Термиз халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш алоҳида баталонида ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондони ўринбосари, полковник Н.Пирмаматов ҳамда вазирлик ҳарбий тузилмалари аппарати ходими, подполковник А.Мирҳодиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ ҳарбий қисм шахсий таркиби билан учрашди.
Унда ҳарбий интизом, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳарбий хизматчиларга яратилаётган шароитлар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига берилаётган имкониятлар ва қўшимча имтиёзлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Афғон диёрида юзага келган вазият пайтида ўз хизмат вазифасини тўла-тўкис адо этгани учун ҳам баталён ҳарбий хизматчиларига миннатдорчилик билдирилди.
– Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясига ҳукуматимиз томонидан катта эътибор қаратилаяпти, – деди ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондони ўринбосари, полковник Н.Пирмаматов. – Ҳарбий хизматчиларнинг озиқ-овқат, кийим-бош билан таъминланиши, уларни молиявий томондан қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, соғлигини тиклаш, дам олиши, уй-жой билан таъминланиши борасида кўплаб ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий маълумотли бўлисига ҳам кенг йўл очиб берилаётгани сир эмас. Жумладан, 2021-йил 61 нафар ҳарбий хизматчимизнинг 64 нафар фарзанди юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда қабул қилинганининг ўзи сўзимни тасдиқлайди.
Учрашув давомида ҳарбий хизматчиларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди, муаммолари эшитилиб, мурожаатларини ҳал этиш чоралари кўрилди.
Ўз мухбиримиз.
