Бугун ушбу ҳудудда икки қардош халқ ўртасидаги алоқалар яхши йўлга қўйилган, аҳоли тинч ва осойишта ҳаёт кечирмоқда. Чегара масканлари эътибордан четда бўлиб келган ҳудудлар, қишлоғ-у овулларга янгича нафас олиб кирди. Оилаларга фаровонлик кирди. Иқтисодиёт, туризм соҳаси ривож топди.Албатта, бу жараёнлар ҳақида гап кетганда, ҳудудда фаолият олиб бораётган осойишталик посбонларининг заҳматли меҳнатларини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз.
«Учқўрғон» назорат-ўтказиш масканига туташ ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш Учқўрғон тумани ИИБ ЖХХ профилактика катта инспектори, маёр Мансурбек Муродов зиммасига юклатилган.
– Президент қарорига мувофиқ, чегара постидан фуқаролар ИД-карта билан муаммоларсиз қайтиб ўтиши мумкин, – дейди маёр Мансурбек Муродов. – Пост кеча-ю кундуз, дам олиш кунларисиз фаолият олиб боради. Бу ерда божхона ходимлари, чегарачилар ва ички ишлар органлари ходимлари масъулиятли вазифаларни бажариб келмоқдалар. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, чегара божхона постлари очилганидан буён ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этилмади. Статистик маълумотларга кўра, ушбу постлардан шу кунгача Қирғиз Республикасига 60 мингдан ортиқ фуқаро ўтган бўлса, юртимизга 70 мингдан ортиқ фуқаро кириб келган.
Мазкур ҳудудда хизмат ўтаётган. Мансурбек қўл жанги бўйича спорт усталигига номзод, республика мусобақаларида ғолиб бўлган, эркин кураш билан ҳам шуғулланади. Рус, инглиз, тожик тилларини мукаммал билади.
– Жисмонан кучли, бақувват, ақлан етук ходимларнинг соҳамизда фаолият олиб бориши бугунги куннинг талабидир. – Масалан, кеча-ю кундуз одамлар ҳаракатланадиган ҳудудда турли тоифадаги фуқароларга дуч келамиз. Бизнинг эътиборимиздан ҳеч нарса четда қолмаслиги керак. Юртимизга ноқонуний товарлар, гиёҳванд воситалари олиб кирилишининг олдини олишда ҳам сергаклик, ҳушёрлик зарур, – дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА,
ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
