Тошкент метрополитени: қулай, хавфсиз ва тезкор

  • 13:08
  • 25,08-2019
  • 957
  • Улашинг

Бугун пойтахтимизнинг қай бурчига қараманг, бунёдкорлик ишларига кўзингиз тушади. Жумладан, пойтахтимизнинг Юнусобод, Яшнобод ва Сирғали туманлари ҳудудида қурилаётган метро йўллари ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бу қурилишларни кўриб, ҳар қандай кишида келажакда бутун Тошкент шаҳрини метро йўллари қамраб олса керак, деган тасаввур пайдо бўлиши табиий. Албатта, бунинг сабаби бор. Метро жамоат транспорти орасида ўзининг қулай, хавфсиз ва тезкорлиги билан ажралиб туради.

Пойтахтимизда 1977 йилда барпо этилган илк метро йўналишининг узунлиги 12,2 километр бўлиб, тўққизта бекатдан иборат эди. Ҳозирги кунда эса унинг узунлиги 39 километрга, бекатлар сони 29 тага етди. Келажакда бу кўрсаткичлар бундан ҳам ошиши кутилмоқда.

Тошкент метросига мажозан «Пойтахтнинг ер ости мўъжизаси» дея таъриф берилади. Бу бежиз эмас. Ҳар бир бекати ўзига хос, чиройли ва қулай қилиб бунёд этилган мазкур метро қурилиши учун ҳазилакам маблағ сарфланмаган. Турган гапки, яқин йилларда ишга тушадиган ер устидаги метро ҳам аввалгиларидан чиройлироқ ва қулайроқ бўлади. У ер усти мўъжизасига айланади. Бунёд этилаётган ажойиб, замонавий, янги бекатлар келгусида нафақат юртдош­ларимиз, балки хориждан ташриф буюрган меҳмонларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлиши шубҳасиз.

Юқорида таъкидлаганимиздек, метро йўналишлари узунлиги ошиши, бекатлар сони кўпайиши баробарида, шунга мос равишда ундан фойдаланувчи йўловчилар оқими ҳам ортиши табиий ҳол. Бунда эса уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, метрода турли кўнгилсиз ҳолатлар юз беришининг олдини олиш энг муҳим вазифалардан бири ҳисоб­ланади. Айнан мана шу вазифа ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ходимлари зиммасига юклатилган. Улар кўп йиллардан буён бу масъулиятли вазифани шараф билан уддалаб келишмоқда.

Ҳозирги кунда метрополитен объектларини қўриқлаш учун 238 та пост ташкил этилиб, ҳар куни бошқарманинг 300 нафардан ортиқ ходими хизмат олиб бормоқда. Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси томонидан хизмат кўрсатиш ҳудудларида жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан зарур профилактик тадбирлар амалга оширилиб, объектларда хавфсизлик тўлиқ таъминланди. Жамоат тартиби сақланиб, фавқулодда ҳолатлар ҳамда ўта оғир ва оғир турдаги жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмади.

Бошқарма шахсий таркиби томонидан метрополитен объектларида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, унга йўл қўймаслик, содир этилганларини «иссиқ изида» фош этиш борасида бир қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бунинг натижасида 6 та жиноят фош этилиб, уларни содир этган шахслар ушланди ва қонуний чоралар кўрилди. Шунингдек, ўтказилган тадбирлар натижасида суд ва тергов органларидан қочиб юрган қидирувдаги етти нафар шахс ушланиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилди.

Метрополитен хизматидан фойдаланувчи фуқаролар орасидан ноқонуний диний адабиётларни сақлаганлиги учун уч нафар шахс аниқланиб, йиғилган ҳужжатлар туман судларига тақдим этилди ва уларга нисбатан 2 миллион 230 минг сўм миқдорида жарима солинган.

Пойтахт кўркига айланган метро фақатгина йўловчи ташиш воситаси эмас, сайёҳлар учун экскурсиябоп мас­кан ҳам ҳисобланади. Шундай экан, бу ерда кўнгилни хира қиладиган турли нохуш вазиятларга ўрин қолмаслиги лозим. Бошқарма ходимлари бундай ҳолатларга вақтида чек қўйиб келишмоқда. Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида метрополитен объектларида тиланчилик билан шуғулланган икки нафар, майда безорилик содир этган бир нафар, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаганлиги учун икки нафар шахс аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Шахсини аниқлаш имконияти бўлмаган 51 нафари эса ички ишлар бўлимига топширилди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида метрополитен хизматидан 34 миллион нафардан ортиқ йўловчи фойдаланган. Шу вақтда уларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланиб, фуқаролар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ҳамда фавқулодда ҳолатлар содир этилишига йўл қўйилмаган.

– Биз учун йўловчиларнинг хавфсизлиги, уларнинг эсон-омон манзилига етиб олиши энг муҳим вазифадир, – дейди бошқарма бошлиғининг ўринбосари, полковник Бахтиёр Келдиёров – Лекин метро ходимлари томонидан ҳар бир бекатда тинимсиз огоҳлантирилишига қарамасдан, айрим йўловчилар юкларини унутиб қолдиришади, кўрганлари ҳам эътиборсиз бўлишади. Ҳамма салбий ҳолатлар эътиборсизликдан, ҳушёрликни йўқотишдан келиб чиқиши маълум. Ўтган даврда метро бекатлари ҳудуди, ер ости ўтиш йўлаклари ва электропоездларда фуқаролар томонидан 300 дан ортиқ буюм қолдириб кетилган. Ҳар бир ҳолат бўйича воқеа жойига Ўзбекистон Республикаси ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси отряди ходимлари чиқарилиб, хавфсизлик чоралари кўрилди. Қолдириб кетилган буюмлар эгаларига топширилди.

Бошқарма шахсий таркиби томонидан метрополитен транспортидан фойдаланувчи 767 нафар фуқарога, шу жумладан, хориждан ташриф буюрган 21 та сайёҳлик гуруҳига, 305 нафар йўловчига ёрдам кўрсатилди, 302 нафар таълим муассасалари ўқувчилари билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ходимларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини оширишда, уларни ҳар қандай вазиятга шай ҳолатга келтиришда тактик ўқув машғулотлари муҳим ўрин тутади. Шуни назарда тутган ҳолда, жорий йилнинг январь ойида «Беруний» бекатида, «Ўзбекистон» депосида, февраль ойида эса «Алишер Навоий», «Ғафур Ғулом» бекатларида шаҳар ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари, метрополитен ишчи-хизматчилари ҳамкорлигида ёнғинларни бартараф этиш юзасидан тактик-амалий машғулотлар ўтказилди.

Шунингдек, 22–23 апрель кунлари «Олмазор» метро бекатида шартли равишда вагондан гаровга олинганларни озод қилиш бўйича, 30 май куни эса «Чилонзор» депосида ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси отряди ҳамкорлигида портловчи моддаларни зарарсизлантириш бўйича амалий машғулотлар бўлиб ўтди.

Айни пайтда хавфсизликни таъминлаш, турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида метрополитенда замонавий техника ва коммуникация воситаларидан кенг фойдаланилмоқда. 800 дан ортиқ видеокузатув камераси ёрдамида вазият назорат қилиниб, жиноятларнинг олди олиняпти. Синов тариқасида учта бекатда юздан таниб олиш қурилмаси ўрнатилиб, унинг имкониятлари ўрганилмоқда. Айнан мана шу қурилма ёрдамида бир қанча қидирувда юрган шахслар аниқланиб, қўлга олинганини таъкидлаш жоиз. Лекин соҳа мутахассисларининг билдиришича, қанчалик замонавий техникалардан унумли фойдаланилмасин, барибир инсон омилига, тажрибали ва жисмонан чиниққан ходимларга бўлган талаб сақланиб қолаверади. Ахир, видеокузатувда аниқланган жиноятчини ушлаш ёки эҳтиётсизлиги туфайли метро йўлига тушиб кетган йўловчини қутқариш ё тоби қочган кекса кишига зарур ёрдам кўрсатиш учун ходим ўша ерда бўлиши керак-ку.

Албатта, хизматнинг самарали бўлиши ходимларга яратилган шароитга ҳам боғлиқдир. Агар қулай шароит бўлмаса, ходимнинг хизматдан кўнгли қолади. Турли муаммолар, камчиликлар қуршовида ўз вазифасига виждонан ёндашмайди. Бу эса самарадорлик пасайишига олиб келади.

Мана, бир йилдан ортиқ вақт мобайнида метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси янги жойда фаолият кўрсатяпти. Бу ерда ходимлар учун ҳамма шароит босқичма-босқич яратилмоқда. Барча хоналар кенг ва ёруғ, замонавий қилиб таъмирланган. Маънавият ва маърифат хонаси, тренажёр зали, ётоқхона, машғуотлар хонасидан айни пайтда фойдаланилаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида 150 кишига хизмат кўрсатадиган ошхона яқин кунларда ишга тушиши режалаштирилган. Келажакда шахсий таркибнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш мақсадида катта спорт мажмуаси бунёд этилади. Бу ерда катта сув ҳавзаси, тренажёр зали, баскетбол ва футбол майдони, ювиниш хонаси бўлиши назарда тутилган.

– Бошқарманинг аввалги биносида кўплаб муаммоларга дуч келардик. Хоналар зах, тор эди. Бугун эса яхши таъмирланган, барча қулайликларга эга бинода хизмат олиб боряпмиз. Шундай шароит яратиб берилгани учун раҳбариятга раҳмат, – дейди бошқармада узоқ йиллардан буён хизмат қилиб келаётган сержант Шарофиддин Мусаев.

Хулоса қилиб айтганда, бугун метро энг оммабоп ва хавфсиз жамоат транспортига айланган. Ишга, ўқишга ва эзгу мақсадлар томон ошиққан инсонлар бу транспорт воситаси орқали манзилларига ўз вақтида, бамойлихотир етиб бормоқда. Бу эса нафақат унинг қулайлиги, балки хавфсизлигидан ҳам далолатдир.

 

Фозилжон МАМАШАРИПОВ,

«Postda» мухбири.

Абу КЕНЖАЕВ олган суратлар.