Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгашининг 79-сессиясида сектор раҳбарлари қатори, вилоят ИИБ бошлиғи, полковник М.Миралимов ҳам баёнот берди. Бунда асосан бошқарма ва унинг қуйи тизимларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда 4 ой мобайнида ҳудудларда содир этилган жиноятлар таҳлил қилинди. Ҳар бир жиноятни маҳалланинг ўзида сектор раҳбари ва мутасадди ташкилотлар иштирокида таъсирчан муҳокама қилиш ва келгусида жиноятларнинг олдини олишга қаратилган манзилли чора-тадбирларни белгилаш борасида сўз юритилди.

Профилактик тадбирлар давомида ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахсларга алоҳида эътибор қаратилиб, ички ишлар органлари ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг профилактик ҳисобида турган 46 мингдан ортиқ шахсларнинг ҳар бири билан манзилли ишлар ташкил этилгани ҳамда улар билан суҳбатлашиш жараёнида аниқланган ижтимоий-маиший муаммолар ижобий ҳал қилингани натижасида вилоятдаги 544 та маҳалланинг 325 тасида жиноят содир этилмаганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, вилоятда йўл инфратузилмасини яхшилаш, янги йўл белгилари ўрнатиш ва йўл чизиқларини ётқизиш натижасида йўл ҳаракати иштирокчиларига қулайликлар яратиш баробарида, инсон тақдири, унинг ҳаёти ва соғлиғини асрашда ижобий натижаларга эришилаётганлиги айтиб ўтилди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда 55 та ЙТҲ қайд этилиб, бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига қадар 28 тага ёки 33,7 фоизга камайганлиги айтилди. Бундан ташқари, ўлим билан боғлиқ ЙТҲ 2 тага ҳамда тан жароҳати билан боғлиқ ЙТҲ сони 26 тага камайган.

Соҳада амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш борасида жиддий камчиликларга йўл қўйилган. Тегишли соҳа раҳбарлари ва мутасаддилар томонидан ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этишда сусткашликларга йўл қўйилганлиги натижасида 2023 йилнинг 4 ойи мобайнида вилоятда жами 1 минг 415 та жиноят қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан 21 тага ёки 1,5 фоизга, шундан жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 68 тага ёки 7,8 фоизга кўпайган. Содир этилган жиноятларнинг 702 таси ёки 49,6 фоизи Бухоро шаҳри, Ғиждувон ва Бухоро туманлари ҳиссасига тўғри келиб, ушбу ҳудудларда жиноятлар салмоғи юқорилигича қолмоқда. 

Маҳаллаларда олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан, “қизил” тоифага киритилган маҳаллалар сони ортиб бормоқда. Жорий апрел ойи ҳолатида бундай маҳаллалар сони 93 тани ҳамда “сариқ” тоифадаги маҳаллалар сони 126 тани ташкил этмоқда. Шунингдек, вилоятда жорий йилнинг 4 ойи давомида ёшлар, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар сонининг ҳам ошгани қаттиқ танқид остига олинди. 

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.