Кун қаҳрамони

Капитан Тангиров Ғиёсиддин Мавлонович 1990 йилда Самарқанд вилоятининг Паяриқ туманида туғилган. 2014 йилда Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаб, ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўмондонлиги Урганч алоҳида баталонида взвод командири ўринбосари лавозимида хизмат фаолиятини бошлаган. 2017 йилда взвод командири, 2020 йилдан буён баталоннинг тарбиявий-мафкуравий ишлар бўлинмаси бошлиғи вазифасида хизмат қилмоқда.

У хизмат фаолияти давомида шахсий таркибнинг касбий маҳорати, жанговар шайлигини ошириш, жисмонан бақувват, маънавий жиҳатдан етук бўлиши учун астойдил ҳаракат қиляпти. Айниқса, устоз-шогирд анъанаси, уларнинг бой ҳаётий тажрибаларини ёш аскарларга синчковлик билан ўргатиб боришга алоҳида эътибор бермоқда. Баталонда маънавий-маърифий, тарбиявий ишларнинг самарали ташкил этилгани боис, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳарбий хизматчилар томонидан қонунбузарлик ҳолатига йўл қўйилмади. Қолаверса, қўриқланаётган ҳудудларда жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликлар қайд этилмади.

Қаҳрамонимиз зиммасига юклатилган вазифаларни шараф билан адо этиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамда ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказилаётган турли тадбирларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Ёшлар Иттифоқи вилоят кенгашининг ташаббуси билан Урганч шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамда ҳарбий қисмлар шахсий таркиби ўртасида ўтказилган “Қувноқлар ва зукколар” беллашувида капитан Ғ. Тангиров бошчилигидаги “Лочин” жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, “Мард аскар ёшларга намуна”, “Менинг армиям-менинг фахрим”, “Энг илғор ҳарбий спортчи”, “Энг яхши китобхон”, “Энг илғор гуруҳ”, “Энг илғор гуруҳ командири”, “Энг илғор взвод” ва “Энг илғор взвод командири” номинациялари бўйича ўтказилган танловларда ҳам қаҳрамонимиз сабоғини олган ҳарбий хизматчилар совриндорлар сафидан муносиб жой олишди. 

Капитан Ғиёсиддин Тангиров хизмат фаолияти давомида қўлга киритган ютуқлари ҳамда фидойи хизмати учун қўшин қўмондони, ҳарбий қисм командири, вилоят ИИБ ҳамда Ёшлар Иттифоқи вилоят кенгаши томонидан муносиб тарзда рағбатлантириб келинмоқда.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда”мухбири.

Хоразм вилояти.

Суратларда: ИИВ ХАХТҚ Урганч алоҳида баталони бўлинма бошлиғи, капитан Ғиёсиддин Тангиров.

Саъдулла АБДУЛЛАЕВ олган суратлар.