Ақлли, мулоҳазали кишининг сўзи ҳар ерда ўтади. У енг шимариб, шижоат билан иш бошласа, бас, хайрли ишларга йўл очилади. Ёшларни тўғри йўлга солиш, тарбиялаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, нотинч оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга кўпни кўрган, тажрибали фахрийларнинг жалб этилаётгани самара бермоқда.  

Наманган шаҳрида яшовчи истеъфодаги капитан Сайфиддин Турғунов кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтожларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга бош-қош бўляпти. Унинг ташаббуси билан йил бошидан буён ажрашиш ёқасидаги 12 та оила яраштирилди. Бунда Сайфиддин аканинг узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилгани қўл келди, десак, муболаға бўлмайди. Яъни, у муаммони ҳал этишда ўз ишига масъулият билан қаради, аниқ мақсад билан ҳаракат қилди. 

«Бир нуроний – ўн ёшга масъул» шиори остида ўтказилаётган тадбирларда фахрий ўз ҳаёт тажрибалари асосида ёшларга тўғри йўл кўрсатиб, муаммоларини ҳал этишга катта ҳисса қўшмоқда. 

– Менга бириктирилган 10 нафар ёш билан манзилли ишлар ташкил этганим самараси ўлароқ, уларнинг икки нафари мономарказга касб-ҳунар ўрганишга йўналтирилди, икки нафари ишга жойлаш­ди, – дейди Сайфиддин ака. 

Истеъфофаги капитан Сайфиддин Турғуновнинг ички ишлар органларидаги хизмат фаолияти ҳақида ҳам ижобий фикрларни билдириш мумкин. У соҳадаги хизмат фаолиятини 1983-йилда Наманган шаҳар ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлимида бошлаган. 1990–1998-йилларда мазкур бўлим 2-марказий пулти бошлиғи, вилоят ИИБ ЖХХ ЖЦБ конвойлик хизмати командири, вилоят ИИБ ЖХХ ЖЦБ хизмат итлари питомниги бошлиғи лавозимларида самарали хизмат қилди. 

Лавҳамиз қаҳрамони жамоат ишларида фаоллиги, масъулиятлилиги учун Ички ишлар вазирлигининг фахрий ёрлиғи ва «Ички ишлар органларининг фахрий ходими» кўкрак нишони билан тақдирланди. Ҳаётий тажрибаларига таяниб кўпчиликни тўғри йўлга йўналтираётган Сайфиддин ака каби фахрийларимиз билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди.  

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА, 

ўз мухбиримиз. 

Наманган вилояти.