Вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчиси, капитан Наврўзбек Саъдуллаевнинг иш юритувидаги жиноят иши бўйича айрим шахслар «енгил йўл» излади. Гаплар эҳтиёткорлик билан бошланиб, аста-секин асосий таклифга уланди. Қонунни четлаб ўтиш, ҳужжатларни «йўқотиш», ишни чўзмасдан тугатиш… Таклиф эса аниқ эди – пора.

Капитан Садуллаев бир лаҳза ҳам иккилланмади. У учун бу қарор ишдаги оддий эпизод эмас, балки виждон олдидаги имтиҳон эди. Дарҳол тегишли хизматларга хабар берилди. Тезкор тадбир натижасида пора беришга уриниш фош этилди. Қонунга хиёнат қилинмади. 

***

Ашёвий далил қўшалоқ бўлди 

Хива шаҳар ИИБ ТҚХ жиноят қидирув гуруҳининг катта тезкор вакили, катта лейтенант Шуҳрат Аминов кечки хизматда эди. У «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор профилактик тадбирида фуқаро Ж.Матниязовни героин гиёҳвандлик моддасини 

450 минг сўмга сотаётганда қўлга олди. Ашёвий далиллар билан ушланган «сотувчи»нинг қўллари титрар, кўзлари умид изларди.

– «Ёрдам беринг, ҳозир 2 минг АҚШ доллари бераман».

 Таклиф – жиноятни ёпишга эмас, балки уни янада оғирлаштиришга хизмат қилди. Пул қўлдан қўлга ўтмади. Яна бир ашёвий далилга айланди. 

 Қоғозга ўралган героин ва қоғозга ўралмаган 2 минг доллар. Оғирлиги енгил, аммо минглаб ёшларни заҳарлашга қодир оғуни эгаси билан бирга судга олиб кетишди.

Ушбу ҳикоялар газетада оддий мақола бўлар, аммо «қаҳрамонлар»нинг бу иши улар ҳаётида муҳим саҳифа бўлиб қолишига шак-шубҳа йўқ.


Нилуфар ЖАББОРОВА, 

ўз мухбиримиз.

Хоразм вилояти.