Пора чора эмас, аксинча, бошга балодир

  • 13:07
  • 16,07-2019
  • 975
  • Улашинг

Юртимизда коррупцияга қарши бошланган кенг кўламли курашда ички ишлар органлари ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан берилган маълумотда таъкидланишича, биргина жорий йилнинг ўтган даврида фуқаролар томонидан вилоят ички ишлар органлари ходимларига етти марта пора беришга уриниш ҳолати қайд этилган. Хўш, ходимлар бундай вазиятда қандай йўл тутишди?

Уй ўрнига ғалва сотиб олди

Талимаржон шаҳрида рўйхатда турувчи фуқаро М. Ю. Нишон тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, таниши Ш. Р. унга сотган уйини бошқа кишига ҳам сотиб юборганини маълум қилиб, унга нисбатан чора кўришни сўради.

Ариза юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатиш рад қилинди. Мазкур қарор туман прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилганидан сўнг бекор қилинган ва туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлимига қўшимча терговга қадар текширув олиб бориш учун юборилган.

Тергов бўлимида қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, фуқаро Ш. Р. ва бошқаларнинг ҳаракатларида бирор-бир жиноят таркиби ва аломатлари аниқланмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш яна рад қилинди. Аммо мазкур қарор туман прокурорининг ўринбосари томонидан яна бекор қилинди ва қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бориш учун туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимига қайтарилди.

Муддаосига етолмаётган М. Ю. нима бўлса-да, Ш. Р.га нисбатан чора кўрилишига эришиш учун жирканч йўлни танлади. Тергов бўлимининг катта терговчиси, майор Б. Т.га пора таклиф қилди. Катта терговчининг бу хусусдаги билдиргисига асосан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамкорлигида жорий йилнинг
9 июль куни ўтказилган тезкор тадбир давомида М. Ю. 965 минг сўм пулни
Б. Т.га пора тариқасида берган вақтда ушланди.

Бировни ноҳақ айблагани етмагандек, пора беришдек жирканч жиноятга қўл урган аризачи уй ўрнига ўз бошига ғалва сотиб олди.

 

Қимматга тушган антиқа «юк»

Жорий йилнинг 13 май куни тунги соат учлар чамаси Чироқчи туманидаги «Умакай» мунтазам йўл-патруль хизмати масканида «Hyundai Porter» русумли автомобиль тўхтатиб текширилганида, инспектор антиқа манзарага гувоҳ бўлди. Машина юкхонасида ҳеч қандай ҳужжатларсиз эшак терилари олиб кетилаётган экан.

ЙПХ инспекторининг ҳолат юзасидан туман ИИБ бошлиғи номига ёзган билдиргисига кўра, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилди. Ўзини машина юкхонасидаги антиқа «юк»нинг эгаси деб таништирган Косон тумани Нартичуқур маҳалласида яшовчи С. А. ишни ўз фойдасига ҳал қилиш ва ҳеч қандай чора кўрилмаслигига эришиш мақсадида туман ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакили, капитан А. С.га пора сифатида 300 АҚШ доллари таклиф қилди. Ўтказилган тезкор тадбир давомида С. А. капитаннинг хизмат хонасида унга пулни берган вақтда қўлга олинди.

Ҳа, тезкор вакил ўз вақтида туман ички ишлар бўлими раҳбариятига бу хусусда билдирги ёзган эди. Вақти келиб эшак терилари нима мақсадда ва қаерга олиб кетаётганлигига ойдинлик киритилиши тайин, бироқ ҳозирча бир нарса аниқ: эшак терилари эгасига жуда қимматга тушди...

 

Қиморбознинг найранги ўтмади

Азалдан қиморбозлик жирканч жиноят сифатида қораланади. Чунки бу иллат юзлаб инсонларни хонавайрон қилади, оилаларни парокандаликка етаклайди, қотиллик, ўғрилик, босқинчилик сингари қатор бошқа жиноятларнинг урчишига сабаб бўлади.

Китоб тумани ИИБ ходимлари томонидан «Обиканда» маҳалла фуқаролар йиғини Ишқол қишлоғида яшовчи фуқаро Б. А.нинг уйида қимор ўйинлари ташкил этилаётгани аниқланди. Қиморбозлардан бири Туюл қишлоғилик Ҳ. Р. туман ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика катта инспектори Н. Ғ.га ишни «ёпти-ёпти» қилиш ва ашёвий далил сифатида олинган 440 АҚШ долларини қайтариб бериш эвазига 3 миллион сўм пора таклиф қилди.

Аммо қиморбознинг найранги ўтмади. Ҳ. Р. майорга 2453000 сўм пулни бераётган пайтда қўлга олинди – ҳа, айнан «қайсар» инспекторнинг билдиргисига асосан, жорий йилнинг 20 февраль куни ўтказилган тезкор тадбир давомида...

 

Телевизор ва электр печи қаерда экан?

– Алло, инспектор, ёрдам беринг, уйимга ўғри тушибди...

Ғузор тумани Эшонқудуқ қишлоғида яшовчи фуқаро П. Ф. туман ИИБга қоқ ярим тунда қўнғироқ қилди. Аниқланишича, унинг уйидан телевизор ва электр печи йўқолган экан.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ўғирланган телевизор ва электр печи Б. М. исм-шарифли аёлнинг уйидан топилган. Аёл ўз кўрсатувида мазкур буюмларни эшонқудуқлик Н. М. ва
Т. А.дан 2100000 сўмга сотиб олганлигини маълум қилди.

Йигитлар бўлинмага чақиртирилганида, улар ўз айбига иқрор бўлиб, «тавалло»га ўтишди. Сўнг уялмай-нетмай, 100 АҚШ доллари миқдорида пора беришга уринишди.

Жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили, капитан Т. А.нинг билдиргисига асосан, жорий йилнинг 19 февраль куни ўтказилган тезкор тадбирда йигитлар пулни бераётган вақтда ушланди. Уларнинг суҳбатлари ҳам телефонга ёзиб олинган эди. Бир жиноятни иккитага айлантирган йигитлар энди қилмишларига яраша жавоб беришмоқда.

 

Мол аччиғи ёмон, аммо...

Жорий йилнинг 4 февраль куни Муборак туманидаги «Ширинбулоқ» йўл-патруль хизмати масканида «ISUZU» русумли авотомашина тўхтатилди. Маълум бўлишича, унинг юкхонасига Хоразм вилояти Гурлан туманида яшовчи фуқаро Б. Р.га тегишли 150 қоп аммиакли селитра минерал ўғити ортилган экан. Юк эгаси роса типирчилаб қолди. Ахир, мол аччиғи ёмон-да. Бу ёқда 150 қоп минерал ўғит ва жиноят қуроли сифатида автомашина мусодара бўлай деб турибди-ю, ташвиш тортмай бўладими?! Сўнг секингина чўнтак кавлади...

Муборак тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси суриштирув гуруҳи суриштирувчиси, капитан Д. С.нинг билдиргисига асосан ўтказилган тезкор тадбирда юк эгаси унга 3819000 сўмни пора сифатида берган вақтда қўлга олинди.

Ҳа, селитра ҳам, унинг соҳиби ҳам кўзлаган манзилига етиб бора олмади...

 

Қўшмачининг қўш жинояти

– Энди-и-и, ўртоқ майор, бир марта кечиринг... Рози қиламиз... Ўн миллион сўм етадими?

Қўшмачи аёл тинмай ялинарди. Вилоят ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими тезкор вакили, майор Ё. Ф. унга «ён берган»дай бўлди. Аёл ўйлаб-нетиб ўтирмай, содир этган жирканч жиноятини яшириш учун 6790000 сўмни узатди. Аммо лаҳза ўтмай ўзини қонун посбонлари қўлида кўрди...

Гап шундаки, Қарши шаҳри 3-миттитуманда яшовчи, 1951 йилда туғилган, муқаддам уч маротаба судланган фуқаро И. Э. яшаш уйида фоҳишахона ташкил этиб, жорий йилнинг 26 январь куни зинокор шахсларга жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб бериб, бунинг эвазига улардан
50000 сўм пул олган вақтда ушланганди.

Қўшмачи ниятига ета олмади, ўз айбига айб қўшгани қолди, холос...

 

«Босди-босди»нинг имкони топилмади...

Жорий йилнинг 3 январь куни Қарши тумани Хонобод қишлоғида яшовчи фуқаро Ҳ. Ф. вилоят ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, Косон тумани Оқсалла қишлоғида яшовчи фуқаро Н. С. гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланаётганлигини маълум қилган.

Аризага асосан ўтказилган тадбир давомида Н. С. «харидор» Ф. Ҳ.га беш дона кўкнорини 795 минг сўмга сотгани аниқланди. Тадбир яна давом эттирилди. Навбатдаги вазифа, оғуфурушлик занжирининг аввалги ҳалқасини аниқлаш эди. Олиб борилган суриштирув ва терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Н. С. гиёҳвандлик моддасини Косон тумани Гувалак қишлоғида яшовчи Н. А.дан сотиб олгани маълум бўлди. «Дўппи тор келган»дан сўнг талвасага тушган Н. А. ишни «босди-босди» қилиш эвазига вилоят ИИБ катта тезкор вакили, майор М. С.га 10 миллион сўм пора таклиф қилди.

Майор бу хусусда билдирги билан раҳбариятга маълум қилди. Ўтказилган тезкор тадбир давомида оғуфуруш осойишталик посбонига таклиф қилган пул миқдори ҳисобидан 2340000 сўм ва 200 АҚШ долларини берган вақтда ушланди.

«Олган ҳам, берган ҳам, воситачилик қилган ҳам бирдек айбдор...» Бугун қонунчилигимиздаги бу машҳур иборани кўпчилик яхши билади ва давраларда, ўзаро гурунгларда бир-бирига уқтиришдан эринмайди. Энг қизиғи, жиноятга қўл уриб, сўнг уни хаспўшлаш эвазига яна навбатдаги жиноятни содир этиб, қонун посбонларига пора таклиф қилаётганларга ҳам бу қоида кундай равшан. Афсуски, улар «дард устига чипқон» деганларидай, яна шу «йўл»дан нажот излайверадилар. Оқибатда эса...

Ҳа, пора асло чора эмас, балки бошга битган балодир. Бу балога қарши курашиш ҳар биримиздан ҳушёрлик, масъулият ва ўз ишимизга виждонан ёндашишни талаб қилади.

Нуриддин ЭГАМОВ,

журналист.

Қашқадарё вилояти.