Пора – чора эмас

  • 14:05
  • 22,05-2020
  • 43
  • Улашинг

Коррупциялашган жамиятда пора иш битиришнинг асосий воситаси ҳисобланади. Пул ундириш мақсадида сунъий тўсиқлар юзага келтирилади, бюро­к­ратия авж олади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг талаб даражасида ишламаслиги қонун устуворлигини йўққа чиқаради. Оқибатда давлат бошқарув органлари фаолиятига нисбатан норозилик кучаяди. Бундай жамиятда тараққиёт, демократия ва инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ҳақида унутишга тўғри келади.

Шу маънода, сўнгги йилларда республикамизда коррупцияни бартараф этишга қаратилган қонунчилик изчил такомиллаштирилиб, бу иллатга қарши қатъий кураш чоралари белгиланмоқда. Чунончи, ички ишлар органлари тизимида ҳам мазкур йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бинобарин, хизмат интизоми ва қонунийликни мус­таҳкамлаш, тизимда коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида барча имкониятлар ишга солинмоқда.

Фикримиз исботи сифатида Жиззах вилояти ИИБ йўл-патруль хизмати ходимлари фаолияти билан боғлиқ икки ҳолат тафсилотларини келтириб ўтсак.

Жорий йилнинг 30 январь куни вилоятнинг Дўстлик туманидаги «Манас-14» ЙПХ масканида вилоят ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан «Тошкент — Самарқанд» йўналишида ҳаракатланаётган давлат рақам белгиси 30 М 488 ОА бўлган «Камаз» русумли автомашина тўхтатилди. Ушбу автоулов юкхонасига жойланган 17 тоннадан ошиқ аммиакли селитрага оид ҳужжатларни кўздан кечириш давомида юк хатидаги ёзув ва муҳрнинг бир-бирига мос эмаслиги аниқланди. Худди шунинг­дек, автомашина кузови рақамлари транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасидаги рақамларга тўғри келмаслиги ҳам маълум бўлди. Бундан ташқари, автомобилга меъёрдан ортиқ юк ортилган эди. Натижада маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автоулов жарима майдонига қўйиладиган бўлди. Воқеа­нинг бундай ривожланиши ҳайдовчига маъқул келмади ва у вазиятдан чиқиш мақсадида ЙПХ ходимига 700 минг сўм миқдорида пора таклиф этди.

Табиийки, қонун посбони ўрнатилган тартибда раҳбариятни бундан хабардор этди. Шу тариқа, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ЙПХ отряди 3-сафарбар гуруҳи командири, лейтенант Элдор Мамашариповга 700 минг сўнг пора берган қонунбузар ИИВ Ўз хавфсизлик бошқармаси вилояти бўлими ҳамда прокуратура ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланди.

Яна бир қизиқ ҳолат. 2020 йилнинг 4 февраль куни вилоят ИИБ ЙҲХБ йўл-пат­руль хизмати ходими Жиззах шаҳрида давлат рақам белгиси 25 G 702 FA бўлган «Ласетти» русумли автомашина эгасига тўхташ ишорасини беради. Аммо ҳайдовчи инспекторнинг талабига бўйсунмасдан, қочиб кетади.

Йўл-патруль хизмати ходими автомашинани тўхтатганида, ҳайдовчи маст бўлгани учун «тўхташ» ишорасига бўйсунмаганлигини тан олади. ЙПХ ходими ҳужжатларни расмийлаштиришга киришади. Қоидабузар ҳайдовчи эса уяли телефони орқали ўғлини чақиради.

Воқеа жойига етиб келган ўғил инспекторга 100 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилади. Бунинг учун ЙПХ ходими маъмурий баённома расмийлаштирмаслиги ҳамда автомашинани жарима майдонига қўймаслиги керак эди. Хуллас, қоидабузарнинг ўғли ваъда қилинган пулни вилоят ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати отряди 3-сафарбар гуруҳи инспектори, сафдор Ғайбулла Очилбоевга пора тариқасида бераётганида ушланди. Эъти­борлиси, пора берган шахс адвокат бўлиб чиқди. Энди унинг ўзига ҳимоячи зарур.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, бу каби ҳолатларнинг барчасида йўл-патруль хизмати ходимлари пора бериш қонунга зид эканлиги тўғрисида фуқароларни бир неча марта огоҳлантиришган. Шунга қарамай, улар вазиятдан чиқишнинг ноқонуний йўлини танлаганлар ва оқибатда...

Хулоса шуки, ҳеч қачон порани чора, деб билманг. Яхшиси, ҳуқуқий меъёр ва талабларни бузманг.

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Роstdа» мухбири.

Жиззах вилояти.