Урганч тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи катта терговчиси, капитан Азамат Султонов учун бу кун оддий иш куни эди. Стол устида фуқаро А. Ашировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши. Оғир модда, жиддий қарор. 

Шу ишни «ёпиш» мақсадида Қўшкўпир туманида яшовчи фуқаро Ж. Аҳмедов хизмат хонасига кириб келди. Меҳмон гапни узоққа чўзмасдан шартта конвертни столга қўйди. Очиш шарт эмас, 20 минг «кўки», биз розимиз, деди. 

Терговчи бу ишнинг жиноят эканини унга узоқ тушунтирган, қайта-қайта рад этган эди. Бу ҳақда раҳбарларини огоҳлантирган, шу гал ҳам тинч қўймаса, хабар қиламан, деган эди.

– «Ҳаммамиз одаммиз», – деди меҳмон. 

Капитан жавоб бермади. Телефонни олди. Ўша лаҳзада хонадаги жимлик бирдан портлади. Тезкор хизматлар ходимлари пора бериш вақтида ушлаб, меҳмоннинг қўлига кишан уришди. Ҳолат расмийлаштирилиб, қонун устуворлиги таъминланди. Пул далилга айланди. Қонун эса – жазо эшигини очди.  

Нилуфар ЖАББОРОВА, 

ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.