Ўтган йили туман ИИБ ходимлари жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида кўплаб ижобий ютуқларга эришди. Жумладан, номусга тегиш жинояти умуман содир этилмади. Ўғрилик, безорилик, фирибгарлик ва иқтисодий жиноятлар ҳамда ўлим билан боғлиқ бўлган йўл-транспорт ҳодисалари сони сезиларли даражада камайди. Қувонарлиси, 11 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. 

Ҳозирги кунда «қизил» тоифага киритилган маҳаллаларда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича сектор раҳбарлари масъуллигида изчил иш олиб борилмоқда. Шунингдек, жиноят содир этишга мойил фуқаролар билан ишлаш тизими яхши йўлга қўйилган. Меҳнат билан банд бўлмаган фуқароларни иш билан таминлашга ҳам алоҳида этибор қаратилган. 

– 2022-йилнинг январ ойида янги маъмурий бинога кўчиб ўтдик, – дейди туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Дилшод Ҳусанбоев. – Замонавий талаблар даражасидаги ушбу бинода ходимлар учун барча шароитлар яратилган. 

Маъмурий бинога туташ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси ҳам замонавий анжомлар билан таъминланган. Хизмат юзасидан бу ерга келган фуқаролар учун қулай шароитлар яратилганини кўриб, очиғи, жуда қувондик. Ходимлар билан суҳбатлашиб, улар олиб бораётган хизматларидан мамнунлик ҳиссини туйдик. 

– Навбатчилик қисмини ички ишлар органларининг юраги дейиш мумкин, – дейди мазкур хизмат катта навбатчи-инспектори, капитан Жасур Саидов. – Бизнинг фаолиятимиз ҳамиша тезкорликни талаб қилади. Келиб тушган ташвишли хабарни зудлик билан қабул қилиб, тергов-тезкор гуруҳини воқеа жойига жўнатиш биринчи вазифамиз саналади. Шу сабабли биз ҳамиша сергак туриб, эл тинчлиги йўлида хизмат олиб борамиз. 

Абу КЕНЖАЕВ,

ўз мухбиримиз.