Биринчи муолажа — ширин сўз

  • 10:03
  • 08,03-2020
  • 244
  • Улашинг

Бўлажак шифокорлар билан дастлабки дарсни ўтаётган устоз даволаш ҳақида талабаларнинг тушунчаси билан қизиқди. Табиийки, энди ўқишни бошлаган ёшлардан турли фикрлар чиқар, барчаси жўяли, жонли эди. Айниқса, бир қизнинг гапи ўқитувчига жуда маъқул келди.

— Энг биринчи муолажа – бу ширин сўз, — деди ўзини Хосият деб таништирган талаба. — Чунки ҳар қандай касаллик билан мурожаат қилган беморнинг, аввало, кайфиятини кўтариш унинг ҳаётга, тузалишга бўлган ишончини кучайтиради. Тузалишига ишонган ва руҳий дадиллик билан интилган кишининг шифо топиши осон бўлади.

Тошкент давлат Тиббиёт институтининг даволаш факультети талабаси Хосият Носирова ўқишнинг илк кунидаёқ ўзининг теран фикрлаши билан соҳага бўлган муносабати қандай эканлигини намоён қилди. Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилиб ўсган бу қизнинг тиббиёт соҳасига қизиқишига сабаб, онаси кўз касалликлари шифокори эди. У ҳам шу соҳада ўқиб, изланиб, тажрибали шифокор бўлиб етишди. Талабалик йилларида фикрлаши, дунёқараши бир-бирига яқин бўлган курсдоши Ренат ака билан тақдирини боғлади, ҳаётнинг оғир-енгилини, аччиқ-чучугини бирга тотди.

— Ҳарбий хизматга отланганимда ўғлимиз ҳали бир ёшга ҳам тўлмаганди, — дейди ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги полковник Ренат Равшанов. — Аввалига у, энди қайтгунингизча ёлғиз ўзим бола билан нима қиламан, дея кўз ёш қилди. Ке­йин уни ҳам бирга олиб кетдим.

Бир-бирига елкадош бўлган икки шифокор Украинага йўл олишди. Ренат ака ҳарбий қисмлардан бирида хизматни ўтар экан, турмуш ўртоғи ҳарбийлар учун ажратилган уйда яшарди. Бир уйда учта оила яшар, шароитлари ҳам ҳаминқадар эди. Аммо Хосият опа ундан сира нолимади. Қайтанга турмуш ўртоғига елкадош бўлиб, ишларида ёрдам бериб юрди. Ҳарбийларнинг оилалари бетоб бўлса, Хосият опага мурожаат қилар, у эса, мен бу ерда ишламайман, демасдан, уларни даволаш чораларини кўрарди.

Она Ватанга қайтгач, Хосият Носирова 1976 йилдан бошлаб ИИВ Марказий поликлиникасида терапевт бўлиб ишлай бошлади. Осойишталик посбонларини даволаш, уларнинг саломатлигини сақлаш бўйича керакли тавсиялар бериш каби шарафли вазифаларни бажариш орқали юртимиз тинчлигини асрашга муносиб ҳисса қўшди. Олий тоифали шифокор бўлиб етишганда ҳам талабалик даврининг илк кунида ўзи айтган иборага, яъни биринчи муолажа — ширин сўз, деган тамойилга қатъий амал қилди. Беморларнинг ширин сўз билан руҳини кўтарар, мурожаат қилганлар норози бўлиб кетмас эди. Шу боис ҳам бир неча марта раҳбарият томонидан эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланган. Аммо ўзи учун энг катта совғани беморларнинг тузалганидан кейинги қувончи ва қайта-қайта раҳмат айтишларида деб билди.

Таъкидлаш жоизки, қирқ йил узлуксиз ички ишлар органлари тизимида меҳнат қилган, ўзи ҳам, турмуш ўртоғи ҳам давлат ишида ишласа-да, фарзандлар тарбиясига асло эътиборсиз бўлмади. Шу боис ҳам икки қиз ва бир ўғилни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказди. Уч фарзанд ҳам ота-она изидан бориб, уларнинг касбини танлади. Қизи, майор Дилфуза Абдусамадова ИИВ Ҳарбий-тиббий комиссиясида хизмат қиляпти. Яна бир қизи Феруза Абдунабиева эса ИИВ тизимида самарали хизмат қилиб, подполковник унвони билан пенсияга кузатилди. Ўғли Эркин Равшанов ҳам Тошкент давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини тамомлаган. Ҳозирги кунда беш нафар ширин-шакар набиранинг севимли бобоси ва бувиси бўлиб, кексалик гаштини сураётган Хосият опа ва Ренат акаларни қўша қариш бахтига муяссар бўлган инсонлар десак, муболаға эмас. Ўрни келганда, мамлакатимиздаги барча аёллар қаторида Хосият Носировани ҳам 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан муборакбод этамиз. Фарзандлари ва шогирдлари ардоғида, ёшлардан панду насиҳатларини аямай умргузаронлик қилаётган бу фахрийларнинг ибратли ҳаёт йўллари доимо ёшларни фидойилик, касбга садоқат руҳида тарбия­лашда ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди.

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

«Postda» мухбири.