Юксак мукофот соҳиблари

Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан мукофотланган бир гуруҳ осойишталик посбонлари орасида «Жасорат» медали соҳиби, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИОФМБ Тезкор-қидирув хизмати катта тезкор вакили, подполковник Тўлқинжон Раҳимов ҳам бор.

Одатдагидек кундалик хизмат вазифалари билан бўлиб, бундан бе­хабар қолган қаҳрамонимизга Андижон вилоятидан курсдоши, подполковник Азизбек Миносиддинов биринчилар қаторида қўнғироқ қилиб қутлайди. Шундан кейин бирин-кетин телефонлар, табриклар... Бу қувончли хабардан, айниқса, Тўлқинжоннинг ота-онаси ва яқинларининг севинчига севинч қўшилиб, бошлари осмон қадар юксалди.

– Фарзандингиз ютуқларининг сурури жуда тотли бўларкан, – дейди подполковникнинг онаси Муяссар опа. – Медални қўлимга оларканман, ахир бу ҳаммага ҳам насиб этавермайди-ку, дея боламни бағримга босдим. Берган тарбиямиз ва ўгитларимиз зое кетмаганидан ич-ичимдан севиндим.

Подполковник Тўлқинжон Раҳимов ИИВ Академиясини тугатиб, илк хизмат фаолиятини Чилонзор тумани ИИБ Жқбдан бошлаган. Устози, подполковник Парда Жияновнинг этагидан тутиб, олий таълим муассасасидан олган билимларини янада мустаҳкамлади, тажриба орттирди. Ўзининг хулқи, одоби, интизомга риоя қилиши ва топшириқларни ўз вақ­тида бажаришга бўлган интилиши билан раҳбариятнинг назарига тушди. Йиллар мобайнида «зуваласи пишган» хо­дим кўплаб жиноятларни «иссиқ изида» очишда ўз ҳиссасини қўшганлиги айни ҳақиқат.

– Соҳада фаолият юритаётганимга ўн икки йилдан ошди, бироқ бу йил мен учун жуда омадли келди, – дейди подполковник Тўлқинжон Раҳимов. – Ушбу юксак мукофотнинг масъулиятини чуқур ҳис этиб, янада шижоат ва ғайрат билан хизмат қилишим лозим. Чунки Президентимиз ва халқимиз мен каби кўп сонли осойиш­талик посбонларига ишонч билдирган. Кўксимдаги юксак мукофотни оқлаш ва унга муносиб бўлиш учун сидқидилдан хизмат қилишга ҳаракат қиламан.

 

Сарвар СОБИРОВ,

ўз мухбиримиз.

Тошкент шаҳри.