ИИВ Малака ошириш институтида “Мардлар қўриқлайди ватанни” шиори остида Касбий тайёргарлик ўқув-йиғини ҳамда бошланғич тайёргарликдан ўтаётган тингловчилар иштирокида аралаш жанг спорт тури бўйича ўз вазн тоифасида Осиё ва жаҳон чемпиони Рамазонбек Темиров билан давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда сўз олган мазкур спортчи ички ишлар органлари ходими фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда уларнинг жанговар ва жисмоний шайлиги доимо, юқори даражада бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Чунки, осойишталик посбонлари хизмат фаолияти давомида турли экстремал ҳолатларга дуч келиши, бундай вазиятларда эса у ўз хавфсизлигини таъминлаши муҳим саналади.

Шунингдек, Р. Темиров тадбир давомида ўзининг ҳаёт йўли, спорт чўққиларини забт этишдаги қийинчилик ва тўсиқларни мардонавор енгиб ўтганлиги ҳамда қўлга киритган ютуқлари тўғрисида ҳам батафсил тўхталиб ўтди.

Савол-жавобларга бой тарзда ўтган ушбу тадбир барчада катта таассурот қолдирди.

Ўз мухбиримиз.