Лавҳамиз қаҳрамонлари – Чуст тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика инспектори, маёр Бурхон Назаров ва Наманган вилояти ИИБ Тиббиёт бўлими Канселярия бўлинмаси ходими, сафдор Муқаддам Ҳатамовалардир. 

Бурхон Назаров Чуст туманининг 5250 нафар аҳоли истиқомат қиладиган «Боло» маҳалласи тинчлик-осойишталиги учун масъул. У хизмат фаолияти давомида маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасида ижобий натижаларга эриша олди. Илгари «Боло» маҳалласи «қизил» тоифада эди. Маҳалла еттилигининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли ўтган йили жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Бунга эришишнинг ўзи бўлгани йўқ, албатта. Бурхон Назаров муқаддам судланганлар билан якка тартибда ишлади. Жиноят содир этишга мойил ёшлар низоли оилалар аъзолари билан профилактик суҳбатлар ўтказди. Хорижга ишлаш учун кетганлар билан телефон орқали мулоқотда бўлиб, уларнинг оиласидаги ижтимоий ҳолатни ўрганди. Кўчаларга видеокамералар ўрнатишга бош-қош бўлиб, ҳудудга келиб-кетаётганларни назоратга олди. 

Лавҳамиз қаҳрамонининг оиласидан, фарзандлар тарбиясидан кўнгли тўқ. Бунинг учун турмуш ўртоғи Муқаддамдан миннатдор. 

Ўз навбатида, Муқаддамхоннинг ҳам ишлари бадастир. У ички ишлар органларидаги илк хизмат фаолиятини Уйчи туманидаги 6-сонли тергов ҳибсхонасида бошлаган эди. Ёш ходима ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариб борди. Тергов ҳибсхонасида сақланган хотин-қизлар билан мулоқотда уларни тўғри йўлга етаклаб, суд жараёнига қадар тартиб-интизом сақлашни таъминлай олди. Намунали хизматлари учун бир неча бор Иивнинг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланди. Ҳозирда вилоят ИИБ Тиббиёт бўлимида ҳужжатларни тартиблаш, мурожаатлар билан ишлаш унинг зиммасида. 

Муқаддам нафақат хизматда намунали ходима, балки оилада чаққон келин, меҳрибон турмуш ўртоқ, масъулиятли онадир. Бу вазифаларни уддалаш унга қийинчилик туғдирмайди. Боиси, фарзандлари Мухтасар ва Муҳаммадалини тарбиялашда қайнонаси Буойшахон ая яқиндан ёрдам беради. Қолаверса, рўзғор юритиш масалаларида унга маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатади. Оилада ўзаро ҳурмат ва бир-бирини тушуниш орқали барча муаммоларга ечим топиш мумкин.

Бурхон Наманган давлат университетини тамомлаган. Ўз касбий билимларини янада чуқурлаштириш мақсадида ИИВ Академиясида сиртдан таҳсил оляпти. Бу йил мазкур олий таълим муассасасини тамомлайди. 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА, 

ўз мухбиримиз.

Наманган вилояти.