Мақола қаҳрамони 2022-йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилиб келмоқда. У Наманган муҳандислик-технология институти битирувчиси. Техник маълумоти хизматга ёндашувида яққол сезилади: кичик сержант ҳар бир вазифани тизимли ва пухта бажаради. Автомобиллар тиғиз оқимида у шунчаки машиналарни эмас, балки эҳтимолий хавфни олдиндан ҳисоблаш ва йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш зарур бўлган мураккаб тизимни кўради. Шу билан бирга, инспектор одамларнинг руҳий ҳолатини ҳам нозик ҳис қилади. У ишончсиз бошқарув, рулдаги шошқалоқ ҳаракатлар ёки йўлакни кескин алмаштириш ортида кўпинча паришонлик, зўриқиш ва диққатнинг сусайиши яширинишини яхши билади.

— Ҳаракат суръати ниҳоятда юқори, — дейди Қ. Назаралиев. — Менинг вазифам фақат қоидабузарликни қайд этиш эмас, балки хавфни ўз вақтида бартараф этиш, ҳайдовчини тинчлантириш ва унга тўғри йўл кўрсатишдир.

Бугун инспекторлар хизмати замонавий техник воситалар билан жиҳозланган. Масалан, мобил планшетлар зарур маълумотларни кечиктирмай олиш, одатий текширув вақтини қисқартириш ва баҳсли ҳолатларнинг олдини олиш имконини беради. Бу эса асосий вазифа — ҳуқуқбузарликлар профилактикасига кўпроқ эътибор қаратишга ёрдам беради.

Суратда Қ. Назаралиев шаҳарнинг асосий кўчаларидан бири — Шота Руставели кўчасида хизмат вазифасини бажараётган пайтда тасвирланган. Реконструксиядан сўнг бу ердаги ҳаракат тартиби тубдан ўзгарди: тезкор автобус транспорти (БРТ) учун тажриба йўналиши ишга туширилди, велойўлаклар ва янги пиёдалар ўтиш жойлари барпо этилди. Янгиланган инфратузилма шароитида инспектордан янада катта эътибор талаб этилади.

Хизмат кунлари қанчалик мураккаб бўлмасин, Қаҳрамонни уйида ишончли таянчи — турмуш ўртоғи Моҳинур ва уч ёшли қизи Саъдия кутади. Оила меҳрига ўралган қизалоқ ота-онаси болалигидан сингдираётган қадриятларга ҳурмат ва ғамхўрлик муҳитида улғаймоқда.


Радик ТУМПАРОВ,

махсус мухбир.

Икром ҲАСАНОВ олган сурат.