Жамиятда ҳар хил тоифадаги инсонлар бўлади. Кимдир хатосидан тўғри хулоса чиқариб, қинғир йўлдан қайца, бошқаси ўз айбини беркитиш учун яна хатога йўл қўяди.

Жорий йилнинг 7 октябр куни Учкўприк тумани ҳудудида “Дамас” русумли автомобил ҳайдовчиси спиртли ичимлик истеъмол қилиб, уловни маст ҳолатда бошқариб юрганлиги сабабли унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашинаси жарима майдонига олиб кирилган эди. 

Бироқ, ушбу ҳайдовчи жавобгарликдан кутулиб қолиш мақсадида Учкўприк тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи инспекторига пора таклиф қилди. Инспектор унинг ҳаракатлари жиноят эканлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантиришига қарамасдан ҳайдовчи ўз фикридан қайтмади.  

Оқибатда биринчисидан ҳам аянчлироқ ҳолатга тушиб қоли. Жорий йилнинг 8 октябр куни ЙҲХГ маъмурий биносида 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далил билан қўлга тушди.

10 октябр куни Риштон тумани ҳудудида ҳам худди шундай ҳолат қайд этилди. “Дамас” русумли автомабил ҳайдовчиси спиртли ичимлик истеъмол қилиб, уловни маст ҳолатда бошқариб юрганлиги сабабли ЙПҲ инспекторлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонига олиб кирилди.

Ушбу транспорт ҳайдовчиси ҳам айбини пора билан ёпишга уринди. Жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида йўл-патрул хизмати инспекторига 200 АҚШ доллари миқдорида пул таклиф қилавериб, ҳоли жонига қўймади.

Натижада Риштон туманида жойлашган вақтинчалик сақлаш жарима майдончасида ходимга 200 АҚШ долларини берган вақтида ушланди.

Фарғона вилоят ИИБ Ахборот хизматининг маълум қилишича, энди ушбу фуқаролар қилмишларига яраша қонун олдида жавоб беришади.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.