Фахрийлар – фахримиз

Ички ишлар органларидаги фаолиятини 1973 йилда бошлаган А. Раҳимжонов Тошкент шаҳар Ииббда турли лавозимларда самарали хизмат қилиб, соҳа равнақига, қолаверса, жиноятчиликни жиловлашга муносиб ҳисса қўшди. 2000–2006 йилларда Тошкент вилояти ИИББ бош­лиғининг хизмат бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган Абдуқодир Раҳимжонов ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича мақсадли ишларнинг амалга оширилишида жонбозлик кўрсатди. 

2008 йилда Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари лавозимидан пенсияга чиққан қаҳрамонимиз соҳадаги 35 йиллик фаолияти давомида кўп­лаб шогирдлар етиштирди. 

Бугунги кунда невараларини ҳам ўзи сингари юрт корига камарбаста инсонлар этиб тарбиялаётган қаҳрамонимизнинг босиб ўтган ҳаёт йўли ёшларга ўзига хос ибрат мактаби вазифасини ўташи шубҳасиз. 

– Уч нафар фарзандимнинг изимдан бориб касбимни давом эттириши ота сифатида ҳам, ички ишлар органлари ходими сифатида ҳам менга қувонч бағишлаган эди, – дейди истеъфодаги полковник 

А. Раҳимжонов. – Аммо умри қисқа экан, кичик ўғлим Алишер Раҳимжоновнинг хасталик туфайли оламдан ўтиши биз учун оғир айрилиқ бўлди. Ҳозирда келиним, лейтенант Дилноза Содиқова Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Ииофмбда ўғлимнинг шарафли касбини давом эттиряпти...

Тошкент вилояти ИИББ Фахрийлар кенгаши аъзоси А. Раҳимжонов айни пайтда Қибрай тумани ҳокимияти маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими маслаҳатчиси – Нуронийлар кенгаши раиси лавозимида хизмат қилиб келмоқда.

Мамлакатимиз ички ишлар органларида юрт осойишталигини таъминлаш йўлида узоқ йиллар сид­қидилдан хизмат қилиб, пенсияга чиққандан сўнг ҳам она Ватанимизда бўлаётган ислоҳотларга камарбаста фахрийлар қаторида истеъфодаги полковник А. Раҳимжонов ҳам бугунги кунда хизмат жараёнида орттирган тажрибалари, ибратли ишлари билан ёшларга ўрнак бўлиб келмоқда.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

«Постда» мухбири.

Тошкент вилояти.