Шўрчи туманидаги Жарқишлоқ маҳалласида яшовчи Озода (исмлар ўзгартирилган) фарзанди учун икки ёшгача бола парвариши учун нафақа пулини олиш мақсадида туман Пенсия жамғармаси бўлими собиқ бош ҳуқуқшунос маслаҳатчиси Наргизага мурожаат қилади. Наргиза эса тайёр хўрак топилганидан фойдаланмоқчи бўлади. У нафақа пулини тайинлаб беришни ваъда қилади, фақат таъма эвазига.
Озода унинг гапларини эри Одилжонга айтади. Одилжон бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилади.
Департаментнинг туман бўлими, туман прокуратураси ва туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Наргиза 450 минг сўм пулни олган вақтида ашёвий далил билан ушланди.
Нафс инсонни не кўйларга солмайди. Бугун муҳтожларга кўмаклашиш ўрнига ундан таъма кутадиганлар ҳам, афсуски, бор орамизда. Аммо қилмиш – қидирмиш. Киши қилган хатоси учун жавоб бермай қолмайди. Наргиза ҳам энди қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.
Ҳозирда унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
“Постда” мухбири.
Сурхондарё вилояти.
