Маълум бўлишича, ўғриликни 2001 ва 2002-йилларда туғилган икки йигит содир этган. Улар онлайн қимор ўйинлари туфайли қарзга ботиб, жиноятга қўл урган экан. 

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖХХ ЖЦБ Кинология бўлинмаси томонидан ҳудудда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиларни хизмат итлари иштирокида фош этиш борасида диққатга сазовор ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирда бўлинмамиз ихтиёрида 31 бош хизмат ити мавжуд бўлиб, уларнинг 20 таси из-қидирув, қолганлари эса гиёҳвандлик воситалари ҳамда портловчи моддаларни қидириб топиш йўналишлари бўйича хизматга тайёрланган.

Жорий йил бошидан буён бўлинма ҳамда учта минтақавий мувофиқлаштириш маркази кинологлари хизмат итлари билан бирга 147 маротаба жиноят жойларига чиқишди. Натижада 49 та жиноят айнан тўрт оёқли ёрдамчилар кўмагида «иссиқ изида» очилди. Бу кўрсаткичлар таҳлил қилинганда, уларнинг 40 таси ўғрилик, 7 таси гиёҳвандлик ва 2 таси бошқа турдаги жиноятлар эканини кўриш мумкин.

Мана яна бир мисол. Нукус шаҳрининг 61-кичик даҳасида автомашинадан пул ва ҳужжатлар ўғирлангани бўйича олиб борилган тезкор тадбирда кичик инспектор-кинолог, сафдор З.Муяддинов ўзининг «Лео» лақабли хизмат ити билан иштирок этди. «Лео»нинг тўғри йўналиш кўрсатиши натижасида ўғри кўп ўтмай ушланди. Дастлабки суриштирув жараёнида муқаддам судланган ушбу шахснинг бошқа бир нечта ўғрилик жиноятларига ҳам алоқадорлиги фош бўлди.

Ходимларимиз аэропорт ва темирйўл вокзалларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, гиёҳвандлик воситалари, портловчи моддалар, қурол-яроғ ва ўқ-дориларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш йўналишида ҳам фаол хизмат олиб боришяпти. Бундан ташқари, улар жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадидаги пиёда патруллик ҳамда оммавий-маданий тадбирларда жамоат тартибини сақлашга муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.

Албатта, юқори кўрсаткичларга эришишда ходимлар ва хизмат итларининг профессионал тайёргарлиги ўта муҳим. Шу боис яқинда 7 нафар ходимимиз ўз итлари билан Хоразм вилоятида ўтказилган из-қидирув йўналишидаги минтақавий сайёр ўқув йиғинида иштирок этиб, малака ошириб қайтди. Шунингдек, Нукус шаҳридаги хизмат итлари питомнигида режа асосида ташкил этилаётган ўқув курсларида ҳам жойлардаги соҳа вакиллари ўз касбий маҳоратларини мунтазам ошириб бормоқдалар.


Руслан УТЕУЛИЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖХХ ЖЦБ Кинология бўлинмаси бошлиғи, подполковник.