Қўшработ тумани Иибда хизмат қилган фахрийларнинг бу галги йиғини истеъфодаги маёр Норбўта Ҳакимовнинг уйида бўлди. «Дийдор ғанимат» деб аталадиган мазкур учрашувда марҳум Комилжон Садиров ва бошқа ўтган барча ҳамкасблар хотирланиб, улар ҳақига дуо қилинди. Сўнгра хизматда биргаликда ўтказган вақтларини, дуч келган оғир ва қалтис вазиятларни эслашиб, ўтмиш хотираларидан чақчақлашишди. 

Бир вақтлар Қўшработ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг шахсий таркиб билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида хизмат қилган истеъфодаги маёр Комилжон Садиров исмига монанд кенг феъл, тафаккурли инсон бўлиш билан бирга, ташаббускор, ташкилотчи, кўпнинг бошини қовуштирадиган, ҳар бир ходимнинг яхши-ёмон кунида ёнида туриб, қалбидан жой олган инсонлар сирасидан эди. Табиатан хушмуомала, одамохун, юзидан нур таралувчи бу инсон катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиб, маслаҳат сўраганга беминнат йўл-йўриқ кўрсатарди. Қийналган кишини кўрса, қўлидан келган ёрдамини сира аямасди. 

Дейлик, агар бирон киши ғизиллаб учаётган вақт отининг жиловини бир пас тортиб, ўтмишини сарҳисоб қилса ва ўзига «Хўш, мен бу ҳаётда яшаб нима қилдим? Кимлар билан қандай муносабатда бўлдим? Кимларнинг кўнглини олдиму кимларнинг дилини ранжитдим», деган саволларни берса. Албатта, жавоб қандай бўлиши ҳар кимнинг ўзига аён бўлади. 

Аммо, шукрки, Комилжон Садиров ҳақида ҳамкасблари ва шогирдлари томонидан билдирилган фикрлардан, ҳеч иккиланмасдан амин бўламизки, у кишидан дўстлари, ҳамкасблари ва фуқаролар миннатдор бўлган. 

– Раҳматли Комилжон аканинг таниш-билишлари, дўсту ёрлари кўп эди. Жуда кўп одам сўраб келарди у кишини. Бундан ташқари, бўлимга мурожаат билан келганларни ҳам Комил акага дуч қилар эдик. Чунки Комил ака келган одамни кўриши билан, унинг нима дардда келганини сезадиган эди. Шундай бўлса-да, шикоятчининг гапини бўлмай, эринмай, диққат билан эшитарди. Сўнг маслаҳат берарди. Йўл-йўриқ кўрсатарди. Хуллас, мурожаатчи иши бица-битмаса, кўнгли кўтарилиб, хушкайфиятда кетарди. Бир куни йиғлаб келган одамнинг унинг олдидан кулиб чиқиб кетганига ўзим гувоҳ бўлганман, – деб хотирлайди туман ИИБ Навбатчилик қисмида ишлаган истеъфодаги 

маёр Абдураим Абдуллаев.

Дарҳақиқат, узоқ йиллар фидойилик билан хизмат қилган Комил Садиров ёш ходимларни тарбиялаб, кўплаб шогирдлар етиштирди. Уларнинг айримлари пенсияга чиққан бўлса-да, аксарияти бугун ҳам жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдек масъулиятли ва шарафли ишларни амалга ошириб, элимизга сидқидилдан хизмат қилишмоқда.

– Очиқ гап, ички ишлар органига кирган кишининг бу соҳага бирдан киришиб, кўникиб кетиши осон эмас, – дейди истеъфодаги маёр Норбўта Ҳакимов. – Ўзига хос қатъий тартиб-интизом, чекланмаган иш режимига мослашишнинг ўзи бўлмайди. Шундай кезда Комилжон Садиров уларга анча бағрикенглик қиларди. Кўнглига йўл топиб ёш ходимларда ишга кўникма ҳосил бўлишига ёрдамлашар, қаттиқ режимга, тартиб-қоидага мослаштириб, ўргатиб, кўниктириб оларди. 

Яхши инсонларни, устоз­ларни ёд этганда бирдан кўнгилга қувонч инади. Комил аканинг панд насиҳатлари, эзгу ишларини кўп эслаймиз. У киши «Эй жўралар, дийдор ғанимат, кўришиб турайлик, учрашиб турайлик», – деган гапни кўп айтарди, деб эслайди шогирдлари. 

Шундай кезда, дунёдан ўтган ҳамкасбларимизни, гарчанд улар бугун сафимизда бўлмаса-да, худди ёнимизда тургандек сезамиз. Инсондан фарзандлар, боғ-роғлар билан бирга, бир тутам яхшиликлар қолар экан.

Комил ака билан Сайқал аядан 4 ўғил, 1 қиз қолди. Жамшиджон Навоий Кон-металлургия комбинатига қарашли 4-сон Гидрометаллургия заводида мутахассис, Дилшодбек Паяриқ туманидаги 35-сонли ўрта мактабда ўқитувчи, Бекзод ва Дилмуродлар эса Самарқанд шаҳридаги УCЕЛЛ уяли алоқа компаниясида турли лавозимларда хизмат қилишмоқда. Қизи Манзура уй бекаси. 

Улуғбек РЎЗИЕВ,

истеъфодаги капитан.