 январдаги 8 та чет эл давлати (Россия Федерацияси, Индонезия, Малайзия, Бенилюкс, Исроил, Хитой Халқ Республикаси, Германия, Ҳиндис­тон)дан Ўзбекистон Республикасига туристлар оқимини ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси («Йўл харитаси»)га мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

– Хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда, Тошкент шаҳрида 2019–2020 йилларда туризм соҳасида ишбилармонликни ривожлантириш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, музокаралар ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар («Йўл харитаси») тасдиқланган, – дейди Тошкент шаҳар туризмни ривожлантириш департаменти бўлим бошлиғи Баҳодир Тўрабеков. – Унда белгиланган вазифалар юзасидан бир талай ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, пойтахтимиздаги савдо ва кўнгилочар марказлар, бозорлар, музейлар, маданий мерос объектлари, Тошкент шаҳар метрополитени ҳамда бошқа туризм томоша ва хизмат кўрсатиш объектларининг аниқ манзиллари кўрсатилган 2 хил (рус ва инглиз) тилда чўнтак харитаси ишлаб чиқилиб, 20 минг нусхада чоп этилди. Тошкент шаҳрига ташриф буюрадиган меҳмонлар ва туристларга шаҳарнинг туристик салоҳияти тўғрисида батафсил маълумот олиш имконини берувчи 4 та тилда (рус, инглиз, француз, хитой) «Welcome to Tashkent» туристик йўл кўрсаткичи (Guidebook)дан 4 минг дона бепул тарқатилди. Мазкур хариталар ва йўл кўрсаткичлари чет эл элчихоналари, И. Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ҳамда вокзал, шунингдек, маданий-кўнгилочар тадбирларга ташриф буюрган хорижий саёҳларга тарқатилди. Ҳозирча Тошкент шаҳридаги 6 та меҳмонхонада туристик ахборот марказлари ташкил этилди. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий туристлар манзилларига тез ва осон етиб боришини енгиллаштириш мақсадида «Media lux» хусусий корхонаси, реклама агентлиги билан ҳамкорликда замонавий йўл кўрсатувчи 10 та пилон ўрнатилди.

Тошкент шаҳридаги 20 та маданий мерос объектига улар ҳақидаги маълумотларни берувчи QR-кодлари ўрнатилди. Туристларнинг интернет тармоғига симсиз уланишига қулайликлар яратиш мақсадида «Solа» компанияси томонидан Тошкент шаҳри бўйлаб интернет тармоғига симсиз бепул уланиш (Wi-Fi) ҳудудлари рўйхати шакллантирилиб, 60 та объект 800 та нуқтада интернет тармоғига симсиз бепул уланувчи Wi-Fi ҳудудлари ташкил этилди. Тошкент шаҳар ҳокимияти ташаббуси билан Юнусобод тумани Сайилгоҳ кўчасида шанба-якшанба кунлари хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун маданий-кўнгилочар тадбирлар ўтказилаётгани ҳам кутилган натижани бераётир.

Ўтган даврда жами 493026 нафар (шундан, 266625 нафари хорижий, 226401 нафари маҳаллий) туристлар ва меҳмонлар ташриф буюрган бўлиб, 2018 йилнинг шу давридаги кўрсатгичга нисбатан 23 фоизга ўсган. Тошкент шаҳрида ўтказилган маданий-кўнгилочар тадбирларга туристларнинг 65–70 фоизи жалб қилинган.

Кези келганда айтиш мумкинки, пойтахтимизда туристик фаолият билан шуғулланувчи 219 та (шундан, 22 таси қайта рўйхатдан ўтган) фирма ташкил этилди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 11 та меҳмонхона, 13 та хос­тел ва 33 та оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди.

Тошкент шаҳар туризмни ривож­лантириш департаменти томонидан 3 та туризмнинг ривожланишига ҳисса қўшиши кўзда тутилган, жумладан, қадимий кўринишидаги кафе, рес­торан, хонадон, меҳмонхоналар ва бошқаларни ўз ичига олган лойиҳа таклифи олиб чиқилди. Булар «Эски шаҳар», «Тошкент шаҳрининг 12 дарвозаси», «Қадимий Тошкент тепалик­лари» лойиҳаларидир.

Тошкент шаҳридаги барча сайёҳлар ташриф буюрадиган туризм инфратузилма объектлари, умумий овқатланиш ҳамда аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, шоҳбекат, йўл бўйи хизмат кўрсатиш шохобчалари, шунингдек, бошқа хизмат кўрсатиш объектларида жойлашган санитария-­гигиена шохобчаларини ўрганиш кўзда тутилган. 60 та ана шундай замонавий санитария-гигиена шохобчаларини ташкил этиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда 12 таси фаолият бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти томонидан маҳаллий ва хорижий туристларнинг 25 та маданий мерос объектига тез, осон етиб олишларини таъминлаш мақсадида мазкур иншоотларга жами 165 та йўл кўрсаткич белгиларини ўрнатиш бўйича ишлар олиб борилиб, ҳозирча
85 та йўл кўрсаткич белгилари ўрнатилди. Бундай йўл кўрсаткичлар АР-кодга эга бўлиб, «Google maps» харитаси ёрдамида туристларнинг излаган манзилларини топишида яқин кўмакчи вазифасини бажаради.

Бир сўз билан айтганда, кундан-кунга чирой очиб бораётган пойтахтимизга ташриф буюраётган туристлар оқимининг кўпаяётгани Тошкент шаҳар туризмни ривожлантириш департаменти ходимлари зиммасига янада улкан масъулият юклайди. Буни юракдан ҳис этган соҳа мутасаддилари тинимсиз изланиб, юртимиз ва хорижлик меҳмонларнинг пойтахтимиздан яхши таассуротлар билан қайтиб кетишлари учун бор имкониятларини ишга солмоқда.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

«Postda» мухбири.

Содиқ ҲАКИМОВ олган суратлар.